Танлов мавзуларини шакллантиришда йўл қўйилаётган асосий камчиликлар Илмий-тадқиқот ишларининг сифати ва самарадорлиги, албатта, мавзунинг қандай шакллантирилганлиги ҳамда мақсад ва вазифаларнинг тўғри ва аниқ белгиланганлигига боғлиқ. Зеро, илм-фан соҳаси олдидаги муҳим вазифа – миллий иқтисодиётимизни технологик ва инновацион жиҳатдан модернизациялаш жараёнларини тўла-тўкис таъминловчи, самарали ва рақобатдош тадқиқот ҳамда ишланмаларни шакллантиришдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилган амалий ва инновацион тадқиқотлар натижалари улар якунланганидан сўнг тўлиқ тижоратлаштирилиши шартлигидан келиб чиққан ҳолда, лойиҳа мавзусида кутилаётган натижа ёки маҳсулот аниқ кўрсатилиши шарт. Яъни муайян муаммо ёки унинг ечимини “такомиллаштириш”, “жадаллаштириш”, “ўрганиш”, “тадқиқ қилиш”, “таҳлил қилиш”, “чуқурлаштириш”,“татбиқэтиш”,“жорийэтиш”,“оптималлаштириш”, “услубларини ишлаб чиқиш”, “...хоссалари”, “...механизмлари” “...хусусиятлари”ниўрганиш, “луғатёкиўқувқўлланмаишлабчиқиш”га бағишланган мавзулар амалий ва инновацион лойиҳаларга қўйилган ҳозирги кун талабларига жавоб бермайди ва рад этилишига сабаб бўлади.
Тематик лойиҳа мавзуси аниқ технология яратиш ёки ишлаб чиқиш, янги нав, тур, прототип, модель ёки хизматнинг янги авлоди ёки турини яратиш, замонавий ахборот технологиялари асосида қўлланмалар ёки дарсликлар, электрон виртуал портал, мобиль илова ёки хизматлар платформасини яратишга йўналтирилган бўлиши керак.
Тематик лойиҳалар танловини эълон қилиш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
1. Вазирлик ва идоралар томонидан таклиф этилган тематик лойиҳалар мавзулари қабул қилинади.
2. Мавзулар ўрнатилган тартибда маълумотлар базасига киритилади ва фан йўналиши бўйича тегишли бошқармаларга йўналтирилади.
3. Тегишли бошқармалар таклифларни ўрганиб чиқади ва экспертизадан ўтказади (1-илова). Экспертиза жараёнида қуйидаги жиҳатлар эътиборга олинади:
қўлга киритилиши режалаштирилаётган якуний натижа (маҳсулот, ишланма, технология)нинг тавсифи;
эҳтиёжнинг мавжудлиги (етарлилиги) тўғрисида таҳлилий кўрсаткичлар; хорижий аналогларидан қиёсий устунлигини кўрсатувчи индикаторлар;
таклиф этилаётган мавзу доирасида илгари бажарилган (бажарилаётган) фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларнинг мавжудлиги;
агар тематик лойиҳа мавзусини ўзгартиришга зарурат бўлса, бошқарма томонидан тавсия этилган (шакллантирилган) мавзу.
4. Ижобий хулоса берилган тематик мавзулар лойиҳалар танловида эълон қилиш учун тайёрланади (зарур ҳолларда таклифни қайта ишлаш жараёнига таклиф берувчилар жалб этилиши мумкин). Салбий хулоса берилган тематик мавзулар бўйича таклиф киритган вазирлик ва идораларга асослантирилган жавоб хатлари юборилади.
5. Тегишли бошқармалар томонидан экспертизадан ўтказилган мавзулар Фан ва илмий-техник тадқиқотларни ривожлантириш бошқармаси томонидан умумлаштирилган ҳолда кўриб чиқиш (экспертизадан ўтказиш) натижалари бўйича якуний хулоса берилади (2-илова). 6. Экспертиза натижаларига кўра ижобий баҳоланган мавзулар танлов эълон қилиш юзасидан якуний хулоса бериш учун Инновацион ривожланиш вазирига киритилади.