3. Ўзбекистон Республикасида юридик хизмат ҳақидаги қонунчиликнинг ривожланиши
А) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси юридик хизмат фаолиятининг асосий манбаи сифатида Мамлакатимизда юридик фанларнинг асосий манбаи бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси юридик хизмат фаолиятининг ҳам бош манбаи бўлиб ҳисобланади. Бир қарашдан Ўзбекистон Республикаси Конституциясида юридик хизмат фаолиятига оид нормалар мавжуд эмасдек туюлади. Бироқ Конституциянинг айрим моддаларининг мазмуни синчковлик билан таҳлил этиладиган бўлса унда юридик хизмат фаолияти билан боғлиқ бўлган нормаларни учратиш мумкин. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида юридик хизмат фанининг предметларидан бирини юридик хизмат тизими ташкил этади. Юридик хизматни тизимга ажратиш эса Конституция нормаларига асосланган ҳолда амалга оширилади. Мисол учун давлат ҳокимияти олий органларининг, давлат бошқаруви органларининг ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг конституциявий ҳуқуқий мақомлари бевосита Конституцияда ўз ифодасини топган. Айнан мазкур органларга юклатилган вазифалардан ҳамда ваколатлардан келиб чиққан ҳолда уларнинг юридик хизмати томонидан бажариладиган ишлар белгилаб берилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга ошириши белгилаб қўйилган. Демак, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари юридик хизматининг асосий вазифаси улар томонидан чиқарилаётган қонунларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасида эса иқтисодиётнинг, ижтимоий ва маънавий соҳанинг самарали фаолиятига раҳбарликни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлаш Вазирлар Маҳкамасининг вазифаси эканлиги белгилаб қўйилган. Вазирлар Маҳкамаси юридик хизматининг фаолияти бевосита мазкур вазифаларни бажаришга қаратилган бўлади. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 мартдаги 212-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Юридик таъминлаш бошқармаси тўғрисида НИЗОМ”1 ўз ифодасини топган. Мазкур низом билан таништирилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 12 боби “Жамиятнинг иқтисодий негизлари” деб номланади. Мазкур бобнинг 53-моддасида бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаши ўз ифодасини топган. Конституциянинг 54-моддасида эса мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши белгилаб қўйилган. Мазкур қоидалар бевосита хўжалик юритувчи субъектларга тааллуқлидир.Хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизмати эса юридик хизмат тизимининг таркибига киради. Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолияти асосан шартномаларга асосланганлиги туфайли уларнинг юридик хизмати фаолиятининг муҳим йўналишларидан биришартнома ҳамда талабнома-даъво ишларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашдан иборат.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ хўжалик юритувчи субъектларга юридик хизмат фақатгина уларнинг юридик бўлимлари томонидан эмас, балки айрим давлат органлари, адвокатура ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ҳам кўрсатилади. Айнан фуқароларга ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатадиган давлат органларидан бири бўлмиш прокуратуранинг ҳам ҳуқуқий мақоми бевосита Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 118-121-моддаларида ўз ифодасини топган.
Айрим хўжалик юритувчи субъектлар муайян сабабларга кўра нодавлат нотижорат ташкилот бўлмиш адвокатуранинг юридик ёрдамдан фойдаланишни афзал кўрадилар. Шунинг учун Конституциянинг 116-моддасида фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилган. (Адвокатурага оид қонун ҳужжатлари билан таништирилади).
Демак, юқорида айтиб ўтилганлардан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси юридик хизмат фаолиятини тартибга солувчи асосий манба эканлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Юридик хизматга оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур Конституция асосида ва уни ижро этиш юзасидан қабул қилинган.
Б). Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик йилларида юридик хизмат тўғрисида қабул қилинган норматив - ҳуқуқий ҳужжатлар Республикамиз мустақилликка эришгандан кейинги қисқа давр ичида юридик хизмат ходимларининг ҳуқуқ ва бурчларини тартибга солиш, қонунийликни таъминлашда уларнинг роли ва масъулиятини ошириш заруриятидан келиб чиқиб бир қатор қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 8 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони юридик хизмат тўғрисидаги қонунчиликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир. Чунки, унда биринчи марта Адлия вазирлигига юридик хизмат ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва аттестациядан ўтказишни ташкил қилиш вазифалари юклатилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 12 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг фаолиятини такомиллаштириш масалалари тўғрисида”ги 523-сонли Қарори билан Адлия вазирлиги ҳақидаги Низом тасдиқланди. Низомда республика вазирликлари, давлат қўмиталари, идораларининг юридик хизматларига услубий ёрдам кўрсатиш, ушбу идораларнинг уларга қарашли республика корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ташқи иқтисодий фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланди. Шу муносабат билан бу соҳада Адлия вазирлигининг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилди. Масалан, унга бошқарув идоралари ва корхоналарнинг юридик хизматлари ҳуқуқий иши ва фаолияти аҳволини текшириш ҳуқуқи берилди. Унда Адлия вазирлигининг юридик хизмат фаолиятини ва ҳуқуқий ишларни яхшилаш борасидаги йўриқнома ва кўрсатмалари мажбурий хусусиятга эга эканлиги белгилаб қўйилди.
Иқтисодиётдаги чуқур ўзгаришлар, бошқарув тизимини ислоҳ қилиш юридик хизмат фаолиятини такомиллаштириш, корхоналар юридик хизмати ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солиш, қонунчиликни таъминлаш борасида уларнинг роли ва масъулиятини ошириш заруриятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 1993 йил 2 мартдаги 118-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқарув органлари ва корхоналаридаги юридик хизмат тўғрисидаги Низом”ни тасдиқлади. (Мазкур низомқарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги 182-сонли «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ўз кучини йўқотган.).
Лекин ушбу Низом – мустақил Ўзбекистон Республикасининг юридик хизмат ҳуқуқий мақомини тартибга солувчи биринчи норматив-ҳуқуқий ҳужжати бўлиб, 12 бандни қамраб олган қуйидаги 3 бўлимдан иборат бўлган:
1) юридик хизмат ходимлари лавозимини эгаллаш тартиби;
2) бошқарув органлари ва корхоналар юридик хизматининг вазифалари;
3) юридик хизматнинг ҳуқуқи ва масъулияти.
Мазкур Низом ўша пайтда нафақат давлат бошқарув органлари ва корхоналари юридик хизматининг, балки хўжалик бошқарув органлари ва барча мулкчилик шаклларидаги корхоналар юридик хизматининг ҳуқуқлари, бурчлари ва масъулиятини белгилаган.