69% иш берувчилар ҳуқуқшуноснинг муваффақиятини унинг бағрикенглиги, сезгирлиги, ҳамдард бўла олиши билан боғлайди.
19% и эса ҳуқуқшуноснинг давомли муваффақияти учун вақт ўтиши кераклигини таъкидлашади, холос.
Шу нарса аниқки, мижозлар ва юридик фирмалар эмпатияни юқори қўйишади. Сўровларга кўра, мижозлар ҳам, ҳуқуқшунослар ҳам эмпатияни юристлар муваффақияти учун жуда муҳим кўникма сифатида баҳолашади.
Бошқага қайғудош бўлиш, инсонни тушунишга ҳаракат қилиш, эмоционал ишлаш – муваффақиятли мулоқот калитидир. Шундай экан, ҳайрихоҳ бўлинг, ёрдам беринг, инсоннинг камчиликларини, нотўғри ҳатти-ҳаракатларини қабул қилишга тайёр эканлигингизни кўрсатинг, бағрикенг бўлинг.
Гарчи юридик соҳанинг ўзида ҳам эмпатияга эҳтиёж юқори бўлишига қарамай, афсуски, сўнгги йилларда инсонлар бир-бирига камроқ қайғурадиган ва камроқ ҳайрихоҳлик кўрсатадиган бўлиб бормоқдалар.
Талаба-юристлар орасида ҳам худди шу ҳолатни кўриш мумкин. Таълим олишнинг биринчи йилидан кейин, уларда коммуникабеллик ва инсонларга бўлган қизиқишнинг пасайиши, альтруизмнинг (бошқалар фойдасига, ўз манфаатлари билан ҳисоблашмасдан, беғараз ҳаракат қилиш) тушиши кузатилади.
Эмпатия, касб этикети якка шахснинг ҳам, корхонанинг ҳам имижини шакллантиришда энг муҳим омиллардан биридир. Маълумки, замонавий бизнесда фирма ёки ташкилот имижига катта аҳамият берилади. Жамоатчилик фикрига кўра, ахлоқ қоидаларига амал қилинадиган ташкилот билан ишлаш доимо ёқимли. Америкалик психолог Дэйл Карнеги ўзининг «Қандай қилиб дўст орттириш ва одамларга таъсир ўтказиш мумкин» деган китобида одамларга ёқиш санъатининг олтита қоидасини таклиф қилади.
Биринчи – бошқа одамларнинг ҳаёти билан самимий қизиқиш. Одамларни ўрганиш учун ўзингиз тўғрингизда камроқ гапириб, кўпроқ бошқаларни эшитинг. Суҳбатда “мен” олмошини камроқ ишлатинг. Унинг ҳаёти, соғлиғи, қизиқишлари ҳақида сўранг.
Иккинчи – табассум қилинг. Юзида, кўзида табассум порлаган инсон ҳаммага ёқади. Киноя, пичингсиз, самимий табассум орқали “Сизни кўрганимдан хурсандман, сиз билан суҳбатлашиш менга ҳузур бағишлайди” дегандек бўласиз.
Учинчи – суҳбатдошингизга исмини айтиб мурожаат қилинг. Одамларнинг исмини эслаб қолиш учун уни бир неча марта хаёлан такрорланг, яхшиси ёзиб қўйинг.
Тўртинчи – суҳбатдошингизни эшитишни ўрганинг. Унга ўзингиз жавоб беришни истаган саволларни беринг.
Бешинчи – суҳбатдошингизга қизиқ бўлган мавзуда гаплашинг. Бу унинг юрагига энг тўғри йўлдир.
Олтинчи – дўстларингиз, ҳамкасбларингизга уларнинг сиз учун, жамоа, оиласи учун қадрли эканликларини уқтиринг. Бу гапни самимий айтинг. Бошқаларнинг яхши хислатларини кўра билинг, уларни мақтанг, яхши амаллари учун миннатдорлик билдиринг. Яхши сўзлар атрофдагилар учун ёқимли ва бу ўзингизга ҳам яхши таъсир кўрсатади. Ўзингизнинг меҳрибонроқ бўла бошлаганингизни ҳис қиласиз.
Кўряпсизки, бу тавсиялар ҳам раҳбарлар, ҳам хизматчилар учун бирдек фойдалидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |