16-МАВЗУ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ САЙЛОВ ТИЗИМИ
1-казус
2014 йил октябрда фуқаро Р.Рашидов сайлов участкасига мурожаат қилиб ўзини сайловчилар рўйхатига киритиб қўйишини сўрайди. Участка раиси унга аниқ сайловчилар миқдори бор эканлигини, сайловчилар рўйхатга олинган вақтда у яшаш жойида бўлмаганлиги туфайли киритилмаганлигини таъкидлайди. Ўз навбатида, Р.Рашидов бир кун аввал Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлганлигини ва барча фуқаролар каби сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эгалигини айтиб ўтди. Сайлов участкаси раиси Р.Рашидов билдирган важларга эътибор қаратмасдан, рўйхатга олиш жараёни якунланганлигини ва рўйхат юқори турувчи комиссияга тақдим этилганлигини маълум қилди. Р.Рашидов юзага келган ҳолат бўйича жиноят ишлари бўйича туман судига шикоят аризаси билан мурожаат қилди.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.
2-казус
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 116-сайлов округидан номзоди кўрсатилган А.Набиевнинг ишончли вакили Б.Алиев сайлов участкаси биноси олдида овоз бериб чиққан сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштираётган пайтда комиссия аъзолари унинг бу ҳаракати қонунга зид эканлиги тўғрисида огоҳлантиришди. Б.Алиев сайловчиларни овоз беришига ноқонуний таъсир ўтказмаётганлигини, фақат кимга овоз берганликлари билан қизиқиб, қонунчиликда назарда тутилган “экзит-полл” ўтказаётганлигини маълум қилди. Овоз бериш жараёни якунлангандан сўнг эса овозларни санаб чиқишда иштирок этиши лозимлигини маълум қилди. Участка сайлов комиссияси ишончли вакилга участка комиссиясига киришга рухсат бермади. Бундан норози бўлган Б.Алиев округ сайлов комиссиясига шикоят қилди.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.
3-казус
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига бўлиб сайлов натижаларига кўра, ҳеч бир номзод қонунда назарда тутилган етарли овозларни тўплай олмаганлиги туфайли 35 та сайлов округида такрорий овоз бериш ҳамда 5 та сайлов округидан сайловлар жараёнида қонун бузилишларига йўл қўйилганлиги туфайли такрорий сайлов ўтказиш зарурлиги маълум бўлди.
Бошқа сайлов округлардан сайланган айрим депутатлар эса ушбу сайлов округларида такрорий овоз бериш ва такрорий сайлов натижалари маълум бўлмасдан туриб ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатасини сайланган ва ўз фаолиятини бошлаши мумкин деб ҳисоблаб, Марказий сайлов комиссияси раисига Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисини чақириш, палата раҳбар органлари ва қўмиталари таркибини шакллантириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишди. Марказий сайлов комиссияси раиси мазкур аризага нисбатан рад жавобини берди.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.
4-казус
2015 йил 18 июнь сайлов ўтказиладиган куни Жиззах вилояти телеканали ходимлари келиб сайлов участкасидаги сайловчиларнинг фикр-мулоҳазаларни, биринчи навбатда, сайловчилардан номзодга нима сабаблар туфайли овоз бераётганлигини, сайловда ким ютиб чиқиши ҳақидаги фикрларни сайловчидан келгусида нима натижалар кутаётганлигини ўргана бошланади. Ўз навбатида вилоят телеканали ходимлари сайловнинг натижаси юзасидан прогнозлар чиқара бошлади. Шу пайт сайлов участкаси раиси бу ҳолатдан хабар топиб, телеканали ходимларидан ўз ишини тўхтатишини, интервью ва репортажлар олишини тақиқлади. Вилоят телеканали ходимлари сайлов участкаси раиси ҳаракатларидан норози бўлиб, сайлов тўғрисидаги қонунчилик нормаларига кўра сайловлар очиқ, ошкоралик, эркинлик, адолатлилик, масъуллик принципларига асосан ўтказилиши лозимлигини айтиб эътироз билдирди. Шунингдек, сайлов участкаси раиси устидан Марказий сайлов комиссияга шикоят қилишини билдирди.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.
5-казус
Фуқаро З.Саидов сайловолди ташвиқоти жараёнида депутатликка номзод А.Мансуровнинг тарафдори сифатида унинг ижобий жиҳатларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда, ташвиқот қила бошлайди. Бу борада у А.Мансуровнинг сиёсий рақиби бўлган Ж.Комиловни салбий жиҳатларини ҳам ёрита бошлайди. Хусусан, Ж.Комиловнинг кирдикорларини фош қилувчи плакатлар чоп эттиради, туман газетасида Ж.Комиловнинг салбий иллатларига бағишланган мақола ҳам чоп этади. Бундан ғазабланган Ж.Комилов биринчи навбатда З.Саидовни ва плакат чоп эттирган “MediaPrint” босмахонасини ҳамда туман газетасини судга берди. Суд эса, З.Саидовни жавобгарликка тортишга асоси йўқлигини билдирди.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.
Do'stlaringiz bilan baham: |