Bog'liq 13-maruza 3fb2ab6a710da9b789cddd6191761a36
13.2.Ижтимоий шерикликнинг ривожланишининг назарий-ҳуқуқий асослари. Ижтимоий шериклик бозор муносабатларига ўтиш ва демократик институтларни ривожлантиришнинг муҳим шарти эканини жаҳон амалиёти тасдиқлади. Бизнинг мамлакатимизда ҳам бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш учун ижтимоий шериклик тамойилларини кенгроқ ва тўлароқ тадбиқ қилиш зарур бўлди. Ана шу зарурат биринчи Президент Ислом Каримовнинг ―Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида аниқ ва яққол кўрсатиб берилди. Концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошира бориб 2014 йилда мамлакатимизда «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди ва у 2015 йил 1 январидан кучга кирди.. Бу Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда ижтимоий шерикликни ҳаётга тадбиқ қилишда муҳим босқич бўлди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий шериклик соҳасидаги ишларнинг якунланганини эмас, янги масъулиятли босқич бошланганини англатади.
ХХ асрнинг ўрталаридан бошлаб жаҳондаги кўпчилик мамлакатларда ижтимоий шерикликнинг турли жиҳатларини тадқиқ қилишга киришилганда собиқ шўролар иттифоқида бу масалага умуман эътибор берилмади. Бунинг сабаби шундаки, собиқ шўролар тузумида ҳукмрон бўлган синфий кураш назарияси ижтимоий шерикликни инкор қилар эди. Ижтимоий шерикликнинг меҳнат муносабатларинини тартибга солиш имкониятлари ҳам инкор қилиниб, бундай муаммолар фақат капиталистик ижтимоий муносабатларга хос, деб эълон қилинган эди.
Ижтимоий шерикликка қизиқишнинг ўсишини таъминлаган ижтимоий муаммолар ХХ аср охирларидан бошлаб социалистик лагер, деб аталган тизимнинг парчаланиши, кўпчилик мамлакатларда трансформация жараёнларининг бошланиши ҳамда кучайиши эди. Собиқ социалистик тузумнинг емирилиши ишлаб чиқариш воситаларига хусусий мулкчиликнинг тикланиши, мулкдор ва сармоядорлар синфи ҳамда «учинчи сектор» нодавлат нотижорат ташкилотларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишига олиб келди.
Ижтимоий шериклик ҳозирги кунда жаҳондаги кўпчилик мамлакатларнинг Меҳнат кодексларида, мамлакатларни стратегик ривожлантиришга алоқадор ҳужжатларда, турли соҳаларга оид услубий тавсиялар ва меъёрий ҳужжатларда мустаҳкам ўрин эгалламоқда.
Ижтимоий шериклик ХХ аср охири ва XXI аср бошларида сиёсий барқарорликни таъминлашда, жамиятда янгича инсоний муносабатларни шакллантиришда борган сари кўпроқ ва муҳимроқ рол ўйнамоқда. Шуларнинг бари ижтимоий шерикликни фанлараро ёндашув асосида чуқур, атрофлича ва жиддий таҳлил қилиш заруратини вужудга келтирди. Бу муаммони тадқиқ қилишда социология, фалсафа, иқтисодиёт, ижтимоий психология, ва сиёсатшунослик сингари қатор фанларнинг тадқиқот методологиялари ва категорияларидан фойдаланилмоқда.
Ижтимоий шериклик даставвал меҳнат муносабатларини тартибга солиш мақсадида вужудга келган бўлса ҳам, ҳозиги кунда унинг фаолият юритиш соҳалари меҳнат муносабатлари доирасидан анча четга чиқади.
ХХ аср охири ва XXI аср бошларида ―секторлараро ижтимоий шериклик концепцияси кўп мамлакатларда, шу жумладан МДҲга аъзо мамлакатларда кенг тарқала бошлади. Мазкур концепцияга кўра, ижтимоий шериклик субъектлари ҳокимият, бизнес ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларидан иборат. Секторлараро ижтимоий шериклик икки ёки уч сектор: давлат, бизнес, нотижорат сектор ижтимоий муаммоларини ҳал қилишда ўзаро келишилган конструктив ҳаракатларни амалга оширишни ифодалайди. Республикамизнинг «Ижтимоий шериклик тўғрисида» Қонунида ижтимоий шериклик субъектлари ҳақидаги 3-бобида шундай дейилади: «Ижтимоий шериклик давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигидир»1.
Шуни унутмаслик керакки, Республикамизнинг «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонунида ижтимоий шериклик субъектлари давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари деб кўрсатилиши мамлакатимизда меҳнат муносабатларида ҳам ижтимоий шериклик мавжудлигини инкор қилмайди.Меҳнат муносабатлари соҳасидаги ижтимоий шериклик масалаларини Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнат Кодекси» ва ўттиздан ортиқ қонунлари ва бошқа меъёрий- ҳуқуқий ҳужжатлари тартибга солади. Бу ҳақда «Меҳнат Кодексининг 1-моддасида шундай дейилади: ―Ўзбекистон Республикасида меҳнатга оид муносабатлар меҳнат тўғрисида»ги қонун ҳужжатлари, жамоа келишувлари,,шунингдек жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади2.
Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик муносабатлари мамлакатимизда дунёниг кўп мамлакатларида бўлгани сингари бипартизм (икки томонлама) шаклида, масалан, жамоа шартномалари ҳамда трипартизм (уч томонлама) масалан, иш берувчилар, ёлланма ишчи ва хизматчилар ҳамда давлат ҳокимияти органлари ёки уларнинг вакиллари иштирокида олиб борилмоқда. Мамлакатимизда 2011 ва 2014 йилларда ижроия ҳокимияти (Вазирлар Маҳкамаси), бизнес вакиллари (Савдо-саноат палатаси) ҳамда ёлланма ишчи ва хизматчилар (Касаба уюшмалари Федерацияси) тонидан имзолаган ―Бош келишувлар ҳам меҳнат муносабатлари соҳасидаги ижтимоий шериклик ҳам мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий асосда олиб борилаётганидан далолат беради.
Ижтимоий низоларни тизимли таҳлил қилиш бўйича дастлабки уринишларни италиялик давлат арбоби ва назариётчи Никколо Макиавелли амалга оширган эди. У биринчилардан бўлиб низоларнинг фақат вайронкор эмас, балки яратувчилик функциялари ҳам мавжудлигига эътибор қаратди. Бунда у низоларга тўғри таъсир ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрига кўра бундай вазифани давлат бажариши лозим эди.
Ижтимоий меҳнат муносабатлари тизимини биринчилардан бўлиб англиялик Фрэнсис Бэкон назарий таҳлил қилди. У ижтимоий табақаларнинг фикрларини менсимаслик, бошқарув жараёнидаги хатоликлар, миш-мишлар ва ғийбатларнинг тарқалиши жамиятдаги низоларнинг пайдо бўлишига олиб келишини далиллар билан кўрсатиб берди.
Одамлар ўртасида ижтимоий шартнома тузиш зарурлиги ғояси Томас Гоббснинг асарларида баён қилинди. Мазкур шартнома жамиятнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиши ҳамда хусусий мулкнинг абадий бўлишига хизмат қилади. Унинг ―Левиафан, ―Фуқаролар ҳақидаги таълимотнинг фалсафий элементлари асарларида ижтимоий шартномага эришиш зарурлиги асослаб берилган. Бундай шартнома умумий келишув ҳамда хусусий мулкнинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Янги даврга келиб маърифатпарвар файласуф Жан-Жак Руссонинг ижтимоий шартнома тўғрисидаги ғоялари кенг тарқалди. Унинг асарларида ижтимоий шартнома одамлар ўртасида йўқотилган ижтимоий муносабатларнинг уйғунлигини, ўзаро келишув ва тинчликка интилишни қайта тиклайди.
Ёлланма ишчи ва иш берувчи капиталист ўртасидаги ўзаро муносабатлар Адам Смит асарларида илк бор таҳлил қилинди. Хўжалик юритишнинг асосий мақсади фойда олиш эканини эътироф этар экан, у эркин рақобат, хусусий мулк ҳумронлиги, савдо-сотиқ эркинлиги, давлатнинг иқтисодиётга аралашмаслиги иқтисодий ҳаётнинг ―табиий тартиби деган хулосага келди. Унинг фикрига кўра, ёлланма ишчилар ва кпиталистлар ўртасидаги ўзаро кураш жамиятнинг ривожланиб бориши манбаи, рақобат эса инсоният учун фаровонлик келтирувчи ҳодисадир.
Немис файласуфлари Лейбниц ва Иммануил Кант фикрига кўра одамлар ўртасидаги муроса ва тинчлик ижтимоий-иқтисодий ҳаётда шартнома ва компромиссга эришиш асосида таъминланиши лозим. Товар ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ўзаро маҳсулот алмашиш ғояси ҳамда турли ижтимоий кучлар ўртасидаги кураш муаммоларини Пьер Жозеф Прудон томонидан тадқиқ қилинди.
Франциялик олим Луи Огюст Бланки капиталистик жамиятни танқид қилар экан тарихий тараққиётни маърифатнинг тарқалиши ва шу асосда маданий-ижтимоий муносабатларнинг шаклланиши сифатида талқин қилди. Ижтимоий шерикликнинг назарий концептуал асослари ижтимоий ҳаракат назарияси, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий келишув, ижтимоий жипслик тўғрисидаги ғоялар асосида шаклланди.
М.Вебер фикрига кўра анъанавий ҳаракат таҳлил қилиш ҳамда оқилона танқид қилиш мумкин бўлмаган маданий анъаналарда мустаҳкамланган хулқ-атвор намунасидир. Ҳаракатнинг мазкур типи аҳамияти одамларнинг кундалик хулқ-атвори кўпинча ана шу тарзда юз бериши билан белгиланади. Бундай ҳаракатларда ҳал қилувчи ролни урф-одатлар, турли даражада англанган одатларга садоқат ўйнайди.
Ижтимоий ҳаракат назарияси америкалик социолог Парсонс томонидан тадқиқ этилди. У субъектларнинг ўзаро таъсири механизмларини тадқиқ қилди. Бунда у кўпчилик томонидан эътироф этилган меъёрлар, хулқ-атвор андозалари фаолиятнинг ички мотивларига айланиши жараёнига алоҳида аҳамият берди. Мувозанат, консенсус, ижтимоий тизимнинг меъёрий ҳолатидаги энг муҳим белгилар эканига эътибор қаратар экан Т.Парсонс ана шу ҳолатни назорат қилиш ва тартибга солиш жараёнларига катта эътибор берди. Унинг фикрича, айнан ана шу жарёнлар жамиятни кўнгилсиз низолардан ҳимоя қилади. Унинг тадқиқотларида консенсус муаммоси ўзаро келишилган ҳаракат йўлларини излаш билан бевосита боғлиқ тарзда тадқиқ этилади. Бундай ўзаро таъсир шерикларнинг ўзаро экспектацияларига, яъни бир-бирларидан кутаётган ҳаракатлар ва натижаларга асосланади.
Ижтимоий шерикликнинг назарий ва ташкилий асосларидан бири бўлган консенсусни немис социологи Ю.Хабермас демократиянинг муқобили сифатида талқин қилади. Унинг талқинида демократик усул жамоа ва жамиятни иккига: кўпчилик ва озчиликка бўлиб қўяди. Консенсус эса бўлинган жамоа ва жамиятни бирлаштиради. Бунга у ҳал қилинаёган муаммога нисбатан кўпчиликнинг фикрини аниқлаш йўли билан эмас, барча томонлар қарши бўлмаган ечимни топиш йўли билан эришади. Консенсусга эришиш учун манфаатлари ва ёндашувлари бир-бирига унчалик мос келмаётган томонлар ҳеч бир томон қарши бўлмаган ечимни топишга ҳаракат қилишлари ва топишлари керак.
Консенсус моҳиятан келишувни билдиради. Лекин унинг ХХ асргача мавжуд бўлган келишувлардан фарқи шундаки, у келишувга эришишнинг янги самарали амалиётини яратди. Унга кўра манфаатлари бир-бирига мос келмайдиган томонлар ўзаро муносабат ва музокарага киришар экан, улар аввало бир-бирларига ён босишлари керак. Қолаверса, улар барчани қониқтирадиган, ҳеч бўлмаганда ҳеч қайси томонда қаршилик уйғотмайдиган ечимни топишга ҳаракат қилишлари ва топишлари лозим. Бундай ечимнинг топилиши консенсусга эришганликни билдиради.
Ижтимоий шериклик тарихи ва тадрижини қисқача кўриб ўтиш шундан гувоҳлик берадики, унгача мавжуд бўлган барча назария ва мафкуралар фақат у ёки бу синф, ижтимоий гуруҳ манфаатларини ифодалаган. Ижтимоий шериклик назарияси муносабатга киришувчи барча ижтимоий гуруҳлар манфаатини уйғунлаштирилгандагина жамиятда тотувлик ва ижтимоий барқарорлик вужудга келиши мумкинлигини асослайди. Шунинг учун бу назария у ёки бу синф назарияси эмас, ўзаро муносабатларга киришаётган барча ижтимоий гуруҳлар манфаатларини уйғунлаштириш орқали ифодалайдиган назария ҳисобланади. Ижтимоий гуруҳлар манфаатларини уйғунлаштириш фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришнинг муҳим шарти ва асоси ҳисобланади.
Ижтимоий шериклик жараёнида ўзаро таъсирнинг энг муҳим белгиларидан бири консенсусга йўналтирилганликдир. Бу белги ижтимоий субъектларнинг мақсадлари ва манфаатларини мавқеларни ўзаро яқинлаштириш орқали рўёбга чиқаришни назарда тутади. Бу жараён томонларнинг босим ўтказишга мойиллигини инкор қилади. Томонлардан бирининг босим ўтказишга интилиши бир зумда ижтимоий шерикликни йўқ қилиб уни ўзаро курашга айлантиради.
Ижтимоий шерикликнинг жуда муҳим белгиларидан бири эркин фикр алмашишнинг кафолатланганлиги, томонлар ўзининг меъёрий қадриятли тизимларини эркин тақдим қила олиши ҳисобланади.
Ижтимоий шериклик назарияси низолар муаммоси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда вужудга келади. Чунки ижтимоий шериклик низоларни ҳал қилиш жараёнида вужудга келади ва низоларни ҳал қилиш учун хизмат қилади. Ижтимоий шериклик низолар туфайли юзага келади, низолардан ўсиб чиқади. Бу жараён низоларни бошқариш ҳамда манфаатларни келиштириш асосида ҳал қилишга интилиш босқичида, шунингдек, компромиссга, консенсусга интилиш босқичида юз беради.
Ижтимоий шерикликнинг жамият ҳаётига кенг тадбиқ этилиши ўзўзидан автоматик тарзда юз берадиган ҳодиса бўлмай, атрофлича ва пухта ўйлаб амалга ошириладиган сиёсат натижасидир. Мамлакатимизда бундай сиёсатни биринчи Президент Ислом Каримовишлаб чиқди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маънавий ислоҳотларнинг негизида ётган беш тамойил ижтимоий шерикликнинг жамият ҳаётида илдиз отиши учун шароит яратди.
Ижтимоий шериклик турли ижтимоий гуруҳлар ва қатламларнинг манфаатларини максимал даражада ҳисобга олиш, мувофиқлаштириш ва имкон борича тўлароқ рўёбга чиқаришни назарда тутади.
Ижтимоий шериклик моҳият эътибори билан жамиятда консенсус ва осойишталик ўрнатилишига, шунингдек, турли ижтимоий гуруҳлар ва қатламлар ўртасидаги тарангликларни юмшатишга, турли даражадаги ҳокимият органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасида сиёсий бирдамликни шакллантиришга йўналтирилган бўлади.
Ҳар қандай мамлакат ҳудудида аҳолининг кўпчилиги манфаатларини кўзлайдиган адолатли ижтимоий тартиботларни жорий этиш фақатгина давлат органларининг иши эмас. Жаҳон тарихи гувоҳлик беришича, ижтимоий низоларни алоҳида ҳолда давлат ҳам, оила ҳам, бозор муносабатлари ҳам ҳал этолмайди. Фақатгина ижтимоий шериклик, яъни ижтимоий-сиёсий майдондаги турли кучларнинг конструктив мулоқотигина инсонларга хос турмуш кечириш имкониятларини бериши мумкин. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ижтимоий шериклик муносабатларини ҳаётга тадбиқ этишнинг асосий мақсади давлат ва фуқаролик жамиятлари ўртасида катта ижтимоий аҳамиятга молик дастурларни амалга оширишда ўзаро ҳамкорликни таъминлашдир.
Ўзаро ҳамкорлик жамиятда мавжуд бўлган қашшоқлик, жиноятчилик, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, етимлик сингари ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун зарур. Бу жараёнда иштирок этаётган барча томонлар ана шу муаммоларни ҳал этишда ўзларининг масъулиятларини ҳис этишлари лозим. Айни пайтда улар бу муаммоларни ҳал этиш учун турлича имкониятлар ва турлича тасаввурларга эга. Ана шу турличалик, ўзаро тафовутлар, баъзи зиддиятларга қарамай ўзаро шериклик муносабатларини ўрнатиш мумкин ва зарур.
Ижтимоий шерикликнинг муҳим қирраларидан бири ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш йўллари ва усулларини биргаликда топиш, бу муаммоларни ечишга кенг жамоатчиликни жалб этиш ҳамдир.
Ижтимоий шерикликнинг тадбиқ этилиши давлатнинг кучли, барқарор ва самарадор бўлишига олиб келади, чунки у ҳокимиятнинг мақсадлари ва ҳаракатларини кенг жамоатчилик томонидан маъқулланиши, қўллабқувватланишини таъминлайди. Ижтимоий шериклик ғоялари кенг халқ оммаси мақсадлари ва манфаатларига яқин бўлиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилганда, у кўпчилик аҳоли томонидан қўллаб-қувватланади. Бу тамойил халқни ҳокимият билан яқинлаштиради, адолатли, самарали жамият шаклланишига кўмаклашади.
Демократик тамойилларга амал қиладиган давлатнинг мақсади ҳуқуқий давлатни шакллантиришдир. Ҳуқуқий давлат фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Кўнгилли жамоат бирлашмаларида, касаба уюшмаларида, хайрия жамғармалари ва бошқаларда иштирок этиш ҳар бир фуқаронинг шахсий иши бўлса ҳам, аслида у жамият ва шахснинг муносабатлари даражасини кўрсатадиган индикатор ҳисобланади. Бундай бирлашмаларда иштирок этиш бир томондан шахсий иш бўлса, иккинчи томондан, улкан сиёсий аҳамиятга эга бўлган ижтимоий ҳодисадир. Фуқаролар ўз эркинликлари ва ҳуқуқларидан фойдаланиб, жамоат бирлашмаларига аъзо бўлар экан, ўз зиммаларига муайян масъулият ва мажбуриятни оладилар. Жамоат бирлашмаларига аъзо бўлишдан аввал фуқаролар ўша бирлашмаларнинг мақсадлари, тамойиллари, стратегия ва тактикаларидан хабардор бўлишлари зарур.