Тасаввуф таълимотига кўра, танланган инсонлар (ал–хосса) Аллоҳ билан ҳиссий
боғланиши мумкин. Натижада улар Аллоҳни танишга эришадилар. Қатор суфий муаллифларга
кўра, тасаввуфда инсон чуқур мушоҳада ва махсус руҳий–маънавий машғулотлар натижасида
Аллоҳнинг бирлиги ичида маънан «йўқолиб кетиши» (фано) ёки у билан «абадийликка эришиши»
(бақо) мумкин. Тасаввуф адабиётининг ёзма манбаларига кўра, саҳобалардан тўрт рошид ҳалифа,
Абуд Дардо, Абу Зарр, Ҳузайфа кабилар биринчи суфийлар эди. Кўпгина суфий тариқатлари
ўзларининг силсилаларини Пайғамбар саҳобаларидан бирига ва илк тўрт ҳалифага, кўпинча Абу
Бакр (р.а.)га қадар етказадилар.
Тасаввуфнинг мафкуравий–диний асоси, шубҳасиз, Қуръони Карим маънолари устида
чуқур мулоҳаза юритиш, Буюк китобнинг ботиний маъноларини қидириш анъанасини юзага
келтирди. Ҳиссий йўл билан Ҳақиқатни излаш суфийларни инсон руҳининг энг нозик
ҳаракатлари, ички изтироблар, диний ҳақиқатларни англаш ва чуқур таҳлил қилишга ундаган. Бу
маънода тасаввуфнинг илк асосчилари ва намоёндаларидан бўлган «Қалблар ва фикрлар» илми
(илм ал–қулуб ва–л–хавотир)га асос солган Ҳасан ал Басрий (642–728) ни эсга олиш ўринли.
Кейинчалик, Ҳасан Басрийнинг издошларидан бўлган ва Басрада яшаган (VIII–IX асрлар) Рабоҳ
ибн Амр, биринчи суфий аёл Робия ал Адавия, Молик ибн Динор ва бошқалар даъватларида аста–
секин Аллоҳга бўлган соф ҳақиқий муҳаббат, унга руҳан яқинлашишга интилиш ҳақида фикр ва
ғоялар пайдо бўла бошлади.
Мовароуннаҳрда тасаввуф йўналишининг вужудга келиши ва ривожи шайх Абу Яъқуб
Юсуф Ҳамадоний (ваф. 1140–41 й.) шахси билан боғлиқ. Ҳамадоний 1048 йилда Эроннинг
Ҳамадон шаҳри яқинидаги Бузанжирд қишлоғида таваллуд топган. У 17 ёшлигида илм истаб
Бағдодга келади ва у ердаги машҳур “Низомия” мадрасасида ўқийди. Ҳамадоний ҳадислар тўплаш
мақсадида Исфаҳон, Балҳ, Ҳирот, Марв, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига бир неча бор сафар
қилади. Ҳамадоний Бағдодда яшаган кезларида ас Самъоний, Аҳмад ал Ғаззолий (Абу Ҳомид ал
Ғаззолийнинг акаси)лардан ҳам тасаввуфга оид илмларни ўрганган.
Юсуф Ҳамадоний умрининг иккинчи ярмини кўпроқ Ҳирот, Марв, Самарқанд ва Бухоро
шаҳарларида ўтказади. Марв ва Бухорода хонақо ҳамда мадраса қурдиради ва кўпдан кўп
шогирдларни тарбиялайди. Улар орасида кўплаб туркий ва форсий миллатга мансуб шахслар бор
эди, жумладан, Ҳасан Андоқий, Абдулло Бараққий, Аҳмад Яссавий ва Абдуҳолиқ Ғиждувонийлар
алоҳида ажралиб турар эдилар.
XII асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган илк тасаввуфий тариқатнинг асосчиси Хожа
Аҳмад Яссавийдир.
Do'stlaringiz bilan baham: