[
ОКОЗ:
1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.09.00 Ўрта таълим]
[
ТСЗ:
1.Ижтимоий-маданий масалалар / Таълим]
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг
буйруғи
Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 11 январда 3118-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги ПФ-5538-сон «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:
[
ОКОЗ:
1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.02.00 Таълим тизимини бошқариш]
1. Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Ш. ШЕРМАТОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 26 декабрь,
16-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг 2018 йил 26 декабрдаги 16-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақидаги
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги ПФ-5538-сон «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ умумий ўрта таълим муассасаси кузатув кенгашининг (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) мақсади, вазифалари, ваколатлари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом давлат умумий ўрта таълим муассасаларига (бундан буён матнда таълим муассасаси деб юритилади) татбиқ этилади.
Мазкур Низом нодавлат умумтаълим ташкилотлари учун тавсиявий хусусиятга эга.
2. Кенгаш юридик шахс ҳисобланмайди ва давлат рўйхатидан ўтказилмайди.
3. Кенгашнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
таълим муассасасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоят халқ таълими бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий бошқармалар деб юритилади) томонидан тавсия этилган номзодлар таркибидан таълим муассасаси раҳбарини сайлаш;
таълим муассасасининг мақсадлари ва вазифаларини ҳамда уларга эришиш режаларини тасдиқлаш;
таълим муассасасида амалга оширилиши белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ва мақсадли кўрсаткичларга эришилиши устидан назорат олиб бориш.
4. Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, фармонлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек, таълим муассасасининг Устави ҳамда мазкур Низом асосида амалга оширади.
2-боб. Кенгашнинг вазифалари
5. Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тавсия этилган номзодлардан таълим муассасаси раҳбарини сайлаш, шунингдек, белгиланган тартибда уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида таклифлар киритиш;
таълим муассасасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш;
таълим муассасаси раҳбарининг муассаса фаолиятини такомиллаштириш, молиявий-хўжалик ҳолати, даромадлар ва харажатлар, бюджет, бюджетдан ташқари, ҳомийлик ва бошқа маблағлардан фойдаланиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботларини вақти-вақти билан тинглаш;
таълим муассасаси раҳбарининг тақдимномаси бўйича йиллик молиявий режаларни, кўрсатилаётган пуллик хизматлар нархининг миқдорларини ва муассаса мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақи миқдорини, шу жумладан аукциондаги бошланғич нархни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
ўқувчилар учун яратилган шароитлар устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш;
ўқувчилар ва улар ота-оналарининг мурожаатларини кўриб чиқиш, таълим муассасасининг педагог ва раҳбар ходимлари фаолияти тўғрисида ижтимоий сўровларни ўтказиш;
таълим муассасасининг фаолиятини ташкил этишга тааллуқли бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этиш.
3-боб. Кенгаш фаолиятини ташкил этиш ва таркибини шакллантириш
6. Таълим жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик таъсирини кучайтириш, ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари, уларга тегишли шарт-шароитлар яратиш ҳамда таълим-тарбия жараёнларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир таълим муассасасида Кенгаш ташкил этилади.
7. Кенгаш 7 кишидан кам бўлмаган тоқ сондан иборат таркибда тузилади. Бунда, Кенгаш таркибига ўқувчиларнинг ота-оналари орасидан камида 2 нафар, собиқ битирувчилар орасидан 2 нафар ва нафақадаги собиқ педагоглар орасидан 1 нафар ҳамда ҳомийлар орасидан 2 нафар аъзо киритилади.
Кенгаш аъзоларининг сони чекланмайди.
8. Кенгаш аъзолари тегишли таълим муассасаси умумий йиғилишида ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан очиқ овоз бериш орқали сайланади.
Кенгашнинг биринчи йиғилишида иштирок этаётган аъзолар умумий сонининг оддий кўпчилик очиқ овоз бериши орқали Кенгаш раиси ва котиби сайланади. Бунда, Кенгаш раиси ва котиби Кенгаш аъзолари томонидан сайланади.
9. Таълим муассасаси директори ёки унинг ўринбосарлари, шунингдек, уларнинг яқин қариндошлари Кенгаш аъзолари сифатида сайланишига йўл қўйилмайди.
10. Кенгаш таркиби 3 йил муддатга сайланади. Бунда Кенгаш таркиби ҳар ўқув йили бошида кўриб чиқилиши мумкин.
11. Кенгаш аъзоси этиб сайланган ота-оналарнинг фарзандлари бошқа таълим муассасасига ўтказилганда ёки битириб кетганда, Кенгашнинг ушбу аъзоси Кенгаш аъзолари қаторидан чиқарилади ва унинг ўрнига ота-оналар орасидан бошқа аъзо сайланади.
Кенгаш аъзоси кенгашнинг йиғилишларида сурункали 3 марта узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда, у Кенгаш аъзолари таркибидан чиқарилади.
4-боб. Кенгаш йиғилишларини ташкил қилиш ва ўтказиш
12. Кенгашнинг биринчи йиғилиши туман (шаҳар) халқ таълими бўлими томонидан тегишли таълим муассасасида ташкил этилади.
Бевосита Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ёки ҳудудий бошқармаларига бўйсунадиган таълим муассасаларида Кенгашнинг биринчи йиғилиши тегишлича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тегишли таълим муассасасида ташкил этилади.
13. Кенгаш ҳар чоракда камида бир марта йиғилади. Зарур ҳолларда навбатдан ташқари йиғилишлар ўтказилиши мумкин.
14. Кенгаш йиғилиши баённома билан расмийлаштирилади.
15. Кенгаш йиғилишида унинг умумий аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этганда Кенгаш қарор қабул қилиши мумкин.
16. Кенгаш ўз фаолиятини дахлсизлик, ошкоралик, шаффофлилик, адолатлилик тамойилларига мувофиқ олиб боради.
17. Кенгаш қарорлари аъзоларнинг тенг ҳуқуқлилиги асосида очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Ҳар бир Кенгаш аъзоси битта овоз ҳуқуқига эга. Овозлар тенг бўлган ҳолларда Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
18. Кенгаш йиғилишларига Кенгаш раиси раислик қилади.
19. Кенгаш раиси ўз ваколатини вақтинчалик бажариш имконияти бўлмаган ҳолларда (хизмат сафари, таътил ва касаллик даврида), унинг вазифасини бажариш Кенгаш аъзоларидан бирига вақтинча юклатилади.
20. Кенгаш йиғилишлари мазкур Низом талабларига мувофиқ ташкиллаштирилиши ва ўтказилиши ҳамда ҳужжатларнинг тўғри ва тўлиқ расмийлаштирилиши учун Кенгаш раиси масъул ҳисобланади.
21. Кенгаш йиғилиши ўтказилишидан камида 10 кун олдин йиғилиш ўтказиладиган кун, вақти, жойи ва муҳокама этиладиган масалалар ҳақида кенгаш аъзолари хабардор қилиниши лозим. Кенгаш аъзоларини хабардор қилиш учун Кенгаш раиси масъул ҳисобланади.
22. Таълим муассасаси раҳбари Кенгаш ишини ташкил қилиш (ҳужжатларни расмийлаштириш ва сақлаш учун зарур бўлган хона, таълим муассасаси фаолияти билан боғлиқ маълумотлар ва канцелярия жиҳозлари билан таъминлаш) учун масъул ҳисобланади.
23. Кенгаш йиғилишлари ўтказилганлиги ҳақида баённомалар йиғилиш ўтказилган кундан бошлаб 3 кундан кечиктирмай тегишлича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармаларига тақдим этилиши лозим.
24. Кенгаш фаолиятига туман (шаҳар) халқ таълими бўлими аралашмайди ва унга ҳисобдор эмас.
25. Кенгашнинг фаолияти бўйича маълумотларни ҳар чоракда таълим муассасасининг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида ёки таълим муассасасининг барча кўриши мумкин бўлган жойига жойлаштириш тавсия этилади.
5-боб. Кенгашнинг ҳуқуқ ва ваколатлари
26. Кенгаш ўзига юклатилган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
таълим муассасасининг тегишли давридаги фаолияти бўйича таълим муассасаси директоридан маълумотларни сўраш ва олиш;
таълим муассасасининг молиявий ҳисоботлари билан танишиш;
ҳомийлик ва хайрия маблағларининг кирим қилиниши ҳамда сарфланиши ҳақидаги маълумотлар билан танишиш;
таълим муассасаси педагогларининг шаъни, қадр-қиммати, обрўсини ҳимоя қилиш бўйича таклифлар киритиш.
27. Кенгаш қуйидаги ваколатларга эга:
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан таълим муассасаси директори лавозимига тавсия этилган номзодларнинг меҳнат фаолияти, хулқ-атвори, тажрибаси, ташаббускорлиги ҳамда жамоадаги обрўсини ўрганади ва тавсия этилган номзодлар орасидан энг муносиб номзодни очиқ овоз бериш йўли билан директор лавозимига сайлайди;
Кенгаш аъзолари томонидан номзодга қарши овоз берилган тақдирда, уни директорлик лавозимига тайинлашни рад этиш ҳақида номзодни тавсия этган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаларига маълум қилади;
таълим муассасаси директори ва директор ўринбосарларининг бошқарув фаолияти, таълим-тарбия жараёнини сифатли ташкил этилиши ҳамда ўқувчилар, уларнинг ота-оналаридан ноқонуний пул йиғимлари ундирилмаслиги бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатади;
таълим муассасасининг умумий йиғилишларида қатнашади, ўқувчилар ва ота-оналарнинг манфаатларини ҳимоя қилади;
таълим муассасасида ижтимоий-маънавий муҳитнинг бузилиши, таълим сифатининг пасайиб кетиши, тизимли муаммоларнинг келиб чиқиши, педагоглар билан маъмурият ўртасида ёки ота-оналар билан маъмурият ўртасида низоли ҳолатлар келиб чиққан тақдирда, таълим муассасаси директорини лавозимидан озод этиш бўйича ҳудудий бошқармаларга таклиф киритади.
6-боб. Якуний қоидалар
28. Кенгаш аъзоларига мазкур Низомда белгиланмаган ваколатларига эга бўлишларига, таълим муассасаси директорининг қонунда белгиланган ваколатларига аралашишига йўл қўйилмайди.
29. Кенгаш ўз ваколати доирасига кирмайдиган ишларга аралашса ёки ўз вазифаларини тўлиқ таъминлай олмаса, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тарқатилиб юборилади. Бунда, Кенгашнинг янги таркиби мазкур Низомнинг 3-бобида назарда тутилган талаблар асосида қайта шакллантирилади.
30. Кенгашнинг фаолиятига таълим муассасаси раҳбари, ҳудудий бошқармалар, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа ташкилотлар аралашувига йўл қўйилмайди.
31. Таълим муассасасида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналаридан турли хил сабаблар билан Кенгаш аъзолари, таълим муассасаси раҳбари ва бошқа ходимлари томонидан пул маблағларини йиғиш қатъиян тақиқланади.
32. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
33. Кенгаш раиси, котиби ва аъзолари жамоатчилик асосида амалга оширадиган Кенгашдаги фаолияти юзасидан интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
34. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш. КУДБИЕВ
2018 йил 26 декабрь
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси К. РАФИКОВ
2018 йил 26 декабрь
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.01.2019 й., 10/19/3118/2468-сон)