14-mavzu. Landshaft planirovkasining nazariy va metodologik asoslari
Landshaft planirovkasining nazariy asoslari. Madaniy landshaft- landshaft planirovkasining metodologik asosi. Landshaft planirovkasining yo’nalishlari. Landshaft planirovkasi hududni ekologik tashkil etish usuli sifatida. Landshaft planirovkasining yo’nalishlari: yerdan foydalanish, turizm va rekreatsiya, shaharsozlik, gidrotexnik inshootlar va suvni muhofazalash zonalari va boshqalar.
Ҳозирда фан-техника ривожланиши оқибатида география фанлари ҳам умумийликдан хусусийликка, тасвирийликдан илмийликка ўтиб, янгидан-янги илмий йўналишлар пайдо бўлмоқда. География фани тараққиётига назар ташлайдиган бўлсак, у энг қадимги тасвирий фанлардан бири бўлган ва бу жиҳат унинг номида ҳам ўз аксини топган. Йиллар, асрлар ўтиши давомида география фанининг ўрганиш объекти ойдинлашиб, предмети чуқурлашиб борди. Бунинг натижасида фаннинг янги, амалий ва замонавий тармоқлари, илмий йўналишлари шаклланиб география фанлар тизими вужудга келди. Сир эмаски, табиат компонентлари ҳисобланадиган тоғ жинси, тупроқ, сув, ҳаво, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини объекти сифатида ўрганадиган фанлар талайгина. Бундан кўриниб турибдики, ушбу фанлар табиий география фани билан бевосита алоқадор ҳамда қадимдa география фани таркибида ривожланган. Илмий тадқиқотларнинг чуқурлашиши ва ривожланиши эса бу фанларни мустақил фанлар қаторига чиқарди. Шунингдек табиий географияда янги йўналишлар, янги фанлар пайдо бўлди ва ҳозирда ҳам давом этмоқда. Булардан бири ХIХ аср бошларида шакллана бошлаган, тизимли ёндашувга эга бўлган, ландшафтшунослик фанини алоҳида кўрсатиш керак. Маълумки, ландшафтшунослик фанининг ва терминининг пайдо бўлиши немис олимларига бориб тақалса, фанга оид билимларнинг ривожланишида эса рус олимларининг ҳам хизматлари кам эмас. Мамлакатимизда ҳам бу соҳада қатор олимлар изланиш олиб борган. Жумладан, Л.Н.Бабушкин, Н.А.Когай, О.Ю.Пославская, Х.Шапеновлар дастлабки ишларни амалга оширган бўлса, Ш.Зокиров, П.Н.Ғуломов, А.Рафиқов, М.Умаров, Ю.Султонов, А.Саидов, С.Нишонов, А.Абдулқосимов, Л.Алибеков, Т.Аллаберганов, Т.Жумабоев, М.Қўзибоев, Ш.Эргашев, А.Соатов, И.Ҳасанов, А.Зайнутдинов ва бошқалар давом эттирди (Ш.С.Зокиров, 2016). Уларнинг илмий ишлари ландшафтшуносликнинг турли йўналишларига алоқадор. Ландшафтларни геоэкологик тадқиқ этишда, проф. А.Рафиқовнинг илмий мактабига мансуб тадқиқотчиларнигнг ишлари алоҳида кўрсатиш мумкин. Ландшафтшунослик фанининг ривожланиши айни пайтда бир қатор янги илмий йўналишларининг вужудга келишига имкон яратди. Ана шундай янги илмий-амалий йўналиш ҳамда фаолият турларидан бири ландшафт тушунчаси билан боғлиқ бўлган ландшафт планировкасидир (Ш.М.Шарипов, 2018). Ҳозирги вақтда ландшафт планировкасидаги ландшафт терминини икки хил маънода учратамиз. Биринчиси географик термин ҳисобланиб, географиянинг ўрганиш объекти бўлган геотизимларнинг муайян таксономик бирлиги тушунилади. Иккинчиси эса, меъморчилик фанларида кенг қўлланиладиган ҳамда, асосан, манзара маъносида ифодаланадиган тушунча бўлиб қуйидагича изоҳ берилган: Ландшафт – очиқ ҳавода ишлаш ва дам олиш учун яратилган, таркиби табиий (ўсимликлар, релъеф, тупроқ, сув, ҳайвонот дунёси) ва сунъий (меъморий муҳандислик иншоотлари) ишланмалари билан бадиий, биологик ва экологик қонуниятлар асосида шакллантирилган ҳудуд (К.Д.Рахимов, А.С.Уралов, 2015). Бундан кўриниб турибдики, ландшафт терминининг икки хил маънода ишлатилиши, ўз навбатида, ландшафт планировкаси терминининг ҳам икки хил маънода тушунилишига олиб келади. Меъморчилик адабиётларида ландшафт планировкаси (ландшафтларни режалаштириш)ни қуйидагича баён этади: “Ландшафтларни режалаштириш ўлка ва минтақа миқёсида табиий ландшафтларни сақлаб қолиш, янгиларини шакллантириш, қўриқлаш ва фойдаланишга доир умумий муаммолар билан шуғулланади. Бу соҳага хос хусусият шундаки, у жуда кенг ва катта ҳудудларнинг ландшафт муҳитини шакллантиришга доир ишларга йўналтирилган бўлади” (К.Д.Рахимов, 2015). “Ландшафт планировкаси” тушунчасини “ландшафт архитектурасини лойиҳалаш” тушунчаси билан фарқлай олиш учун биз ландшафт архитектураси, яъни ландшафт меъморчилиги мазмунига эътибор беришимиз лозим. Ландшафт меъморчилиги тушунчаси дастлаб бундан 100-150 йиллар олдин, биринчи хусусий ва истироҳат боғларининг пайдо бўлиши муносабати билан АҚШда пайдо бўлди. Кейинчалик Европада оммалашди. Бундан кўриниб турибдики, ландшафт меъморчилиги тушунчаси жуда қисқа тарихга эга. Лекин, амалда соҳага тааллуқли ишлар бир неча асрлар олдин бошланган. Қадимги Бобил осма боғлари, Миср боғлари, Эрон боғлари, юртимиздаги Темурийлар даври боғлари, Ҳиндистондаги Бобурийлар боғлари бунга яққол мисол бўла олади. Ландшафт меъморчилигининг ривожланиш йўлларини тасаввур этиш учун ландшафт меъморлари ишларининг кенг архитектура дунёсида қандай аҳамиятга эга эканлигини тушиниш керак. Бунда албатта боғбонларнинг, меъморларнинг ва дизайнерларнинг ўрни алоҳида. Ҳозирги кун таърифи билан айтганда ландшафт меъморчилиги – атроф-муҳитни табиий ва сунъий меъморчилик қурилмалари ва элементлари ёрдамида бадиий шакллантириш санъати; меъморий фаолиятнинг алоҳида тури. Ландшафт дизайни – турли хил ландшафт (манзара) объектларини яратиш учун тузилган лойиҳа; ландшафт объектларининг сунъий элементларини бадиий эстетик ва экологик қонуниятлар асосида муайян функцияларга мослаб яратишга қаратилган ижодий фаолият тури [5]. Демак, юқоридаги таърифлардан кўриниб турибдики, ландшафт меъморчилиги (архитектураси) ва ландшафт дизайни тушунчаси меъморчилик соҳасига таълуқли. Ландшафт меъморчилиги ишларининг натижаларида география, режалаштириш, экология ва бошқа фундаментал билимларнинг аҳамияти катта эканлиги айтилган. Географияда ландшафт планировкасининг илмий-амалий йўналиш сифатида ҳозирги маънода вужудга келганига кўп вақт бўлмаган бўлсада (XIX аср бошлари), унинг туб ғоя илдизларининг шаклланиши XVIIXVIII асрларда Ангилияга бориб тақалади. Ушбу давлатда илк бор далалар ва қўй яйловлари жойлаштирилиши режалаштирилди. Кейинчалик, яъни XIX асрда бу ёндашувлар Пруссия ва Баварияда қабул қилинди ва ривожлантирилди. Бу ҳудудларда ердан самарали фойдаланиш ҳамда уни эрозиядан ҳимоя қилиш мақсадида қишлоқ хўжалиги ерлари ажратилди. Ландшафт планировкасининг энг тўлиқ ва замонавий усулларини Германия тадқиқотларида кўриш мумкин (К.Рунге, 2002). Нафақат Германияда, балки бутун жаҳонда ландшафтларни режалаштириш дастлаб ўрмон табиатини муҳофаза қилиш ғояларини ривожлантириш билан боғлиқ бўлган. Кейинчалик, феодализм даврида табиат асосан иқтисодий масалалар асосида ҳимоя қилинган. Бунга “қўриқланадиган ўрмонлар”нинг ташкил қилиниши яққол мисол бўла олади. 1902 йилда Пруссияда табиий ва гўзал ландшафтларнинг бузилишига қарши қонун қабул қилинган. 1910 йилга келиб “Ландшафтларни асраш” тушунчаси пайдо бўлган. 1935 йилда қабул қилинган Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги биринчи қонунда учта вазифа белгиланган. Булар: -Ландшафтларни лойиҳалашнинг муҳим йўналишлари, хусусан, алоҳида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни яратиш; -Ландшафт меъморчилигини ривожлантириш; -Германиядаги барча автомагистралларни қуриш. 1934 йилда Генрих Випкинг “ландшафт ташкилоти” ва “ландшафт планировкаси” концепциясини ишлаб чиқди ва бу илмий-амалий терминга айланди. Бироқ, ўша пайтда юқори маҳсулдорликни таъминлаш мақсадида ландшафтларни режааштириш талаб қилинди. Бу жараён эса экологик принципларни умумий ҳудудий режалаштиришга киритишга олиб келди. Германияда иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда барча саъйҳаракатлар мамлакатни қайта қуришга қаратилди. Бунинг натижасида қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш ва вайрон қилинган шаҳарларни ободонлаштириш вазифаси қўйилди. Бу икки вазифа ўша пайтда ландшафт планировкаси йўналишларини аниқлади. Муҳим воқеалар 1955-1965 йиллар оралиғида рўй беради. Ўша вақтда ландшафтларни муҳофаза қилиш тармоқли ва умумий ҳудудий режалаштиришга қаратилган. 1959 йилда табиатни муҳофаза қилиш бўйича конвенцияси ўтказилиб, унда экологик принципларни умумий ҳудудий режалаштиришга жорий этиш зарурати кўриб чиқилди. 1961 йил конгрессда ландшафтларни режалаштиришни ривожлантириш учун “Майнау яшил низоми” қабул қилинди. “Низом” келажакда атроф-муҳитдан бўладиган таҳдидларни кўрсатди ва атроф-муҳитни бошқариш учун муҳим восита сифатида ландшафтларни режалаштиришни белгилаб берди. 1970 йилларда кутилаётган атрофмуҳит инқирозлари ҳақидаги хабарлар кенг тарқалди. Германиянинг бир қанча федерал ерларида табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ландшафтларни сақлаш бўйича янги қонунлар қабул қилинди. Аста-секин мамлакатда табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги ривожланди. Шунингдек ландшафтларни режалаштириш жараёнида барча табиий ва ижтимоий омиллар ҳисобга олиниб, комплекс ҳолда олиб борилди ҳамда барча федерал ерлар қамраб олинди. Германияда кейинги ўн йилликлар ландшафт планировкасининг ривожланиш даври бўлди. Расмий равишда табиатни муҳофаза қилиш ва ландшафтни сақлаш давлат вазифаси сифатида тан олинди. Амалда, ҳудудий режалаштириш тўлиқ амалга оширилмади. Германиялик географлар ва ландшафт экологлари (геоэкологлар) томонидан олиб борилган изланишлар ғарб ғоялари асосида бўлди. Сўнги пайтларда, хусусан 2002 йилда 1976 йилда қабул қилинган табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги федерал қонунга киритилган ўзгартиришлар натижасида Германияда ландшафт планировкасининг сифати ва аҳамияти ортди. Унинг объекти энди фақат жонли табиат бўлмасдан, балки бутун атроф-муҳитни қамраб олди. Бундан ташқари, ландшафтларни режалаштириш атроф-муҳитни баҳолаш тартиб қоидаларини қонуний мустаҳкамланишига қўшимча туртки берди. Ландшафтларнинг табиий хусусиятини сақлаш ва барқарор ривожланиш каби мақсадларга эътиборни кучайтирди. Ҳозирги вақтда Германияда ландшафтларни режалаштириш (ландшафт планировкаси) атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ландшафтларнинг табиий хусусиятини сақлаш ва барқарорлигини таъминлаш, ландшафтлардан хўжаликда самарали фойдаланиш ва уларни бошқариш воситаси сифатида тушунилади. Собиқ иттифоқ мамлакатларида ландшафт планировкаси ҳудудий режалаштириш доирасида табиатни муҳофаза қилишнинг ҳудудий комплекс схемасини ишлаб чиқиш шаклида ривожланди(Шарипов Ш.М., 2017). Россияда ландшафт планировкаси ҳақидаги таълимотларнинг ривожланишида В.С.Преображенский, Н.Ф.Реймерс, А.Н.Антипов, А.В.Дроздов, И.К.Казаков, Е.Ю. Колбовский каби олимларнинг ҳиссаси катта. Ўзбекистонда эса ландшафт планировкаси ҳақидаги фикрларни Ш.С.Зокиров, Ш.М.Шариповларнинг ишларида учратиш мумкин. Ҳозирда адабиётларда ландшафт планировкаси терминини қуйидагича учратамиз: Ландшафт планировкаси – ландшафт компонентларининг табиий ҳусусиятини сақлаган ва барқарорлигини таъминлаган ҳолда, ландшафтлардан хўжалик нуқтаи назаридан самарали фойдаланиш режа ҳамда лойиҳаларини ишлаб чиқиш усул ва услублари. [1,8] Ландшафт планировкасидан амалий географик тадқиқотларда фойдаланиш замон талабига мос илмий ва амалий муҳим натижаларни беради. Ландшафт планировкасининг туб моҳияти табиатни муҳофаза қилишда ҳамда хўжаликнинг турли хил амалий масалаларини ҳал этишда ва режаларини ишлаб чиқишда ландшафтшуносликнинг метод ва методологиясидан фойдаланиш ва тадбиқ этишдан иборатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |