Ахлоқий идеал тушунчасида ахлоқий фазилатларни ўзида мужассамлантирадиган комил инсон ва мукаммал (адолатли) жамият ҳақидаги тасаввур, орзу ва унга етишишга бўлган интилиш ифодаланади.
Комил инсон, одил подшоҳ, ҳар бир кишининг мақсад, манфаатларини ўзида мужассамлантирувчи жамият ҳақидаги қарашлар, тасаввурлар мажмуи-ахлоқий идеалдир. Мазкур идеал ахлоқий онг шакли бўлиб, унда орзу қилинган комил инсон, мукаммал жамият мавжуд ижтимоий талаб (сосиал норма), мақсад ва манфаатлар мезонидан туриб баҳоланилади.
Ахлоқий идеал эстетик, диний, ижтимоий-сиёсий идеаллар тарзида номоён бўлади ва ижтимоий – йўналтирувчилик, уюштирувчилик вазифаларини ўтайди.
Бугунги кунда истиқлол ғоясининг асосий тамойили- комил инсонни камол топтириш вазифаси кишиларда, хусусан ёшларда ахлоқий идеални шакллантиришни талаб этади.
Бахт ахлоқшуносликдаги энг баҳсли мавзу. Мазкур масалага хилма-хил қарашлар бўлиб, турлича таърифлар берилади. Бу ўринда поляк файласуфи В. Татаркевичнинг “Ҳеч ким бахтнинг нималигини аниқ билмайди” деган сўзини келтириш кифоя.
Бахт ҳақида турфа қарашларнинг сабаби шундаки, уни ҳар бир киши ўз шахсий манфаат мақсадлардан келиб чиққани ҳолда талқин қилади, тушунади. Чунки бировга бахт бўлиб кўринган нарса бошқа киши учун аҳамиятсиз бўлиши мумкин ва аксинча.
Барча даврларда файласуфлар бахт(бахтиёрликнинг) ҳамма учун умумийликни(мезонни) аниқлашга ҳаракат қилиб келганлар. Масалан франсуз файласуфи Клод Адрион Гелвесий(1715-1771) фақат билим – маърифат тараққиёти бахт(бахтлилик)нинг умумий жиҳати деб кўрсатади. Чунки, унингча, маърифат эзгуликка элтувчи йўлдирки, бусиз бахт йўқ.”Маърифатли ҳукмдор (қирол)лар,-деб ёзади у, -бирдан-бир реал лаззатланишни кишиларга яхшилик қилишда, эзгуликда кўрадилар. Маърифатланган ва яхши бошқариладиган кишилар ўзгаларни бахтли қилганлари ҳолда бахтли бўладилар”.6
То ҳозирги вақтгача ҳам файласуфлар бахтнинг умумий жиҳати-мезони борасида якдил фикрга келиша олган эмаслар. Шунга кўра ахлоқий бахт тушунчаси талқинига нисбатан қуйдаги тўрт хил қарашни ажратиб кўрсатиш мумкин:
Бахтни таъриф бериб бўлмайди.
Бахт-ўзига хос ҳиссиёт, кўтаринки роҳатланиш, ҳузурланиш ҳолати
Бахт-бу мавҳумот ва у ҳақиқатда мавжуд эмас.
Бахт воқеликда бўлиши мумкин.(Ушбу қарашлар ҳақида батафсил қаранг: Э.У. Умаров. Ф.Б. Загыртдиновна Этика. Т.,2005, 85-86-бетлар).
Бизнингча бахт тушунчасининг мазмун-моҳияти унинг муқобили- бахтсизлик билан таққослаш орқали англашилади.
Халқимизда “Ёмонни кўрмай яхшининг кимлигини билмайсан”, деган нақл борки, уни бахтга нисбатан бериб «Бахтсизликни билмасдан бахтнинг нималигини билмайсан” деб айтиш мумкин.
Бахтсизликни қуйидаги белгилари билан тавсифлаш мумкин: турмушдан ёлчимаганлик, кулфат, ғам-ғусса, дард-алам, рўшносизлик, омадсизлик, толесизлик.7
Бахтсизлик киши бошига жамиятдаги муаян муҳит, шарт-шароитлари билан заруран шартланган ҳолда рўй берадиган ҳодисадир. Бахтсизлик бу тасодифий ҳодиса эмас, балки заруриятнинг намоён бўлиш шаклидир. Шунга кўра бахтсизлик муқобилиги бахт тушунчаси кенг маънода жамият ва шахс эҳтиёж манфаатларининг ўзаро уйғун ҳолда қондирилиши ва бунинг натижаси ўлароқ кишининг ҳаётдан лаззатланиб яшаши ҳолатини ифодалайди. Бошқача қилиб айтганда, бахт-бу инсоннинг ҳаётдан, турмушдан лаззатланиб, ундан тўласинча мамнун бўлиб яшашидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |