Панисломизм оқимининг вужудга келиши ўша даврда мусулмон мамлакатларида бошланган муҳим ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар, Европа капитализмнинг империалистик босқичларга ўтиши ва Шарқ мамлакатларидаги экспансиянинг кучайиши, Шарқ халқлари ўртасида мусталакачилар сиёсатига қарши норозилик ғояларининг туғилиши ва унга қаршилик кўрсатишининг бошланиши, Европа капитализмининг таъсири остида айрим Шарқ мамлакатларида буржуа муносабатларининг шаклланиши ва ривожланиши билан боғлиқ эди.
Панисломизмнинг ғоявий оталаридан бири Жамол Ад-дин Ал-Афғоний эди. Ал-Афғоний фаолиятида маърифатпарварлик катта ўрин эгаллаган бўлса-да, лекин у асосан диний ислоҳчилик мафкурчиси бўлган.
Ал-Афғоний мустамлакачилик сиёсатига қарши кураш ва Шарқ халқлаининг мустақиллигини ғоявий соҳада таълим-тарбия, илм-фанни ривожлантириш ва маърифатпарварлик масалалари билан боғлар эди. Сиёсий соҳада эса мустамлакачиларга қаршилик кўрсатиш масласини Шарқ халқларининг бирлашиши билан боғлар эди. Шу муносабат билан у ягона ислом давлатини вужудга келтириш, яъни “Исломистон” давлатини барпо этиш ғояларини илгари сурди. Кейинчалик бу ғоя ва у билан боғлиқ бўлган, Ал-Афғоний асос солган диний-сиёсий оқим адабиётда “панисломизм” деб ном олди.
“Исломистон” назарияси таҳлил қилинар экан, унинг икки томонини объектив нуқтаи назардан кўриб чиқмоқ лозим. Ўрта асрдаги араб халифалиги типидаги ислом теократик давлатни тиклаш ва XIX асрнинг иккинчи ярмида мустақил давлатларнинг ҳудудларида яшаб келаётган барча мусулмон халқларни бир давлат қилиб бирлаштиришни кўзда тутган бу назария бир томондан амалга ошмайдиган хаёлдан иборат бўлса, иккинчи томондан, халқлар ўртасида ўрта аср тартибини ўрнатишга бўлган интилиш сифатида ўта салбий харатерга эга эди. Ўша даврда мусулмонлар халифаси унвонини ўзида сақлаб келган Туркия султони Абдул Ҳамид мусулмон халқлари устидан ўз ҳукумронлигини ўрнатиш учун ана шу назариядан фойдаланишга уринди. Панисломизм ғоялари пантуркизм ғоялари билан чатишиб кетди.
Пантуркизм – бу шундай ғоявий таълимотки, унинг асосида барча туркий халқлар яшайдиган давлатларда этник, маданий ва тиллариниг бирлиги асосида сиёсий жиҳатдан бирлашиш зарурлигини тарғиб қилувчи маданий ва сиёсий ғоялар ётади.
Айни чоғда Туркистон халқлари Чор Россиясининг мустамлака зулмидан қутулиш, миллий давлатчилигини қуриш, ўз миллий-иқтисодий, сиёсий ва маданий тарққиётига йўл очишга қатъий киришгандилар. Бу жараёнларнинг етакчи кучи – миллий савдо ва саноат буржузияси ҳисобланиб, у жуда катта қийинчиликлар билан бўласада, халқимизнинг туб иқтисодий-сиёсий ва маънавий манфаатларини ҳимоя қиладиган назарий асос – жадидлар маърифатчилигини шакллантириб, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |