Шарқий-Африка материкнинг катта қисмини, Сахара чўлининг жанубини ва жанубий тропиккача бўлган майдонни эгаллайди. Бу ерда саванналар ва тизма тоғлар ландшафти шаклланган. Африка саванналари ташқи кўриниши билан Евроосиёдаги ўрмон даштларига ўхшайди. Хилма-хиллик ўтчил ўсимликларда нисбатан кам, дарахтларда эса аксинча юқори. Жуда кенг майдонларда баланд ўсувчи ўтчил қопламлар орасида якка-якка ёки бир жойда гуруҳ ҳолида йирик баобаблар, баланд акациялар, мимозалар ва бошқа дарахтлар учрайди. Нисбатан кўпроқ намланувчи жойларда ўрмонлар, қуруқ жойларда эса паст бўйли ўтчил ва чўллашган саванналар ривожланган. Мавжуд барча формацияларнинг ўзига хослиги даврий ёғингарчиликлар билан узвий боғлиқ. Қуруқ ва нам мавсумларнинг навбатлашиб туриши саваннада яшовчи организмларнинг ҳаётий ритмларини белгилаб беради ва ҳайвонларда аниқ ифодаланувчи адаптацияларнинг шаклланишига сабаб бўлади.
Кўпгина ҳашаротлар, амфибиялар ва баъзи рептилияларда анабиоз ҳолат анча узоқ муддатни эгаллайди. Қушлар миграцияси ва йирик ўтхўр ҳайвонларнинг кўчиб ҳаёт кечириши кенг тарқалган бўлиб, бундай хусусиятни ҳам намликнинг мавсумий тақсимланиши билан тушунтириш мумкин.
Ўтчил ўсимликларнинг кўплиги сабабли бу ерда йирик ўтхўр ҳайвонлар ва айниқса, кўп сондаги туёқлиларни учратиш мумкин. Туёқлиларнинг умумий тур сони саванналарда 70 дан ортиқ бўлиб, уларнинг асосий қисмини антилопалар ташкил этади ва уларнинг энг характерли гуруҳи саваннада кенг тарқалган гну антилопалари галасидир. Мазкур турлар ҳар йили ўсимликларнинг даврий вегетациясига боғлиқ ҳолда узоқ масофаларга миграция қилишади. Гнулар билан бирга зебралар ҳам миграцияда қатнашишади. Томпсон ва грант антилопаларида ҳам шундай миграциялар кузатилади. Қайд этилган турлар типик ўтлоқ ҳайвонларидир. Саваннада бута ўсимликлари билан озиқланувчи турлар (канна), дарахт-бутали саванналарда ҳамда қояли жойларда тоғ ва қоя даманлари яшайди.
Турли ўтхўрлар озиқа бўлувчи ўсимликларнинг турли поғоналари билан озиқланишга мосланишлар ҳосил қилишган. Гну антилопалари ерга яқин жойлашган ўтлардан, зебра бошоқлиларнинг юқори қисмидан, қора каркидон буталарнинг 1 метргача бўлган қисмидан, африка филлари 2-4 метргача бўлган ўсимлик поғоналаридан ва ниҳоят энг юқори поғонадан жирафалар озиқа сифатида фойдаланади ва дарахтнинг соябонсимон шаклга киришига сабаб бўлади.
Назорат топшириқлари. 1. Харитадан фойдаланиб Эфиопия зоогеографик областининг географик ўрни ва табиий шароити тўғрисида сўзлаб беринг? 2. Областнинг экологик шароитларини ҳайвонларнинг яшаш муҳити сифатида тавсифланг? 3. Эфиопия фаунасига хос хусусиятлар нималардан иборат? 4. Эфиопия фаунасига тегишли турларга мисол келтиринг? 5. Шарқий-Африка, Ғарбий-Африка ва Жанубий-Африка фауналарини қиёсий тавсифланг ва таҳлил қилинг? 6. Эфиопия зоогеографик области фаунасини бошқа областлар фаунаси билан солиштиринг? 7. Эфиопия фаунасига антропоген омилларнинг таъсирини баҳоланг? 8. Област фаунасининг муҳофазаланиши тўғрисида нималарни биласиз?