4. Нарх ва товар сиёсати.
Ишлаб чиқарувчи нархнинг маркетинг ҳудудини кенгайтиришдан манфаатдор, бунинг учун маркетинг воситаларининг бутун тизимидан фойдаланади. Нарх ва маркетинг фаолиятининг бошқа ташкил этувчилари ўртасида узвий боғлиқликлар мавжуд. Улар қуйидагиларда намоён бўлади:
1. Товарнинг ҳаётий даври давомида нархлар ўзгариб туради. Бу ўзгаришлар динамикаси ва катталиги корхона амал қиладиган маркетинг стратегияси билан, шунингдек, рақобатчилар ва бозорнинг корхона нарх сиёсатига жавобан реакцияси билан белгиланади.
2. Нархлар даражаси товар сифати ва савдо хизмат кўрсатиш даражасининг индикатори ҳисобланади. Паст нархлар истеъмолчи тасаввурида паст сервис ёки ёмон сифат билан боғланади.
3. Товар ҳаракати каналининг қатнашчилари бажарадиган функциялар етарли даражада рағбатлантирилиши учун нарх белгилашда маълум даражада эркинликка эга бўлишлари керак.
4.Ҳар хил нархли ўхшаш товарлар ўртасида пастроқ нархли товарлар кўпроқ истеъмолчилар диққатини ўзига жалб қилади.
5. Нарх сиёсати маркетинг комплексининг бошқа элементларини самарали тўлдириб, улар билан ўзаро алоқада бўлиши керак. Уларга сотилишларни рағбатлантириш бўйича тадбирлар, реклама, ўраш, маркировка, сотилишларнинг шакли ва усуллари киради.
6. Нархлар соҳасидаги сиёсат узоқ вақт давомида ўзгармас бўлиши ёки, аксинча, тез-тез ўзгариб туриши мумкин, яъни бозорнинг ўзгарувчан шароитларига тез мослашишни таъминлаб, нархлаштиришга эгилувчан ёндашувни мақсадга мувофиқ ҳолда амалга ошириши керак.
7. Ишлаб чиқариш харажатлари маҳсулот таннархини белгилайди. Агар харажатлар камайса, корхона нархни пасайтириб, фойда улушини ошириши мумкин. Ҳозирги замон амалиётида корхона буни амалга ошириши жуда қийин.
8. Нархли рақобатда нарх талаб эгри чизиғи бўйлаб ҳаракат қилади. Талабни кўтариш учун нархни пасайтириш керак. Агар корхона нархни рақобатчиларга қараганда юқорироқ қуйса, у истеъмолчиларини йўқотиши мумкин. Демак, нархли рақобат вужудга келган бозор даражасидан пастроқ нархларни белгилашга олиб келади. У харажатларни минималлаштиришда устунликларга эришиши билан боғлиқ.
Нарх сиёсатини режалаштириш битта нарх сиёсатини ёки бир нечта вариантларни танлашни кўзда тутади. Маркетинг тизимида нарх сиёсатини шакллантиришга ҳар хил ёндошувлар мавжуд. Бу қуйидаги йўналишлардир: ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг ҳисоби, фойдани белгиланган миқдорда олишнинг зарурлиги, бозорнинг турли хил сегментларидаги харидорларнинг талаби ва имкониятлари, рақобат шартлари. Уларнинг ҳар бири бўйича маркетинг дастури ва нарх стратегияси ишлаб чиқилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |