2-mashg’ulot. Xalq maqollarining tasnifi. Matallardan farqi. 2-soat.
Reja
Maqol janrining o’ziga xos belgilari. Matal, topishmoqlardan farqi.
Maqollarning tasnifi:
1) alfavit tartibi;
2) mavzu jihatidan tasnif;
3)poetik tasnif;
4) tarixiy tasnif;
5) tuzilishiga ko’ra tasnif.
3. Maqollar poetikasi. Badiiy ko’chimlarning ishlatilishi.
МАҚОЛЛАР
Тил, фалсафа ва бадиий ижоднинг ўзига хос ҳодисаси сифатида юзага келган халқ мақоллари фольклорнинг ихчам шакли, аммо теран мазмунга эга бўлган бир жанридир. Ҳар бири тилимиз кўркини, нутқимиз нафосатини, ақл-фаросат ва тафаккуримиз мантиқини ҳайратомуз бир қудрат билан намойиш этган ва эта оладиган бундай бадиият қатралари халқимизнинг кўп асрлик ҳаётий тажрибалари ва маиший турмуш тарзининг бамисоли бир ойнасидир. Бу бадиий ойнада унинг ҳаётга, табиатга, инсон, оила ва жамиятга муносабати, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, ахлоқий-эстетик ва фалсафий қарашлари, қисқаси, ўзи ва ўзлиги тўла намоён бўлгандир. Шунинг учун ҳам мақоллар ғоятда кенг тарқалган бўлиб, асрлар давомида жонли сўзлашув ва ўзаро нутқий муносабатларда, бадиий, тарихий ва илмий асарларда, сиёсий ва публицистик адабиётда доимий равишда қўлланилиб келган ва қўлланилмоқда. Йиллараро, даврлараро уларнинг янгилари яратилиб турган, эскиларининг – жонли муомалада, тилда мавжудларининг маъно доираси кенгайиб ёки торайиб борган. ҳатто уларнинг муайян қисми унутилиб кетган. Чунки ўзбек халқининг бундай улкан фольклор мероси фольклористик нуқтайи назардан кейинги асрларгача деярли тўпланмай ва ўрганилмай келган. Бундан халқ мақоллари ўтмиш адиблари, шоирлари, тарихчилари эътиборидан мутлақо четда экан, деган хулоса чиқармаслигимиз керак.
Мақолга адабий нуқтайи назардан қизиқиш, асар бадиийлигини ошириш ва бадиий тил равонлигини таъминлаш учун ундан фойдаланиш ҳамма замон сўз санъаткорларининг диққат марказида бўлган.
Юсуф Хос Ҳожиб, Амад Яссавий, Рабғузий, Лутфий, Алишер Навоий, Бобур, Абулғози Баҳодирхон, Мунис, Огаҳий, Нодира, Муқимий, Фурқат, Аваз, Ҳамза, Садриддин Айний, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом ва бошқа ўнлаб ижодкорларнинг асарлари синчиклаб ўрганилса, уларнинг таркибида қанчадан қанча мақоллар баъзан айнан, баъзан ўзгарган ҳолда мавжудлигига ишонч ҳосил қиламиз. Тарихимизда ҳатто мақолга махсус, агар таъбир жоиз бўлса, фольклористик нуқтайи назардан, гарчи эпизодик характерда бўлса-да, муносабатда бўлинган ҳолларга ҳам дуч келамиз. ХI асрнинг улкан тилшунос олими, фольклоршунос ва этнограф Маҳмуд Қошғарийнинг тўпловчилик фаолияти ва унинг “Девони луғотит турк” асари бунга ёрқин мисол бўла олади. “Девон”да турли муносабатлар билан туркий халқлар орасида кенг тарқалган 400 га яқин мақол ва маталлар ҳам келтириладики, уларнинг аксарияти бугун ҳам айрим ўзгаришлар билан тилимизда муваффақиятли равишда ишлатилмоқда.
Бу ўринда адабиётимиз тарихида мақоллар асосида яратилган асарлар ҳам мавжудлигини таъкидлаб ўтиш зарур. Масалан, Муҳаммад Шариф Гулханийнинг “Зарбулмасал” асари таркибида 300 дан ортиқ мақол бор. Ёки, Сулаймонқул Рожий ўзининг “Зарбулмасал” асарида 400 дан ортиқ мақолни шеърий вазнга солганлиги ҳам эътиборга лойиқ ҳодисадир.
Ўзбек халқ мақолларига муайян бир тартиб бериб, мажмуа ва хрестоматияларга киритиш, улардан махсус тўпламлар тузиш ишлари эса ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан бошланди. Масалан, венгер олими Ҳ.Вамберининг 1867 йилда Лейпцигда нашр этилган “Чиғатой тили дарслиги” хрестоматия – луғатига ўзбек фольклори ва адабиётининг айрим намуналари қатори 112 та мақол киритилган бўлиб, уларнинг немис тилига таржимаси ҳам берилган. Шундан кейин бирин-кетин Н.Остроумов (1895), Б.Раҳмонов (1924), Ш.Жўраев (1926), Ҳ.Зарифов (1939, 1947), Б.Каримов (1939), Ш. Ризаев, Ў.Азимов, Ў. Холматов (1941), М. Афзалов, С.Иброҳимов, С.Худойберганов (1958, 1960, 1965, 1978), Р. Жуманиёзов (1964, 1967, 1970), Э.Сиддиқов (1976, 1986), Б.Саримсоқов, И.Ҳаққулов, А.Мусоқулов, Р.Зарифов (1978), Б.Саримсоқов, А.Мусоқулов, М.Мадраҳимова (1981, 1984), Ш. Шомақсудов, Ш.Шораҳмедов (1987, 1990, 2001), Т. Мирзайев, Б.Саримсоқов, А Мусоқулов (1989) каби фольклоршунослар, фан ва маданият ходимлари томонидан тузилган турли характердаги ва турли ҳажмдаги мақоллар тўпламлари нашр этилди. М.Абдураҳимов, Х.Абдурамонов, М.Содиқова, Ҳ.Кароматов, К.Кароматова, Ҳ.Бердиёров, Р.Расулов каби олимларнинг тилшунослик ва таржимашунослик йўналишидаги тўпламлари юзага келди. Шунингдек, Й.Чернявский, В.Рўзиматов (1959), Н.Гатсунайев (1983, 1988), А.Наумов (1985) каби таржимонларнинг меҳнати билан ўзбек халқ мақоллари рус тилида ҳам айрим-айрим тўпламлар сифатида босилиб чиқди.
Турли даврлар, турли йилларда бундай тўпламларнинг нашр этилиши халқ мақолларини тўплаш, уларга муайян бир тартиб бериш, улардаги умуминсоний ғояларни тарғиб қилишда катта аҳамиятга эга бўлди. Бу тўпламлардаги фактик материаллар, асосан, бир-бирини такрорлайди. Шунга қарамай, улар материалнинг ҳажми, танланиши, мавзуларга ажратилиши жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади. Масалан, М.Афзалов бошчилигида тайёрланган тўпламнинг кейинги нашрига 2500 дан ортиқ мақол 34 мавзуга бўлиб берилган бўлса, Р.Жуманиёзов тўпламининг сўнгги нашрида 1047 мақол 22 мавзу остида жамланган. Ёки Б.Раҳмонов тўпламига 564, Ш.Жўраев тўпламига 711 мақол киритилган, холос.1
Халқ мақоллари мукаммал бадиий ижод намунаси сифатида адабиётшунослар, фольклоршунослар томонидан ўрганилган. Олимлар қадимги шоҳлардан Абос Сафовий амри билан мақол ва маталларимиз бир жойга жамлангани ҳақида маълумот берадилар. Афсуски, бу мажмуа бугунги кунда йўқолган. Ўтган асрда ўнлаб мақоллар тўплами эълон қилинди. “Ўзбекча оталар сўзи” (1924), “Мақоллар ва ҳикматли сўзлар” (1939), “Оталар сўзи–ақлнинг кўзи” (1947), “Ўзбек халқ мақоллари” (1978), “Ўзбек халқ мақоллари” (2 жилдлик, 1987–1988) кабилар шулар жумласидандир. Уларни тўплаш, нашрга тайёрлаш, тадқиқ этишда аввал Ходи Зарифов, Буюк Каримов, Ғози Олим Юнусов, Ғyлoм Зафарий; кейинчалик Охунжон Собиров, Зубайда Хусайнова, Ғани Жаҳонгиров, Ражаб Жуманиёзов, Тўра Мирзаев, Баҳoдиp Саримсоқов, Малик Муродов, Иброҳим Ҳаққулов, Асқар Мусақулов, Р. Зарифов каби олимлар муносиб ҳисса қўшдилар.2
Мақоллар кўп асрлик ҳаётий тажрибалар, доимий кундалик кузатишлар хулосасини тугал фикр тарзида қатъий қутбийликда ифодалар экан, уларда ҳар бир сўзнинг маъно хилма-хиллиги, ибораларнинг турғунлиги, шаклий барқарорлик устунлик қилади. Аммо қўлланиш ўрнига қараб уларнинг маъно доираси доимий равишда кенгайиб боради. Шунинг учун ҳам мақолдаги ҳар бир сўзга алоҳида эътибор бериш керак. Уларда шундай сўзлар борки, бу сўзлар тарихан бутунлай бошқа маъноларни англатган. Масалан, туз сўзи бугунги кунда минерал моддани билдиради. Тарихан бу сўз тўғри, одобли; дала, текислик маъноларини англатган ва фақат мақоллардагина сақланиб қолган:
Do'stlaringiz bilan baham: |