6.1. Молиявий ҳисоботнинг таркиби ва уни тузишни ташкил этиш 1
6.2. Бухгалтерия балансининг тузилиши ва унинг таркиби 4
6.3. Асосий воситаларнинг ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни тузиш 6
6.4. Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботни тузиш ва уни тўлдириш 7
6.5. Хусусий капитал тўғрисидаги ҳисоботни тузиш 11
Молиявий ҳисобот – хўжалик юритувчи субъектлар томонидан маҳсулот (иш ва хизмат) лар сотиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар мажмуи бўлиб, у субъектнинг молиявий -хўжалик фаолиятининг ҳолатини маълум давр (чорак, йиллик) га қиймат кўринишида акс этишидир. Ҳисобот ахборотлари сотилган маҳсулот (иш ва хизмат) лар, ишлаб чиқариш харажатлари, хўжалик маблағлари ва уларнинг ташкил топиш манбалари, ишларнинг молиявий натижалари, солиққа тортиш ҳамда дивидендлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.
Ҳисобот маълумотлари бўйича корхона раҳбари мулкдорлар, таъсисчилар, бошқарув ва назорат тизими, юқори ташкилотлар олдида ҳисобот берадилар.
Биринчи навбатда шуни айтиш жоизки, корхоналар мажбурий тартибда қуйидаги фойдаланувчиларга чорак ва йиллик ҳисоботини топширади: таъсис ҳужжатларига биноан мулкдорларга; давлат солиқ инспекциясига; Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига биноан корхона фаолиятининг айрим томонларини текшириш ва тегишли ҳисоботни олиш вазифалари юклатилган бошқа давлат органларига. Амалдаги қонунга биноан:1
барча корхона ва муассасалар учун 1- январдан 31- декабргача бўлган давр ҳисобот йили ҳисобланади;
янги ташкил этилган корхона ва муассасалар учун биринчи ҳисобот йили бўлиб, улар юридик ҳуқуққа эга бўлган санадан шу йилнинг 31- декабригача бўлган давр ҳисобланади. 1- октябрдан кейин ташкил этилган корхоналар учун уларнинг юридик ҳуқуққа эга бўлган санадан кейинги йилнинг 31- декабригача бўлган даврни биринчи ҳисобот йили деб ҳисоблашга рухсат берилади;
корхоналар чораклик ва йиллик бухгалтерия ҳисоботларини ўзбекистон республикаси молия вазирлиги томонидан белгиланган муддатларда топширадилар.
Ҳисобот раҳбар ва бош бухгалтер томонидан имзоланади ва корхонанинг хўжалик фаолияти натижалари, мулкий ва молиявий ҳолати тўғрисидаги йиллик бухгалтерия ҳисоботидан фойдаланувчилар учун очиқ бўлиб матбулотда эълон этилиши мумкин. Эълон қилинганган ҳисоботнинг тўғрилиги мустақил аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланади.
Корхонанинг йиллик бухгалтерия ҳисоботи тегишли ташкилотларга топширилишидан олдин таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Қонунга мувофиқ йиллик ҳисоботнинг қуйидаги шаклларини тузиш назарда тутилган:
1- «Корхона баланси»;
2- «Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот»;
3- «Асосий воситалар ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот»;
4- «Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот»;
5- «Хусусий капитал тўғрисидаги ҳисобот».
Ушбу ҳисоботларга қўшимча ҳолда «Дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрисида маълумот» ҳам топширилади.2 Шунингдек, ҳисобот шаклларига изоҳлар, ҳисоб – китоблар ва тушунтиришлар илова қилинади.
Баланс чорак ва йиллик ҳисобот таркибига киритилади. Бу «нетто» номли баланс бўлиб, фойдаланувчиларга корхонанинг соф қийматининг ҳажми тўғрисида ахборот беради, чунки мулкнинг қиймати жами кўрсаткичга қуйидаги моддалар бўйича эскиришини чиқариб ташлаб кўрсатилади: асосий воситалар, номоддий активлар ва бошқалар, фойда суммаси эса, жамига фақат ҳисобот даврида тақсимланмаган фойда ҳажмига қўшилади. Лекин хўжалик фаолиятини таҳлил этиш мақсадида балансда қуйидаги кўрсаткичлар сақланиб қолган: дастлабки қиймат ва уларнинг эскириши, олинган фойда.
Шуъба корхоналари, филиаллар ва вакилликларига эга бўлган корхоналар консолидаллашган молиявий ҳисобот тузади. Шуъба корхоналарга қўйилган қўйилмалар бош корхонанинг молиявий ҳисоботида унинг молиявий қўйилмалари сифатида акс эттирилади.
Юридик шахслар ўзларининг филиаллари, вакилликлари ва бошқа структуровий бўлинмаларини мустақил балансга ажратиши мумкин, лекин уларнинг баланси ва бошқа ҳисобот шакллари тегишли юридик шахснинг консолидаллашган ҳисоботига албатта қўшилади.
Консолидаллашган ҳисоботга бош корхонанинг молиявий ҳисоботи илова қилинади. Консолидаллашган ҳисобот 8 –сонли миллий стандартга биноан тузилади.3 Лекин вазирликлар, идоралар ва бюджет ташкилотлари бўйича тузиладиган йиғма молиявий ҳисоботлар бундан мустасно.
Йиллик молиявий ҳисобот қуйидаги ҳажмида топширилади:
бухгалтерия баланси (1-шакл);
молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-шакл);
асосий воситалар ҳаракати тўғрисида ҳисобот (3-шакл);
пул оқимлари тўғрисида ҳисобот (4-шакл);
хусусий капитал тўғрисида ҳисобот (5-шакл);
дебитор ва кредитор қарзлари тўғрисида маълумот (2-а-шакли).
Кичик корхоналар ва микрофирмалар фақат қуйидаги шакллардан иборат бўлган йиллик молиявий ҳисобот топширади:
а) бухгалтерия баланси (1-шакл);
б) молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-шакл);
е) дебитор ва кредитор қарзлари тўғрисида маълумот (2-а-шакли).
Хўжалик юритувчи субъектларнинг йиллик молиявий ҳисоботи қизиқувчи банклар, биржалар, инвесторлар, кредиторлар ва бошқалар учун очиқ ҳисобланади.
Очиқ типдаги акционер жамиятлар, суғурта компаниялар, банклар, фонд ва товар биржалари, инвестиция фондлари ва бошқа молиявий муассасалар, ҳисоботда келтирилган маълумотлар тўғрилигини аудиторлар томонидан тасдиқлангандан сўнг, йиллик молиявий ҳисоботини ҳисобот йилидан кейинги йилнинг биринчи майигача албатта матбуотда эълон қилиниши керак.
Хўжалик юритувчи субъект тугатилганда тугатиш бўйича молиявий ҳисобот тузади. Корхонани тугатилиши бўйича муомалаларнинг бухгалтерия ҳисоби, тугатиш баланси ва ҳисоботини тузиш, активлар қийматини аниқлаш ишлари тугатиш комиссиясига юклатилади. Шубҳасизсиз қарзлар ва зарарлар тугатиш балансига қўшилмайди.
Тугатиш балансида мажбуриятлар уларнинг қайтариш вақтига ҳисобланган фоизлар билан бирга акс эттирилади. Корхона балансининг актив ва мажбурият моддалари синчиклаб ўтказилган инвентаризация билан асосланиши керак.
Молиявий ҳисоботларни ўз вақтида тузишни таъминлаш учун бухгалтериянинг барча бўлимлари ишларини бажариш муддатларини кўрсатиб йиғма иш графиги тузилади. Бухгалтерия ҳисоби қўлда юритилса, график билан белгиланган муддатларда журнал - ордерларнинг жами чиқарилади, зарур бўлса бир регистрдаги сумма бошқа регистрларга ўтказилади ва ҳар бир счетнинг обороти муқобил текширилади. Журнал - ордер шаклида ҳисоб юритилганда ой охирига қолган суммаларини ўтказиш ва ҳисоб регистрларини якунлаш бўйича ҳисоб ишларининг кетма - кетлиги қуйидагича:
маълумотнома - варақаларидан дебет ва кредит оборотлари журнал - ордерлар ва қайдномаларга ўтказилади, бунда расшифровка - варақалари ва журнал ордерларда тегишли белгилар қўйилади;
5010- счетининг дебети бўйича 1- қайднома ва 5110- счетининг дебети бўйича 2- қайдномаларнинг йиғиндиси 3, 10/1, 13- журнал ордерларига ўтказилади;
7, 12, 14, 15, 16, 17 ва бошқа қайдномаларнинг аналитик ҳисоб йиғиндиси ҳисоблаб чиқарилади, шундан кейин жами маълумотлари тегишли журнал - ордерларда акс эттирилади;
журнал ордерларнинг кредит оборотлари жами ҳисоблаб чиқилади.
Агар журнал - ордерларда счетлар бўйича аналитик маълумотлар акс эттирилган бўлса, маълумотлар жамлаб чиқилади ва кейинги ой бошига қолдиқ аниқланади, боғланувчи счетлар бўйича алоқаси бор счетларнинг турли регистрлари жами таққосланади. Масалан, 1- журнал - ордердаги 5010- счетининг жами 2- қайдномадаги 5010- счети жами билан таққосланади. Бундай кўрсаткичларни таққослаб текшириш барча журнал - ордерлар бўйича бажарилади.
Бундан кейин маълумотлар журнал - ордерлардан бош дафтарга ўтказилади. Ундан кейин ҳар бир синтетик счет бўйича дебет оборотлари чиқарилиб кейинги ойнинг 1- кунига қолдиЁи чиқарилади. Бош дафтарга маълумотлар фақат журнал - ордерлардан олиб ёзилади.
Журнал - ордерлар маълумотлари Бош дафтарга ўтказилгандан сўнг журнал - ордерларда қуйидагича изоҳ берилади: «Оборотлар суммаси Бош дафтарда акс эттирилди» ва санаси ҳам ижрочи ва бош бухгалтернинг имзолари қўйилади.
Бош дафтарда счетларнинг қолдиғи чиқарилгандан сўнг улар аналитик маълумотлар билан текширилади, журнал - ордер шаклининг регистрлари маълумотлари бўйича баланс ва бошқа ҳисобот жадваллари тузилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |