1. Вокзал 1921 йилнинг 14 май куни Сергей Есенин дўсти Григорий Колобов билан поездда Москвадан Самара орқали Тошкентга, хат ёзишиб турадиган яқин дўсти Александр Ширяевецникига келади
1. Вокзал 1921 йилнинг 14 май куни Сергей Есенин дўсти Григорий Колобов билан поездда Москвадан Самара орқали Тошкентга, хат ёзишиб турадиган яқин дўсти Александр Ширяевецникига келади. Шоир уч ҳафта давомида стол-стул, ёзув машинкаси кабилар билан жиҳозланган махсус вагонда яшаб, шу ерда меҳмонларни қабул қилади.
Ҳозир ушбу жойда Тошкент шимолий вокзали жойлашган.
2. Александр Ширяевецнинг уйи Тошкентда Сергей Есенин биринчи ташриф буюрган жой рус шоири, ёзувчи ва драматурги Александр Ширяевецнинг бир хонали уйи эди. Сергей Есенин у билан узоқ йиллар давомида ёзишмалар олиб борган.
Ҳозирда у хонадон сақланиб қолмаган. Лекин Олой бозори кўчаси, 58-уй манзили бўйича худди шундай қўшни хонадон сақланиб қолган.
3. «Турон» ёзги кинотеатри Сергей Есенин «Турон» кинотеатрида сеанслар бошланиши олдидан Тошкент Пролетар ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлган дўстлари билан бирга чиқишлар қилган.
Ҳозир бу жойда эски курантлар жойлашган.
4. «Шайхонтоҳур» меъморий ансамбли Сергей Есениннинг сўзларига кўра, Шайхонтоҳур меъморий ансамбли унинг Тошкентдаги энг севимли жойларидан бири бўлган. Шоир ҳайратига сабаб бўлган бу жойга илк бора мусулмонлар байрами Рамазон ҳайити арафасида ташриф буюради. У эрталаблари дўстлари билан ансамбль ичкарисида жойлашган чойхонага тез-тез келиб турган.
Ҳозир бу ҳудудда Ёшлар театри қаршисидаги Алишер Навоий кўчаси жойлашган.
5. Туркистон халқ кутубхонаси Тошкент пролетар ёзувчилар уюшмаси таклифига кўра, 1921 йилнинг 25 май куни Сергей Есенин ушбу кутубхонада кенг омма олдида чиқиш қилади, шу куни мутолаа зали лиқ тўлган, залга сиғмаганлар эса ойнадан бош суқиб шоирни тинглашганди. Машҳур шоир Туркистон халқ кутубхонасига Москвадан олиб келган бир неча китобларини совға қилади.
Туркистон халқ кутубхонаси тахминан ҳозирги Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси жойлашган, «Мустақиллик» метро бекатидан чиқиш жойида бўлган.
6. Луначарский номидаги маъориф уйи Бу ерда Сергей Есенин дўстлари Александр Ширяевец ва Павел Дружинин билан тошкентлик шоир Семён Овсянниковнинг адабий кечасида иштирок этади. Майнинг иккинчи ярмида эса Сергей Есенин шу ерда шеъриятдаги имажинизм йўналиши тўғрисида маъруза қилади.
Ҳозир бу ерда Тошкент давлат юридик университети бош биноси жойлашган.
7. Якшанба бозори Янги Тошкент марказидаги Якшанба бозорида Сергей Есенин РСФСРнинг Афғонистондаги биринчи элчиси Фёдор Раскольников билан танишади. Фёдор Раскольниковнинг сўзларига кўра, улар шоир ош ейдиган бозордаги чойхонада танишишган.
Ҳозир бу ерда Алишер Навоий театри яқинидаги «Тошкент гуллари» дўкони жойлашган.
8. Тошкентлик шоир ?.Вольпиннинг уйи Бу ерда дўстлари Александр Ширяевец ва ?.Вольпин Сергей Есенинни Тошкентга келгунича бир ой мобайнида поездда ёзилган «Пугачёв» достонини илк марта ўқиб беришга кўндиришади.
Ҳозир бу ерда Сайилгоҳ кўчаси жойлашган.
9. «Қишки Хива» кинотеатри Тошкентдаги илк кинотеатр. Ўша даврларда шаҳардаги барча кинотеатрларда сеанслар олдидан турли чиқишлар уюштирилган. Ана шундай намойишлардан бирида оркестр ўрнига шоирлар чиқиш қилади ва уларнинг орасида Сергей Есенин ҳам ўз шеърларидан ўқиб беради.
Ҳозирда бу ерда зиналар ва фонтан бор (собиқ КГБ биноси жойлашган чорраҳа).
10. Норбековлар уйи Шеърият мухлиси бўлган Норбековлар хонадонида Сергей Есенин илк бор ўзбек шеъриятидан намуналар тинглайди ҳамда карнай ва доира садолари янграган тантанада иштирок этади.
Ҳозир бу ерда Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғи жойлашган.
11. Сергей Есенин қизининг қабри Машҳур шоирнинг қизи Татьяна Сергеевна Есенина журналист ва ёзувчи бўлган. 1941–1992 йилларда Тошкентда яшаб, ижод қилган. Вафотидан сўнг Боткин номидаги қабристонга дафн этилган.
Бу жойда ҳозир ҳам Боткин номидаги қабристон жойлашган.