Фуқаролик жамияти – ўзини ўзи ривожлантирувчи ва ўзини ўзи бошқарувчи тизим. Индивидлар ҳар хил ташкилотларга бирлашиб, бир-бири билан ранг-баранг муносабатлар ўрнатиб, ўзларининг баъзан қарама-қарши манфаатларини рўёбга чиқариб, жамият сиёсий ҳокимият кучига эга бўлган давлатнинг аралашувисиз уйғун ва изчил ривожланишини таъминлайдилар. Фуқаролик жамияти ўзининг давлатдан мустақил ўзини ўзи ривожлантириш ички манбаларига эгадир.
Фуқаролик жамияти – ҳуқуқий демократик давлат билан уйғунликда яшайди. Бу ерда инсон ва фуқаронинг табиий ва ўзлаштирилган ҳуқуқларини тан олиш, таъминлаш ва ҳимоя қилиш боғловчи омил сифатида амал қилади.
Фуқаролик жамиятининг асосий унсури айрим шахс бўлса, фуқаролик жамияти институтлари, ташкилотлар, гуруҳлар ва ҳоказолар уни шакллантирувчи омиллардир. Улар шахс, унинг манфаатлари, мақсадлари, ниятлари ва ҳоказоларни рўёбга чиқаришга кўмаклашади. Шу сабабли иқтисодий ва сиёсий ҳокимиятни ажратиш, ҳақиқий фуқаролик жамиятининг юзага келиши ва қарор топишининг бош омили ҳисобланади. Иқтисодий ҳокимият сиёсий ҳокимият билан қўшилганида муқаррар тарзда иқтисодий ҳокимиятнинг бир марказ, бир одам ёки шахслар гуруҳи қўлида жамланиши юз беради. Агар сиёсий ва иқтисодий ҳокимиятлар турли марказлар, қўлларда жамланса, улар бир-бирини чеклаб туради.
3.Фуқаролик жамияти - тараққиётнинг юқори босқичи сифатида
“Фуқаролик жамияти” ва “ҳуқуқий давлат” тушунчаси биргаликда XVIII асрда пайдо бўлган. Одамлар ҳаёти ва фаолиятининг икки томони: уларнинг шахсий манфаатлари, ташаббуси, ихтиёрий фаолияти жабҳаси ва одамлар хулқ-атвори давлатнинг хоҳиш-иродасига бўйсунувчи халқ ҳокимияти жабҳаси шу тушунчалар билан ифодаланди.
Фуқаролик жамияти ҳокимиятнинг оқилоналиги ва одилоналиги, шахс эркинлиги ва фаровонлиги ҳақидаги ғояларнинг ҳуқуқий устунлиги, ҳуқуқ ва қонуннинг бирлиги, давлат ҳокимиятининг турли тармоқлари фаолиятини ҳуқуқий чегаралаш ғоялари билан муштаракдир.
Ҳуқуқий давлатни фуқаролик жамияти ривожланишининг натижаси ва унинг ўзини ўзи янада такомиллаштириши омили деб ҳисоблаш мумкин. Ҳуқуқий давлатчиликнинг шаклланиш жараёни, ҳеч шубҳасиз, анча узоқ вақт давом этади. У фуқаролик жамияти шаклланиши билан бирга такомиллашиб боради. Ҳар бир давлатда бўлганидек, ҳуқуқий давлат ҳокимиятининг суверенлиги ҳам мамлакат ичида унинг барча фуқароларга ва улар ташкил этувчи нодавлат ташкилотларига нисбатан устунлигида ва ундан ташқарида давлатнинг ташқи сиёсатни юритиш, бошқа давлатлар билан муносабатлар ўрнатишда ва мустақиллигида намоён бўлади.
Етук фуқаролик жамиятисиз ҳуқуқий демократик давлат қуриш мумкин эмас, чунки онгли эркин фуқароларгина кишилик жамиятининг энг оқилона шаклларини яратишга қодирдирлар. Шундай қилиб, фуқаролик жамияти эркин индивид ва марказлашган давлат хоҳиш-иродаси ўртасида боғловчи бўғин ҳисобланса, давлатнинг вазифаси парчаланиш, тартибсизлик, танглик, таназзулга қарши иш кўриш, эркин шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |