8.4.Ҳисларни кечириш шакллари
Ҳиссиёт кечинмалари турли ҳолатларда турлича тезлик билан пайдо бўлади. Баъзан ҳиссиёт тўсатдан, дарҳол пайдо бўлади. Масалан, киши бирдан хурсанд бўлиб кетади, дарҳол ғазабга келади, аччиқланади ва ҳокозо. Лекин баъзан шу ҳиссиётлар ўзи дафаътан қўзғалмайди, балки аста-секин туғила бошлайди. Шундай ҳиссий кечинмаларнинг қай даражада тез пайдо бўлмаслигини белгилаш қийин ёки бутунлай билиб бўлмайди. Эмоционал кечинмаларнинг кучи турлича бўлиши мумкин. Ҳиссиётларни кучи аввало ёқимли ва ёқимсиз туйғуларнинг нақадар кучли бўлишидадир. Ҳиссиётнинг кучи шу ҳиссиётни шахснинг нақадар эҳтирос билан кечирилганлиги билан белгиланади.
Ҳиссиётнинг қўзғалиш хусусиятлари пайдо бўлиш йўлини кучи ва барқарорлиги бир қанча сабабларга боғлиқдир. Атроф-муҳитнинг ҳолати шу пайтдаги эҳтиёжларнинг кучи шу хислат тўзилишига сабаб бўлган ҳодисаларнинг шахсий ва ижтимоий аҳамиятини англаши, одамнинг дунёқараши, бу хислат қандай вазиятда пайдо бўлиши ва ўтмиши ҳамда шахснинг индивидуал хусусиятларига боғлиқдир. Ҳисларнинг айни вақтда нақадар тез кучли ва барқарор бўлишига кўра ҳис-туйғуларнинг қуйидаги турлари фарқланади: ҳиссий тон, эмоциялар, аффект, стресс, кайфият ва бошқалар.
Ҳиссий тон. Ҳиссиёт кўпинча фақат ҳиссий тус сифатидаги руҳий жараёнларнинг ўзига хос томони тариқасида намоён бўлади. Ёқимли суҳбатдош, кулгули воқеа, ёқимсиз ҳид, зерикарли китоб, кўнгилдаги машғулот, ҳушчақчақ саёҳат, оғир иш кабилар. Ҳиссий тон тушунчасига кўпгина адабиётларда турлича таърифлар учрайди. Жумладан, А.В.Петровскийнинг «Умумий психология” дарслигида ҳиссиёт жон сезги ёки идрок жараёнида шахснинг идрок қилинган нарса ва ҳодисага муносабатини ифодаловчи махсус ҳиссий бўёқ ёқимли ёки ёқимсиз идрок билан боғланган ҳиссиёт, деб таърифланади. Профессор Э.Ғозиев томонидан ҳиссий тон-у ёки бу ҳиссиётнинг инсон томонидан бевосита кечирилиши (кечиши) жараёнидан иборатдир. Қ.Турғунов луғатида ҳиссий тон - ҳиссиёт сезги ёки идрок жараёнида шахснинг идрок қилинган нарсага ҳодисага муносабатини ифодаловчи махсус эмоционал бўёқ ёқимли ва ёқимсиз кечинма бевосита сезги ёки идрок билан боғланган ҳиссиёт. Масалан, оғриқ бир қатор қўзғовчилар яққол ифодаланган ёқимсиз ҳиссий тон билан ажралиб туради.
Кўпинча эмоциялар ўзининг таъсирчанлиги билан бир-биридан ажралиб туришига қарамай, бундай сифатни ҳиссий ҳолатлар стеник (юнонча сўздан олинган бўлиб, куч деган маънони англатади) хусусиятли дейилади. Бунда эмоциялар дадил хатти-ҳаракатларга, мантиқий мулоҳазаларга, нисбий изланишларга куч қувват, қаноат бағишлайди. Масалан, хурсандчиликдан шахс «парвоз қилади», «юлдўзни нарвонсиз олади», кимларгадир холис ёрдам қилишга шошади. Фаоллик қилиб, тинчимаслик унинг сифатига айланади. Қ.Турғунов луғатида стеник ҳисга қуйидаги таърифлар учрайди: стеник ҳислар - шахснинг ҳаёт фаолиятини куч-ғайратининг орттирадиган барча билиш жараёнларини фаоллаштирадиган ижобий ҳиссиёт тури. Аксарият ҳолларда хушхабар, муваффақият шахсда стеник хусусиятли эмоцияларни вужудга келтиради.
Баъзи ҳолларда эмоциялар ўзининг сустлиги, моторли, кучсизлиги билан тавсифланади. Бундай ҳиссий ҳолат астеник (юнонча сўздан олинган бўлиб, кучсизлик, заифлик маъносини билдиради) деб аташади. Бундай ҳиссиёт инсонни бўшаштиради, уни хаёлга чўмдиради, хаёлпараст қилиб қўяди. Шу сабабдан фавқулотда шахсдаги бефойда эмоционал кечинмага, уялиш, виждон азоби, андиша эса қўрқоқликка айланиб қолиши хавфи кучли.
Психик жараёнлардан айниқса, эмостия ўзининг аниқ ташқи ифодасига эга бўлиши билан тавсифланади. Эмоционал ўзгаришлар организмнинг ташқи ўзгаришларида шу қадар яққол ифодаланадики, биз одамни ташқи кўринишига қараб, унда қандай хусусиятлар юз бераётганини, унинг хурсанд ёки хафалигини, ғазабланганлигини ёхуд бирор нарсадан қўрқиб кетганини ва шу каби ҳис-туйғуларнинг кўпини айтиб бера оламиз. Ҳиссиётларнинг ташқи аломатлари ифодали ҳаракатлар деб аталади.
Эмоцияларнинг ташқи ифодаси турли кўринишларда рўй берадики, унда асосий ўринни кўргазмали жиҳатлар асосий ўрин эгаллайди.
Биринчидан, эмоциялар нафас олиш аъзоларининг ишларида ўзгариш ясайди. Масалан, ёқимли ҳис-туйғулар ишга тушганда нафас олишнинг тезлиги ва ампилитудаси ортади, ёқимсиз ҳис-туйғулар устун келганда камаяди, қўзғалган вақтида нафас ҳаракатлари тезлашади ҳамда чуқурлашади, зўр бериш вақтида-секинлашади ва юзакилашади, ҳаяжон вақтида тезлашади, ҳамда кучсизлашади, кутилмаган ҳолатда, ҳайрон қолишда зудлик билан тезлашади, қўрқувда секинлашади ва ҳакозолар.
Турли эмоционал ҳолатларда нафас олишнинг ўзгариши
а) хурсандликда нафас олиш бир минутига 17 марта;
б) фаол хафаликда 9 марта;
в) қўрқишда 64 марта;
д) жаҳл чиққанда 40 марта.
Do'stlaringiz bilan baham: |