1 Молиявий бошқарувнинг барча тизими давлатнинг молиявий сиёсатига асосланади. Шунинг учун ҳам молиявий сиёсат молиявий бошқарув тизимида энг асосий элемент ҳисобланади. Молиявий сиёсат давлатнинг молиявий муносабатлар соҳасидаги мустақил фаолиятидир. Бу фаолият давлатнинг у ёки бу иқтисодий ва социал ривожланиш дастурини амалга ошириш учун тегишли молиявий ресурслар билан таъминлашга қаратилган. Молиявий сиёсат ўз-ўзини босиб турувчи мустақил аҳамиятга эга бўлиб, бир вақтнинг ўзида ижтимоий фаолиятнинг ҳар қандай соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Бу ерда унинг иқтисодиёт, социал соҳа, ҳарбий ислоҳотлар ёки халқаро муносабатлар бўлиши принципиал аҳамиятга эга эмас.
2 Молия тизими доирасида молиявий ресурсларни қайта тақсимлаш ҳар доим маълум бир мақсадларга эришишга йўналтирилган бўлади. Бу нарса маълум бир тарзда бошқарув схемасини ташкил этишни тақазо этади. Шу маънода ва энг умумий кўринишда бошқарув субъектининг бошқарув объектига мақсадга йўналтирилган таъсири бошқарув дейилади Давлат жамиятнинг социал-иқтисодий тараққиёти учун зарур бўлган молиявий ресурсларни соғломлаштиришга (нормаллаштиришга) қаратилган муносабатлар тизимини такомиллаштириши ва бу ресурсларнинг самарали ҳамда оқилона фойдаланиши устидан назоратни амалга ошириши керак. Ана шу вазифани (муаммони) бажариш (ечиш) молиявий бошқарувнинг зиммасига юклатилган. Молиявий бошқарувнинг объекти сифатида молиявий муносабатларнинг турли кўринишлари, шу жумладан, давлатнинг социал тузуми (тузилиши), мамлакатдаги сиёсий кучларнинг жойлашиши (нисбати) ва қайта тақсимлаш жараёнларига таъсир кўрсатадиган бошқа омиллар билан белгиланадиган ўзига хос бўлган молиявий муносабатлар майдонга чиқади. Давлат молияси, маҳаллий молия ва хўжалик юритувчи субъектлар молиясида молиявий бошқарувнинг субъекти бўлиб молиявий аппарат деб номланувчи махсус хизматлар ҳисобланади.
3 Молиявий назоратни амалга оширувчи субъектларга кўра унинг қуйидаги турлари мавжуд:
Умумдавлат молиявий назорати давлат ҳокимият органлари (президент, ҳукумат, Олий мажлис, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва бошқалар) томонидан амалга оширилади. Бу турдаги молиявий назоратнинг бош мақсади даромадларнинг тушиб туриши ва давлат харажатларининг сарфланиши бўйича давлат ва жамиятнинг манфаатларини таъминлашдан иборат.
Идоравий молиявий назорат вазирликларнинг назорат-тафтиш бошқармалари ва бошқа таркибий тузилмалари томонидан амалга оширилиб, шу идорага бўйсунувчи корхона, ташкилот ва муассасаларнинг фаолиятини қамраб олади.
Хўжалик ичидаги молиявий назорат корхона ва ташкилотларнинг иқтисодий ва молиявий хизматлари томонидан ўтказилади. Бу ерда молиявий назоратнинг объекти сифатида корхона, ташкилот ва муассасаларнинг хўжалик ва молиявий фаолияти майдонга чиқади.
Жамоатчилик молиявий назорати нодавлат ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Назоратнинг объекти унинг олдига қуйилган вазифаларга мувофиқ равишда аниқланади.
Мустақил молиявий назорат махсус органлар: аудиторлик фирмалари ва бошқа хизматлар томонидан ўтказилади.