Янги босқичнинг янги имкониятлари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрда “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилингани таълим тизимидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу ҳужжатда назарда тутилган мақсадлар барчамизни қувонтирди, десам муболаға бўлмайди.
Фармонга мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари ташкил этилиб, мазкур дастурлар асосида тегишли кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари рўйхатлари тасдиқланди.
Бундан ташқари, Фармонга кўра, жами 388 та касб-ҳунар коллежлари бинолари тегишли рўйхатга асосан мактаб сифатида фойдаланилиши белгиланди.
Бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимида тегишли таълим дастурлари жорий этилган касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан иборат профессионал таълим муассасалари тармоғи ташкил этилади.
Бунда:
А) касб-ҳунар мактабларида:
Мактабларнинг 9-синф битирувчиларига 2 йиллик кундузги таълим берилади;
Таълим олаётган ўқувчилар Давлат бюджети ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ойлик стипендия ҳамда уч маҳал овқат билан таъминланади.
Б) коллежларда:
Камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахсларга касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилгача муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида таълим берилади.
В) техникумларда:
Умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахсларга касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида таълим берилади;
Техникумларни тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.
Хулоса ўрнида айтганда, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси ёш авлоднинг пухта ва сифатли билим олишига давлатимиз томонидан кўрсатилаётган катта эътиборнинг амалдаги ифодасидир. Зеро, ҳеч бир давлатда Ўзбекистондагидек бепул таълим тизими мавжуд эмас. Бу ислоҳотларнинг таг-замирида МУСТАҚИЛЛИК берган чексиз имкониятлардир.
Мустақиллик йилларида миллий истиқлол ғояси халқимизнинг миллий тикланишига хизмат қилди. Ғоявий курашларда кунимизга яради. Халқимизни бирлаштирди, бузғунчи ғоялар моҳиятини тушунтирди. 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги – Миллий юксалиш босқичига кирди. Конституциямизга асосланган, халқимизнинг туб манфаатларига жавоб берадиган Ўзбекистонни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси амалда. Кейинги йилларда эришилган юксак марралар халқимизни бахтли қилишга қаратилган ислоҳотлар самараларини яққол кўрсатмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида олдимизга қўйган улкан вазифаларни амалга оширишда биз учун куч-қудрат манбаи бўладиган миллий ғояни ривожлантиришимиз зарурлиги алоҳида таъкидланди. 2019 йил 8 апрель куни Президентимизнинг Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида миллий ғояни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги фармойиши қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат қабул қилинишининг зарурати нималарда намоён бўлади? Ривожланган мамлакатларда миллий ғоя давлат мақсадларини халқ мақсадларига уйғунлаштиради. “Бир ҳудуд – бир халқ” эътиқодини шакллантириб, мамлакатлар аҳолисини бирлаштиргани, умумий мақсад йўлида сафарбар қилганига мисоллар кўп. Уларнинг аксарида миллий ғоя миллий қадриятларга боғлаб сингдирилганини кўрамиз.
Масалан, “Тарих – синтоизм – конфуцийлик – самурайлик иродаси” қадриятлари негизида япон миллий ғояси ишлаб чиқилди. Одамларга ишонч, рағбат берилди. Мактабнинг тарбиявий ишлар тизими, ғояси ислоҳ қилинди. Уюшган миллатнинг жуда қаттиқ меҳнати ўлароқ, дунё “Япон мўъжизаси”нинг гувоҳи бўлди. Хитойда ҳам миллий заминга – Конфуций таълимотига мурожаат қилинди. Конфуций меросидан диний таълимот эмас, балки ахлоқий (хулқ учун) асос сифатида фойдаланди. Ёшлар тарбияси “Она Ватанга хизмат қилиш ва содиқ бўлиш” ғояси асосида ташкил этилди. Ёшларга шахсий ва миллий манфаатларни уйғун тутиш ўргатиб борилди.
АҚШда давлат мафкураси йўқ, деб ҳисобланади. Аммо америкаликларнинг маънавиятини ўрганган олимлар АҚШ каби мафкуралашган давлатни топиш қийин, дейишади. АҚШда мафкура вазифасини “Америка орзуси” (American Dream) бажармоқда. У Америка давлатининг олий қадриятлари йиғиндиси, миллатнинг маънавий онаси деб тушунилади. “Америка орзуси”нинг асосий тушунчаларини шахс эркинлиги, эркин тадбиркорлик, демократия, муваффақиятга эришишга қаратилган меҳнат ташкил қилади. Америкаликлар мафкура бўлмаса, давлат бошқарувида тизимлилик бўлмайди, тизимсиз эса самарали сиёсат бўлиши мумкин эмас, деб ҳисоблашади. Шу боис, америкалик давлат арбобларидан бири У.Сэфайр “Агар Америка тузуми – скелет бўлса, американча орзу – унинг қалбидир“ деган эди.
Жанубий Кореяда ҳам миллий ғоя халқнинг миллий ўзлигига ва ёшлар тарбиясига қурилди. Мактабда миллий ғоя ёшлар онгига урф-одатлар, ахлоқий идеаллар орқали сингдириб борилди. Ёшларни ҳаётга тайёрлашда оила, мактабгача таълимга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозир ҳам корейс оилаларида умумий бюджетнинг эллик олти фоизи боланинг таълим-тарбияси, инсон капитали – Human Capital учун сарфланмоқда.
Мамлакатимизда миллий ғояга янги давр, миллатимиз тарихининг янги босқичи талабларидан келиб чиққан реал талаблар қўйилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |