Суғурта деганда келтирилиши мумкин бўлган зарарни махсус ташкилотга тўланган аъзолик тўловлари орқали қоплашни таъминлаш тушунилади.
Иқтисодий маънода суғурта – жавмият ва унинг аъзоларининг назарда тутилмаган эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган марказлашган ва марказлашмаган пул захираларини ва моддий маблағларни ташкил этиш бўйича бўладиган муносабатлар тизими ҳисобланади.
Моддий маънода суғурта – табиий офатлар, бахтсиз ходисалар ҳамда маълум бир ходисаларнинг содир бўлиши билан келтирилган зарарни қоплаш учун фойдаланиладиган махсуслаштирилган муассасаларнинг пул жамғармаларидан ташкил топади.
Ўзбекистон Республикасида суғурат муносабатлари суғурта ташкилотларининг фаолиятини ташкил этиш ва ҳуқуқий тартибга солиш асослари Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 5 апрелдаги “Суғурта фаоляити тўғрисида”ги қонунида ўз ифодасини топган. Унга кўра суғурта деганда жисмоний ва юридик шахслар тўлайдиган суғурта мукофотларидан шакллантириладиган пул фондлари ҳисобидан муайян воқеа (суғурта ҳодисаси) юз берганда ушбу шахсларга суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товонини тўлаш йўли билан уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тушунилади.
Суғурта фаолияти деганда эса суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг суғуртани амалга ошириш билан боғлиқ фаолияти тушунилади.
Суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари суғурта фаолиятининиг субъектлари ҳисобланади.
Суғурталовчилар, суғурта воситачилари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари ҳисобланади.
Суғурта брокери, қайта суғурта брокери ва суғурта агенти суғурта воситачилари ҳисобланади.
Суғурталовчи – суғурта шартномасига кўра суғурта товони тўловини амалга ошириш мажбуриятини олувчи юридик шахс.
Суғурта брокери – суғурта қилдирувчининг номидан ва топшириғига биноан суғурта шартномаси тузилиши ва ижро этилишини ташкил қилиш бўйича фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс.
Суғурта агенти – суғурталовчининг номидан ва топшириғига кўра суғурта шартномасининг тузилиши ва ижро этилишини ташкил қилиш бўйича фаолият юритувчи юридик ва жисмоний шахс.