Араб тарихчиларининг хабар беришларича, ҳалифа Усмон Қуръонни мутоалаа қилиб
ўтирганларида ўлдирилган. У кишининг қони Қуръонга тўкилган. Шу туфайли ҳам Усмон
Қуръони асл нусҳалиги ва ҳалифа қони тўкилганлиги билан мусулмон дунёсида муқаддас китоб
ҳисобланиб, алоҳида эътиборга сазовордир. Биздаги, яъни Тошкент шаҳридаги Усмон Қуръонида
ҳам қон излари бўлиб, шу нусҳа ҳалифа Усмонга тегишли деган фикрлар мавжуд.
Усмон Қуръони руслар Ўрта Осиёни босиб олгунча Самарқандда, Хўжа Ахрор
мадрасасида сақланар эди. Лекин 1868 йилда рус аскарларининг Самарқандга бостириб кириши
билан халқимизнинг моддий, маънавий бойликларига тажовуз бошланди.
Албатта бу тажовуздан муқаддас ҳисобланган қабр тошлари, мақбара ичидаги ёдгорликлар
ҳам, мусулмонларнинг мулки Усмон Мусҳафи ҳам четда қолмади. Мусулмонлар Қуръонни
тезликда бекитиб Бухорога жўнатмоқчи бўладилар. Бироқ бу хабар Зарафшон ўлкасининг
бошлиғи генерал Абрамов қулоғига етиб, «фан учун бундай нодир, бебаҳо, қадимий ёдгорликни
қўлдан чиқармаслик учун ҳамма чора кўрилсин» - деб полковник Серовга буйруқ беради. Серов
Қуръонни генерал Абрамовга келтиради. Абрамов эса уни зудлик билан Туркистон генерал-
губернатори К.Н.Кауфманга етказади. У ўз навбатида зудлик билан 1869 йил 24 октябрда
Петербурга – Император кутубхонасига алоҳида кузатувчилар билан юборади.
1917 йил октябрь тўнтаришидан сўнг Бутунроссия мусулмонлар жамияти номидан Усмон
Тўқумбоев РСФСР Ҳалқ Комиссарлари Советига мурожат қилиб, муқаддас Усмон Қуръони ўз
эгаларига, яъни мусулмонларнинг Ўлка съездига топширилишини талаб қилади. РСФСР ХКС
томонидан мусулмонларнинг талаби қондирилиб, Қуръон улар ихтиёрига берилади. 1917 йил 29
декабрь куни Петербургдаги подшо кутубхонасининг «нодир қўлёзмалари» бўлимидан олиниб,
Бутунроссия мусулмонлар жамияти раиси У.Тўқумбоев жавобгарлиги остида УФА шаҳрига
жўнатилади. Қуръон 1923 йилгача УФАда сақланади.
1923 йил 23 июлда Бутуниттифоқ Марказий Ижроқўми Усмон Қуръонини Туркистонга
қайтаришга қарор қилади. Муқаддас ёдгорликни Уфадан Тошкентга махсус комиссия кузатувида
олиб келинади.
Муқаддас ёдгорликни ўз элига келтириш учун Уфа шаҳрига махсус комиссия юборилди.
Комиссия таркибида Султонхўжа Қосимхўжаев, шарқшунос олим профессор А.З.Шмитд ва дин
пешволаридан 3 вакил бор эди. Комиссия махсус вагонда, аскарлар қуршовида, Қуръонни эсон-
омон Тошкентга келтирдилар. Шундан кейин Қуръон 1923 йил 18 августда Сирдарё диний
идорасига қарашли Хўжа Ахрор жоме масжидига топширилади. Лекин кўп ўтмай Қуръонни эски
шаҳар музейига келтирадилар ва у махсус пўлат сандиқда сақлана бошланади.
Мамлакатимиз мустақил бўлганидан сўнг 1992 йил Алоуддин Мансур тарафидан Қуръони
Карим ўзбек тилига биринчи маротаба таржима қилинди ва «Чўлпон» нашриётида кўп нусҳада
нашр этила бошлади.
Қуръонда Аллоҳнинг якаю ягоналиги, унга ишониш, унга имон келтириш, дунёнинг
яратилиши, фаришталар, пайғамбарлар, қазои-қадар, охират-қиёмат, қайта тирилишнинг хақлиги
ва бошқа ислом динига, шариат қонунларига оид кўрсатмалар берилган.
Do'stlaringiz bilan baham: