Лойиҳа мазмуни қуйидаги талабларга мос бўлиши зарур:
тадқиқот натижаларининг лойиҳа якуни билан амалий тадқиқотлар ва келгусида тажриба-конструкторлик ҳамда инновацион лойиҳаларга ўтиши цикли аниқ кўрсатилганлиги;
тақдим этилган лойиҳанинг ижрочи ташкилот илмий (илмий-техник) кенгашида пухта муҳокамадан ўтказилиб, халқаро ҳамкорлар хулосалари билан асослантирилганлиги ҳамда юқори турувчи ташкилот (вазирлик/идора) томонидан лойиҳадан кутилаётган натижалар республика иқтисодиёти ва ижтимоий соҳани ривожлантириш учун зарурлиги (эҳтиёжнинг мавжудлиги) таъкидланган тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги; лойиҳанинг фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқлиги; лойиҳанинг мақсадли танлов мавзуси ва шартларига мувофиқлиги; мавзунинг долзарблиги, тадқиқотнинг янгилиги ва ушбу йўналишда илмий натижаларнинг мавжудлиги ва даражаси ҳамда янги билимларни олиш, янги назариялар, усуллар, тушунчаларни яратишга қаратилганлиги.
Фундаментал лойиҳаларни амалга ошириш муддатларини фан йўналишлари кесимида қуйидаги муддатларга мувофиқ шакллантириш тавсия этилади:
а) қуйидаги фан йўналишлари бўйича амалга ошириладиган фундаментал лойиҳаларни 3 йил муддатга (2021–2023 йиллар) мўлжаллаб шакллантириш ва амалга ошириш тавсия этилади: тарих ва ижтимоий-гуманитар фанлар; филология, психология ва педагогика фанлари; иқтисодиёт ва ҳуқуқ фанлари; информатика, ахборот-коммуникация технологиялари;
б) қуйидаги фан йўналишлари бўйича амалга ошириладиган фундаментал лойиҳаларни 4 йил муддатга (2021–2024 йиллар) мўлжаллаб шакллантириш ва амалга ошириш тавсия этилади: археология фанлари; қишлоқ хўжалиги, ветеринария ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш; архитектура, қурилиш, дизайн ва шаҳарсозлик; ўрмон хўжалиги; ер тўғрисидаги фанлар;
в) қуйидаги фан йўналишлари бўйича амалга ошириладиган фундаментал лойиҳаларни 5 йил муддатгача (2021–2025 йиллар) мўлжаллаб шакллантириш ва амалга ошириш тавсия этилади: математика, физика, механика фанлари; техника фанлари; тиббиёт фанлари; фармакология ва фармацевтика; кимё фанлари; кимёвий технологиялар ва нанотехнологиялар; биология, биотехнология, экология фанлари. Фундаментал лойиҳани амалга ошириш даври белгиланган беш йилгача бўлган муддат доирасида узайтирилган (ёки ўзгартирилган) ҳолатда унинг келгуси (узайтирилган ва/ёки ўзгартирилган) даврда илмий тадқиқотларни амалга оширишдан кутилаётган натижалари асослаб берилган ва Ижрочи ташкилот Илмий (илмий-техник) кенгашининг қарорига асосан тасдиқланган бўлса, лойиҳа муддатини белгилаш масаласи Инновацион ривожланиш вазирлиги (Буюртмачи) томонидан кўриб чиқилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |