Коммуникатив моделларда аргументлашнинг турли стратегиялари. Аргументлашнинг тактик усуллари.
Коммуникатив моделларда ахборотнинг аудитория учун қизиқарли бўлиши, эътиборни жалб этиши, ишонарли бўлиши учун аргументлаш стратегияси ва тактик усуллари тўғри танланган бўлиши муҳимдир.
Ахборот (маъруза) тайёрланганда ишонарли бўлиши учун далиллар келтирилади. Бу далилларнинг баъзилари кучли, баъзилари кучсиз баъзилари ҳиссиётга, бошқалари ақлга таъсир қиладиган бўлиши мумкин. Маъруза аудитория томонидан ижобий қабул қилиниши учун бу аргументларни қай тартибда қўллаш самаралироқ бўлади?
1-стратегия. Кучли аргументлар ахборотнинг бошида ва охирида берилади.
Агар маърузачи нутқини кучсиз аргументдан бошласа, унда нутқ тингловчиларда ишончсизлик туғдиради. Шунинг учун нутқ кучли аргументдан бошланиши маъқул. Нутқ кучсиз аргумент билан якунланса, тингловчиларда нотиқ сўзларига нисбатан шубҳа пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам нутқнинг бошида ва охирида кучла аргументлар келтирилади. Бу стратегия нотиқ ўзига ажратилган вақтни назорат қило олгандагина ижобий натижа беради. Нотиқ нутқини якунлай олмаса, охирги кучли аргументини ишлатолмайди.
2-стратегия. Аргументлар энг кучли, кучли ва ўртача кучли... тартибда берилади. Агар нотиқни огоҳлантирилмасдан нутққа ажратилган вақт қисқартирилса ёки тўхтатилса, бу стратегия яхши натижа беради. Масалан кимнидир ўз ғоянгизга ишонтирмоқчисиз. У одам сизнинг ғоянгизга ҳайрихоҳ.
Лекин, сизга кўп вақт ажрата олмайди. Агар сиз кучсиз ёки ўртача кучли бўлган аргументдан гапни бошласангиз, тезда “рахмат, керак эмас” деган муносабатга дуч келасиз. Бундай холатларда гапни энг кучли аргументдан бошлаш керак. агар бу аргумент етарли бўлмаса унда кейинги кучли аргументдан фойдаланилади. Бу стратегияда аргументлар 3-4 тадан ошмаслиги шарт. Аргументларнинг бундан ортиб кетиши нутққа нисбатан ишончсизлик ва тоқатсизликни келтириб чиқаради.
3-стратегия. Ҳиссиётми ёки мантиқ? Нотиқ қайси аргументларни аввал келтиргани маъқул: ҳиссиётга таъсир қиладиганиними ёки тафаккурга? Бу саволга жавоб нотиқнинг қандай аудиторияда нутқ сўзлашига боғлиқ. Фараз қиламиз, аудиториядагиларнинг интеллектуал даражаси бир хил эмас. Бундай холатда ўртача тингловчига мос нутқ сўзланади. Агар тингловчилар нотиқни аввалдан биладиган бўлса, унга позитив муносабатда бўладилар. Бундай холатларда нутқни эмоционал аргументлардан бошлаш тингловчиларнинг эътиборини жалб қилади ва нотиқнинг рационал аргументларини қабул қилишлари учун имконият яратади. Нутқни эмоционал аргумент билан якунлаш тингловчиларни ғояни қабул қилибгина қолмай, унга мос ҳаракат қилишларига ҳам олиб келади.
Юқоридаги стратегияларни самарали қўллашда нотиқнинг тажрибаси, билими, шахсий имиджи ва аргументлаш техникасини қўллаши муҳим рол ўйнайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |