Асинхрон усулда ишга тушириш. Бу усул билан синхрон моторни ишга тушириш учун ротор қутблари учликларида ишга тушириш чулғами ўрнатилган бўлиши лозим. Бу чулғам асинхрон моторнинг қисқа туташтирилган чулғамига ўхшаган бўлади.
Синхрон моторни асинхрон усулда ишга тушириш схемаси 24.5,a-расмда келтирилган. Статор чулғами уч фазали ток манбаига уланганда ундан уч фазали ток ўтиб, статорда айланма магнит майдон ҳосил бўлади. Бу майдон ротордаги ишга тушириш чулғамини кесиб ўтиб, унда ЭЮК ва ток ҳосил қилади. Ишга тушириш чулғамидаги ток айланма магнит майдон билан таъсирлашиб электромагнит куч (24.5,c-расм) ва айлантирувчи моментни ҳосил қи лади. Агар Мem > Мт бўлса ротор айлана бошлайди, роторнинг айланиш частотаси статор айланма магнит майдонининг синхрон айланиш частотасига
яқинлашганда (n = 0,95n1) қўзғатиш чулғамига ўзгармас ток берилади. Бу ток синхронловчи момент Ms ни ҳосил қилади. Шу момент таъсирида мотор синхрон айланиш частота билан ишлай бошлайди.
24.5–расм. Синхрон моторни: a – асинхрон усулда ишга тушириш схемаси ва b – ишга туширишдаги асинхрон моментлар, бунда: Ма – асосий момент; Мqo’sh – қўзғатиш чулғами контурида бир ўқли эффект туфайли вужудга келадган қўшимча момент; Ms.k – синхронизмга киритиш моменти; Mi.t – ишга тушириш моменти; Fem – ишга тушириш чулғами стерженларидаги электромагнит кучлар; Q.Ch – қўзғатиш чулғами; QU – қайта улагич; ri.t – асинхрон усулда ишга туширишда қўзғатиш чулғамига уланадиган актив қаршилик;
Ишга тушириш вақтида қўзғатиш чулғамини очиқ қолдириб бўлмайди, чунки статорнинг айланма магнит майдони ўрамлар сони кўп бўлган қўзғатиш чулғамида унинг изоляцияси ва синхрон моторни ишга туширувчилар учун жуда хавфли бўлган катта қийматли ЭЮК ҳосил қилади. Шунинг учун синхрон моторни ишга туширишда унинг қўзғатиш чулғами ўз қаршилигидан тахминан 10 марта катта бўлган актив қаршилик (ri.t10 rqo’z) ка уланган бўлиши лозим.
Қўзғатиш чулғамини қисқа туташтириш ҳам мумкин эмас, чунки бу ҳолда у носимметрик бўлган бир фазали контурни ҳосил қилади. Бу контур қўшимча моментни ҳосил қилиб, синхрон моторнинг механик характеристикасида айланиш частотасининг n = ns /2 га яқин қийматида айлантирувчи моментнинг камайишига олиб келади (24.5,b-расм). Бунинг оқибатида ротор айланиш частотаси синхрон қийматигача ета олмаслиги ҳам мумкин.
Агар синхрон мотор уланадиган тармоқнинг қуввати нисбатан кам бўлса, моторни асинхрон усул билан ишга туширишда ишга тушириш токининг таъсиридан тармоқда жуда катта кучланиш пасайиши ҳосил бўлади. Бундай ҳолда ишга тушириш токини камайтириш учун синхрон мотор тармоққа автотрансформатор, реактор ёки токни чеклайдиган бошқа қурилмалар ёрдамида уланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |