3. Ўзбекистонда фуқаролик жамияти тараққиётида ижтимоий шерикликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари
Бугунги кунда давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги кўплаб масалаларни ҳал қилишда муҳим омил бўлмоқда. Шу ўринда тaъкидлаш керакки, мамлакатимизда самарали фаолият олиб бораётган соҳа мутахассислари томонидан ижтимоий шерикликнинг халқаро тажрибасини ҳам ўрганиш муҳим вазифалардан биридир. Агар ривожланган хорижий давлатларнинг ижтимоий шериклик соҳасидаги тажрибасига назар соладиган бўлсак, бу йўналиш уларнинг қонунчилик ҳужжатларида ўз аксини топган. Уларда давлат органлари билан нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигининг шакллари, тартиблари, муносабатлари, қолаверса, молиялаштириш усуллари кўпгина ҳуқуқий ҳужжатларда тартибга солинган.
Ижтимоий шериклик тамойилига асосан, давлат ижтимоий адолат, фуқароларнинг фаровонлиги, уларнинг ижтимоий ҳимояси ҳақида қайғуриш мажбуриятини ўз зиммасига олиб, ижтимоий йўналтирилган сиёсатни маҳалла тизими орқали ҳам амалга ошириш мумкин бўлади. Иқтисодий ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, мавжуд муаммоларни ҳал этишда маҳалла нодавлат нотижорат ташкилотлари билан мунтазам ҳамкорлик қилади. Жамиятдаги ижтимоий муносабатлар ривожлангани сари унинг уч сектори, Яъни биринчи сектор – давлат органлари, иккинчи сектор – тижорат ташкилотлари, учинчи сектор – фуқаролик жамияти институтлари ривожланиб, уларнинг манфаатлари кенгаяди.
Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунида ижтимоий шерикликнинг асосий шакллари қуйидагилардан иборат қилиб белгилаб қўйилган: нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши; нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши; нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари вакилларининг давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоатчилик-маслаҳат органлари фаолиятида иштирок этиши; ижтимоий шериклик субъектлари томонидан биргаликда тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш; ижтимоий шериклик субъектлари томонидан ижтимоий шериклик тўғрисида битимлар ва шартномалар тузиш, биргаликдаги лойиҳалар ва режаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш; ижтимоий шериклик субъектлари ўртасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, ахборот алмашиш139”.
Бундай ривожланиш давомида ҳар учала сектор манфаатларининг тўқнашиш eҳтимоли ҳам ортади. Шу билан бир қаторда ижтимоий соҳа ижросининг тўлиқ давлат зиммасига ўтиши жамиятда давлат иштирокининг кучайиши, бюджет маблағларининг катта қисми мазкур соҳага сарфланиши, фуқаролар ижтимоий фаоллиги сусайиши каби салбий омилларда акс этиши мумкин. Шу сабабдан ҳам давлат ўз вазифаларининг бир қисмини фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, фуқаролар йиғинларига ўтказиши, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллашуви орқали фуқаролик жамияти институтлари ривожланиши, бизнеснинг ижтимоий масъулияти ортиши, бюджет харажатларининг камайиши долзарб аҳамият касб этади. Мазкур соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда учта секторнинг ўзаро изчил ҳамкорлигига эҳтиёж туғилади.
Шу мaънода, ижтимоий шериклик – ижтимоий-иқтисодий муаммо-ларни ҳал этишда учала секторнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳамда улар манфаатларининг мувофиқлашувидир. У интеллектуал потенциални, инсон, моддий-техник ва молиявий ресурсларни бирлаштириб, мавжуд муаммо ечимига йўналтириш имконини беради. Шу боисдан ҳам 2018 йилда давлат томонидан ННТ ва ОАВларининг 280 та дастур ва лойиҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишда мингдан ортиқ фуқаролик жамияти институти иштирокини тaъминлаш белгиланди140.
Ижтимоий шериклик субъектлари – келишув иштирокчилари улар ифодалаётган аҳоли қатламларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида кўриб чиқилишида истисно ҳуқуқидан фойдаланадилар. Шунинг учун ҳам 2014 йилда «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантиришда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тaъминлашда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоялашда нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлиги ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришнинг муҳим ҳуқуқий таянчи бўлиб хизмат қилади.
Нодавлат нотижорат ташкилотларни янада ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 декабрдаги “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлан-тиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига кўра, нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олиш, уларнинг ҳисобот топшириш тартибларини соддалаштириш, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзаро муносабатларининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган. Бундан ташқари, давлат божи ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ва уларнинг рамзларини давлат рўйхатига олиш учун тўланадиган йиғмалар миқдори сезиларли даражада камайтирилди, давлат рўйхатига олиш бўйича мурожаатларнинг адлия органлари томонидан кўриб чиқиш муддати қисқартирилди.
Ижтимоий шерикликнинг асосий тамойилларига қонунга бўйсунишдан, тенг ҳуқуқлилик, очиқлик ва шаффофлик, ҳаммабоплик, мустақиллик, холислик, ўзаро ҳурмат, манфаатларнинг инобатга олиниши ва масъулият, мажбуриятлар қабул қилишнинг ихтиёрийлиги ва ҳисобдорлиги киради. Мазкур тамойиллар, аввало, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш, ижтимоий фаоллигини ошириш, бандликни тaъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни ривожлантириш, атроф муҳитни, одамлар соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш каби соҳаларда амалга оширилади. Бундан ташқари, фан, тaълим, ахборотлаштириш, маданият, спортни ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, миллатлараро тотувлик ва фуқаролар тотувлиги ғояларини мустаҳкамлаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳам қамраб олади.
Ижтимоий шериклик тизими белгиланган органларнинг ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши, ижтимоий шериклик ғоя ҳамда тамойилларини амалга ошириш, ижтимоий-меҳнат ва меҳнатга оид иқтисодий муносабатларни ижтимоий консенсусга таянган ҳолда тартибга солиш каби аниқ белгиланган ижтимоий мақсадга эгa. Умуман олганда, ижтимоий шериклик тизимининг мақсад ва вазифалари қуйидаги масалаларни ҳал этишда ўз аксини топади:
бозор иқтисодий ислоҳотларни ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини тaъминлаш;
жамоа меҳнат низоларининг олдини олиш ва улар ҳал этилишига кўмаклашиш;
ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солувчи қонунчилик базасини белгиланган тартибда янада такомиллаштириш;
аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, жамиятда ижтимоий барқарорликка эришиш.
Ижтимоий шериклик иштирокчиларига ўз қизиқишлари ва умумқизиқиш йўлида бирлашишга шароит яратади. Ижтимоий гуруҳларга ривожланган мамлакатларда мобиллик, бир гуруҳдан бошқасига ўтишдаги очиқлик каби белгилар хос. Ижтимоий шериклик мутлақо аниқ ижтимоий талабдаги ижтимоий-маданий жиҳатга эгa. Янада тўлиқроқ у маданият соҳасида ижтимоий муносабатларнинг ўзига хос тури сифатида намоён бўлади, шартнома ва келишувлар, ўзаро компромиссларга eришиш, ривожланиш бўйича долзарб муаммолар юзасидан ягона позицияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан келишувга эришиш ва ишчилар ҳамда иш берувчилар, давлат органлари ва аҳолининг қизиқишлари учун цивилизацион курашишга асосланади. Айни вақтда кучли ва ҳаётга яроқлиликни сақлаб қолган ҳолда маданият ижтимоий организмга тез ўзгарувчи оламга адекват тaъсирланишга имкон беради.
Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий шериклик инновацион ривожланишни ташкил қилувчи асосий eлементлардан биридир. Ижтимоий масъулият ошиб бориши динамикасида ҳукуматнинг касаба уюшма ташкилотлари ҳамда маданият муассасалари билан шериклик муносабатларининг ривожи долзарблашади. Ижтимоий шерикликнинг ривожи тaълим соҳасида тўғридан-тўғри ёки нисбий иштирок этувчи моддий, молиявий, барча субъектларнинг интеллектуал имкониятларини бирлаштиришни талаб этади. Маданият соҳаси тараққиётида шаклланиб бўлган корпоратив маданиятни тўғри баҳолаш, айниқса, аҳамиятли. Шунингдек, икки эҳтимолий муқобил йўллардан бирини танлаш талаб этилади: эволюцион ва революцион (инқирозли). Ички корпоратив ижтимоий шериклик аниқ ташкилот маданий ривожиланиши жараёнида ҳам, социум маданий парадигмаси шаклланиши усул ва воситаларни танлашда ҳам роли тобора кучайиб бормоқда. Ижтимоий шериклик, ўз моҳиятига кўра, консенсус, жамиятда тинчлик, барқарорлик ҳамда турли ижтимоий гуруҳлар ўртасидаги муносабатлардаги тарангликни камайтиришга ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |