11-МАВЗУ: ДИДАКТИКА ТАЪЛИМ НАЗАРИЯСИ СИФАТИДА.
ТАЪЛИМ МАЗМУНИ, ДАВЛАТ ТАЪЛИМ СТАНДАРТЛАРИ.
Режа:
1.Дидактика ҳақида тушунча
2.Ўқитиш қонуниятлари ва принциплари
3.Таълим мазмуни моҳияти ва тарихий хусусиятлари
4.Давлат таълим стандартлари
Таянч иборалар!
Дидактика, таълим, ўқитиш, дитактика категориялари, ўқитиш қонуниятлари, ўқитиш принциплари, таълим мазмуни, ўқув режа, ўқув дастури, дарслик, давлат таълим стандартлари.
1. Дидактика ҳақида тушунча.
Дидактиканинг предмети ва вазифалари. Дидактиканинг ташкил топиши ва ривожланиши. Таълим барча даврларда ҳам ижтимоий ҳодиса саналади. Унинг ёрдамида шахс ва ижтимоий муҳитнинг ўзаро таъсири мустаҳкамланади. Таълим шахс томонидан ижтимоий тажрибаларнинг ўзлаштирилиш жараёнини тезлаштиради, уни зарур кўникма ва малакалар билан қуроллантиради.
Бу тушунчани буюк чех педагоги Ян Амос Коменский (1592-1670 йиллар) “Буюк дидактика” (1657 йил) номли машҳур асарида тилга олади. Айни ўринда педагог “дидактика бу фақат таълимгина эмас, балки тарбиялаш ҳам” эканлигини алоҳида қайд этади.
Дидактиканинг предмети, функциялари ва вазифаси. Дидактика предметини аниқлаш бўйича турли қарашлар илгари сурилган. Кўпчилик олимлар таълим объекти деб ўқитиш жараёнининг мақсади, мазмуни, қонуниятлари, методлари ва тамойилларини кўрсатадилар.
Дидактика таълимни ижтимоий тажрибани бериш воситаси сифатида эътироф этилади. Таълимий фаолиятни ташкил этишда ўқитувчи – ўқувчи, ўқувчи – ўқув материали, ўқувчи – бошқа ўқувчилар ўртасидаги муносабатлар юзага келади.Ўқиш, ўрганиш таълим жараёнининг ажралмас хусусиятидир. Ижтимоий тажрибани ўргатиш жараёни сифатида таълим икки шахс (ўқувчи ва ўқитувчи) ўртасидаги муносабатларга асосланади.
Дидактикага таълимнинг мазмунли ва жараёнли жиҳатларини биргаликда ўрганиш хосдир. Амалиётни қайта ташкил этиш ва такомиллаштириш масалаларини назарда тутган ҳолда дидактика таълимни фақатгина ўрганиш объекти сифатидагина эмас, балки илмий асосланган лойиҳалаштириш объекти сифатида қарайди.
Дидактиканинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
Дидактиканинг илмий-назарий вазифаси таълимнинг мавжуд жараёнларини ўрганиш, унинг турли жиҳатлари ўртасидаги боғлиқликлар, уларнинг моҳиятини очиб бериш, ривожланиш тенденциялари ва келажагини аниқлашдан иборатдир.
Ўзлаштирилган назарий билимлар таълим амалиётини йўналтириш, таълимни жамият томонидан қўйилаётган ижтимоий талабларга мувофиқ такомиллаштиришга имкон беради. Таълим мазмунини англаб олиш, таълим тамойиллари, таълим метод ва воситаларини қўллаш меъёрларини аниқлаш асосида дидактика амалий-меъёрий ҳамда ташкилий-технологик вазифани бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |