10 (1)-мавзу. Ўзбекистон Республикасида архивлар тизими
Режа:
1. Идоравий архивлар
2. Давлат архивлари
3. Фуқароларнинг шахсий таркиб архивлари
Республикамизда ўтган даврларда шаклланган ва ўз самарадорлигини амалда исботлаган архив тизими асосан сақланиб қолди. Бу тизим урушдан кейинги йилларда шаклланиб, асосан давлат архивлари, идоравий архивлар ва шахсий архивларни ўз ичига олади.
Идоравий архивлар. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қошида ҳужжатларни вақтинча сақлаш, улардан хизмат, ишлаб чиқариш, илмий ва бошқа мақсадларда фойдаланиш мақсадида идоравий архивлар ташкил этилган. Қонунда белгиланганидек, зарурат туғилганда идоравий архив ўрнига бирлашган идоравий ёки идоралараро архивлар ҳам тузилиши мумкин. Идоравий архивларда ҳужжатлар вақтинча сақланади. Белгиланган муддатдан сўнг идоравий архивларнинг ҳужжатлари давлат архивига топширилади. Ҳужжатларни идоравий архивларда сақлаш, улардан фойдаланиш ва ўз вақтида давлат архивларига топшириш учун мазкур идора ёки муассаса раҳбари шахсан жавобгардир. Идоравий архивларнинг фаолияти, ҳужжатларни идоравий архивлардан давлат архивларига ўтказиш тартиби “Архивлар тўғрисида"ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги тасдиқлаган низомлар асосида амалга оширилади.
Идоравий архивларда ҳужжатлар низомларда белгиланган муддат давомида сақланади. Бу муддатнинг қанча давом этиши у ёки бу муассасанинг иш фаолияти хусусиятлари билан боғлиқдир. Шаҳар, туман ва қишлоқ муассасаларининг идоравий архивларида ҳужжатлар 5 йил давомида сақланади. Вилоят муассасалари ва ташкилотлари ҳужжатлари идоравий архивларда 10 йил давомида сақланиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси олий давлат ва ҳокимият бошқарув органларининг ҳужжатлари идоравий архивларда 15 йил давомида сақланади. Ташқи ишлар вазирлиги ҳужжатлари 30 йил давомида, фуқаролик ҳолатларини қайд этиш (ЗАГС) ҳужжатлари эса 75 йил давомида идоравий архивларда сақланиши назарда тутилган. Мавжуд низомларга биноан, шахсий таркибга доир ҳужжатлар идоравий архивларда 40 йил давомида сақланиши керак.
Идоравий архивлар давлат архивларини янги ҳужжатлар билан тўлдириб борувчи асосий манбадир.
Давлат архивлар Ўзбекистон Республикасининг ҳозирги замон давлат архив тизими республиканинг сиёсий-маъмурий тузилиши асосида ташкил этилган. Республика давлат архив тизимига қуйидаги архивлар киради:
1. Қорақалпоғистон Республикаси марказий давлат архиви, вилоят давлат архивлари ва уларнинг филиаллари, Тошкент шаҳар давлат архиви;
2. Республика марказий давлат архивлари.
Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси марказий давлат архиви, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоят давлат архивлари ҳамда Тошкент шаҳар давлат архиви фаолият кўрсатмоқда. Жойларда уларнинг 61 та филиали мавжуд.
Фуқароларнинг шахсий таркиб архивлари ташкил этилган. Ҳар бир шахснинг ҳаёти ва фаолияти давомида унинг ихтиёрида маълум ҳужжатлар тўпланади. Бу ҳужжат ва материаллар ўша фуқаронинг шахсий архивини ташкил этади. Бундай архивлар гарчи фуқароларнинг шахсий мулки бўлса-да, уларда давлат аҳамиятига молик ҳужжатлар ҳам сақланиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун ҳам бундай ҳужжатлар экспертиза қилингандан сўнг Ўзбекистон Миллий архив фондига киритилади ва бу ҳужжатларнинг эгалари уларнинг сақланишини таъминлашлари зарур. Шахсий архивлардаги бундай ҳужжатларни эгасининг розилиги билан мулк ҳуқуқи сақланган ҳолда давлат архивлари, музей ва кутубхоналарда шартнома асосида доимий ёки депозитар (вақтинча) асровга олиниши мумкин.
Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, ҳозирги кунда Ўзбекистонда давлат, идоравий ва шахсий архивлар мавжуд бўлиб, бу архивларда республикамизнинг ўтмиши ва ҳозирги кунини ўзида акс эттирган бебаҳо ҳужжатли манбалар сақланмоқда. Уларни нес-нобуд қилмасдан келажак авлодларга етказиш архив ходимлари ва барча фуқароларнинг муқаддас бурчидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |