Давлат бошқаруви. Турк ҳоқонлигида давлатнинг олий ҳукмдори "ҳоқон" унвонига эга бўлган. Хитой манбалари маълумотларига кўра, туркийлар хонни тахтга ўтқазишда махсус маросим ўтказишган. Яъни, амалдорлар бўлажак хонни кигизга ўтқазиб, қуёш юриши буйлаб 9 маротаба айлантирганлар, иштирокчилар эса уни қутлаб ва улуғлаб турганлар. Сўнгра хонни отга ўтқазиб, бўйнига ипак мато боғлаганлар ва ундан "Сиз неча йил хон бўлмоқчисиз?" деб сўраганлар. У неча йил хон бўлишини айтган ва шу муддат тугагач тахтдан кетган.
Қадимги туркий афсоналарда берилишича, туркларнинг тасаввурига кўра, давлатчиликнинг маркази, давлатни ўз қўлида бирлаштирувчи шахс ҳоқон ҳисобланган. Бошқарувда ҳоқонларнинг ҳукмрон сулоласи асосий бўлиб у учта куч - осмон (тангри), ер-сувнинг куч ва иродаси ҳамда турк халқининг яратувчанлик фаолияти туфайли юзага келтирилади.
Ҳоқондан кейинги шахс, биринчи амалдор “Ябғу” (Баҳодир) бўлиб, у бош саркарда ҳисобланган. Аммо, ябғу тахтга меросхўрлик қила олмас эди. Туркий ҳоқонлиги тахтига ворислик тартиби турк давлатчилиги тузилиши учун хос бўлган улусларга бўлиниш тизимига асосланиб белгиланар эди. Ушбу тизимга кўра тахт аксарият ҳолларда отадан ўғилга эмас, акадан укага, амакидан жиянга мерос қолар эди. Тахт меросхўри тегин (шаҳзода) деб юритилган.
Шаҳзодалар то тахтга ўтиргунларига қадар ўзларига берилган улусларни бошқариб турганлар. Ўрта Осиёдаги маҳаллий ҳокимларнинг фаолиятини назорат қилувчи амалдор, ҳоқоннинг назоратчиси –“тудун” деб аталган. Туркий ҳоқонлиги конфедератив давлат бўлган. Туркийлар ўз юрти ва давлатини "эл" деб аташган. Биринчи турк ҳоқони Буминхон элхон унвонига эга бўлганлиги бежиз эмас.
Ҳоқонлик таркибидаги кўплаб қабила ва элатларни бирлаштириш ва бошқариб туриш, улардан маълум миқдордаги солиқлар ва ўлпонларни ўз вақтида йиғиб олиш мақсадида ҳоқонликда махсус маъмурий ва ҳарбий-сиёсий бошқарув тизими жорий этилган эди. Давлатни бошқаришда олий ҳукмдорга унинг якин қариндошлари, аввало, ҳукмрон сулола аъзолари ҳамда улар томонидан барпо этилган бошқарув тизими ёрдам берар эди. Манбаларнинг маълумот беришича, у тўртга бўлинган.
Яъни, қариндошлар, ҳоқонга иттифоқдош бўлган қабила ва халклар; ҳоқоннинг ўнг томонида ўтирувчи амалдорлар ва маъмурий ходимлар; ҳоқоннинг чап томонида ўтирувчи амалдорлар ва ходимлардан иборат бўлган. Ҳоқоннинг қариндошлари - ўғиллари, амакиси, жиянлари ва ака-укаларига "тегин" унвони берилган. Хитой манбаларида маълумот берилишича, ҳоқонликдабешта олий мансаб - еху (ябғу), ше (шод), деле (тегин), силифа (элтабар) ва тутунфа (тудун) қабилар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси мерос қилиб қолдирилган.
Туркий ҳоқонлиги давлатининг асосини ер билан бирга халқ ташкил этар эди. Ўз даврида Ўрта Осиёда давлатчиликнинг мустақил ва анъанавий шаклларини ривожлантирган туркийлар давлати мавжуд жамиятнинг муайян ижтимоий тузилмаларига ва қадимги туркларнинг давлат томонидан ташкил этилган ҳамда назорат қилинадиган хўжалик фаолиятига таянар эди. Тарихий адабиётларда берилишича, бу фаолиятнинг асосини кўчманчи чорвачилик ташкил этган. Чорвадор туркларда уруғ-қабилачилик анъаналари ниҳоятда кучли бўлиб, қабила ва уруг жамоаларининг асоси катта оилалардан иборат бўлган. Кўчманчи чорвадорлар халқ оммасини турклар "будун" ёки "кора будун”деб аташган.
Ҳоқонликда кенг микёсда деҳқончилик ҳам қилинар эди. Хитой манбалари, "гарчи турклар доимий яшаш жойларига эга бўлмаса ҳам, лекин уларнинг ҳар бирининг ажратиб берилган ери бор"лиги ҳақида маълумот беради. Айнан мана шундай "ажратиб берилган ер"ларда деҳқонлар мавжуд сув манбалари ҳамда лалмикор ерлар имкониятдан фойдаланиб асосан донли экинлар етиштирганлар. Мевали дарахтлардан боғ-роғлар етиштиришга алоҳида аҳамият берганлар. Манба тили билан айтганда, "(мевали) дарахтлар савлат тўкиб турган".
Туркий ҳоқонлигининг марказий бошқарув тизими асосан йирик сиёсий давлат тадбирлари (давлат осойишталигини сақлаш, давлат сарҳадларини кенгайтириш, солиқ тизими, ички ва ташқи савдо, дипломатик муносабатлар ва бошқ.) билан машғул бўлиб ўзлари забт этган ҳудудлардаги бошкарув тизимига маълум даражада эркинлик берилган. Шунинг учун ҳам Фарғона, Суғд, Шош, Тохаристон, Хоразм ва бошқа мулклардаги бошқарув тартиби асосан маҳаллий сулолалар қўлида бўлган. Мисол учун, Суғд ва Фарғонада олий ҳукмдор - "ихшид” Тохаристонда - "маликшоҳ", Хоразмда - "хоразмшоҳ", Кешда – “иҳрид", Бухорода - "худот", Уструшонада - "афшин'', Чоч ва Илокда – “будун" деб аталган.
Туркий ҳоқонлик даврида Суғд ҳудудларига ҳозирги Панжикентдан Карманагача бўлган ерлар кирган. Бухоро эса, VII асрдан бошлаб мустақил мулклар иттифоқидан иборат бўлган. Суғднинг маҳаллий ҳокимлари айрим вақтларда Чоч ва Хоразмнинг мустақил ҳукмдорлари билан бирлашар эдилар. Бундай йирик сиёсий бирлашмалар маълум муддатларда йирик шаҳарларда ўз қурултойларини ўтказиб турганлар.
Фарғона Суғд сиёсий иттифоқига кирмаган бўлиб, у алоҳида мустақил давлат эди. Уни афшин бошқарган бўлиб, фарғоналиклар Тяншан халқлари билан ўзаро алоқада бўлганлар. Хоразм бошқа мулкларга нисбатан анча мустақил эди. Мамлакатни Африғийлар сулоласига мансуб подшолар бошқариб турган.
Таъкидлаш лозимки, Турк ҳоқонлиги маълум даражада тўлиқ ишлаб чиқилган жиноий қонунчиликка эга бўлган. Содир этилган жиноят учун жазонинг асосий турлари –қатл этиш, одам аъзоларини кесиб ташлаш, зарарни тўлаш, мол-мулк тарзида товон тўлашдан иборат эди. Мисол учун, манбаларнинг маълумот беришича, ўлим жазоси давлатга қарши жиноятлар учун (исён кўтариш, сотқинлик) ҳамда ноҳак ёки қасддан одам ўлдирганлик учун берилган. Ўғирлик қилган ёки бузуқлик қилган шахснинг қўли ёки оёғи кесилган. Шахсга қарши қаратилган бошқа жиноятлар етказилган зарарни ўн баробар қилиб тўлаш, жароҳат етказгани ёхуд майиб қилгани учун мол-мулк тарзида товон тўлаш, қизи, хотинини қулликка бериш, суягини синдирганлик учун эса от бериш йўли билан жазоланарди.
Do'stlaringiz bilan baham: |