Нарх ва унинг шаклланиши
Режа:
Нaрхнинг моҳияти ва вазифалари.
Эркин ва монополлашган бозорда нархнинг шаклланиш хусусиятлари.
Нархнинг турлари. Ўзбекистонда нарх сиёсати.
1. Нархнинг моҳияти ва вазифалари
Нарх муаммоси ва унинг ташкил топиши механизми иқтисодий назарияда энг мураккаб ва асосий ҳисобланади. Бозор иқтисодиётида нарх тизими асосий ташкилий куч сифатида намоён бўлади. Товарлар нархи тадбиркор учун асосий бир дастак ҳисобланади. У нархга қараб ўзининг шахсий эҳтиёжни қондириш йўлида ҳаракат қилади.
Сотувчи ва харидорнинг, алоҳида ишловчиларнинг, тадбиркорларнинг, тармоқларнинг, бутун жамиятнинг ва давлатнинг иқтисодий манфаатлари нархда акс эттирилган бўлади.
Нархнинг мазмунига уч ҳил ёндашувларни ажратиб кўрсатиш мумкин. Классик ёндашув (А.Смит, Д.Рикардо, Ж.С.Милл). Нарх – товар қийматининг пулдаги ифодаси эканлигини қайд қилади.
Неоклассик ёндашув. Нарх – товар нафлилигини бахолаш воситаси деб ҳисоблайди.
Ҳозирги замон неоклассик ёндашув (А.Маршалл). Нархга кейинги нафлилик, ишлаб чиқариш харажатлари ҳамда талаб ва таклиф нисбатининг пулда мужассамлашиши сифатида қарайди.
Ҳозирги жаҳон иқтисодий назариясида бу соҳадаги энг кенг тарқалган назария – бу А.Маршаллнинг нарх концепцияси ҳисобланади. Д.Робинсон, А.Маршаллнинг «Экономика принциплари» асарини иқтисодий назариянинг библияси деб айтади. М.Фридменнинг айтиши бўйича эса Маршаллнинг бу китобида нарх назарияси ҳозирги замон кўринишида тўлиқ шаклланган.
А. Маршалл ўзининг нарх концепциясида А.Смит, Д.Рикардо, Ж.Б.Сэй, Бем-Баврик ва бошқаларнинг назарияларига таянади хамда уларни умумлаштиради.
У ўз назариясида шу учта концепцияни: меъёрли фойдалилик, ишлаб чиқариш харажатлари, талаб ва таклифни нарх назариясига бирлаштирмоқчи бўлади. У қийматнинг амал қилишини инкор этади. Фақат алмашув қиймат амал қилишини тан олади. Унинг фикри бўйича шу алмашув қиймат – нархдир.
А. Маршалл нарх деганда алмашув қийматини назарда тутади, яъни бошқача қилиб айтганда, унинг сотиб олиш қобилиятини ҳисобга олади. Нарх – бу товар ва хизматларнинг фойдалилигини, яъни кишиларга наф келтиришини баҳолаш воситаси бўлиб, товар бирлиги учун тўланадиган пул миқдори билан ўлчанади.
Нарх товар учун олинадиган пул бирлиги миқдори сифатида аниқланади. Бунда икки хил нархни ажратиб кўрсатишади.
а) талаб нархи бу – нарх ҳар бир товар бирлигининг харидорларни ўзига жалб қила олиш қобилиятидир (маълум вақтда), истаклар кўпайса у пасаяди.
б) таклиф нархи – бу товар сотувга келиб тушган нархдир.
Нарх – талаб ва таклифнинг муайян нисбатида, товар (хизмати)ни ишлаб чиқаришга кетган иқтисодий ресурс харажатлари ҳамда унинг нафлилигининг пул кўринишида ифодаланишидир.
Бозор иқтисодиёти шароитида нарх бир қатор вазифаларни бажаради:
Do'stlaringiz bilan baham: |