Замонавий социологиянинг предмети ва объекти.
Фан предмети – фундаментал тушунчаларнинг мантиқий ўзаро боғланган ва қарама-қарши бўлмаган тизими ҳисобланиб, мазкур фаннинг тадқиқот усулларига йўналтирилган объектив реаллик қисмини ифодалайди. Фан предмети деб аталадиган тушунчалар мажмуи алоҳида фактларни мунтазам, такрорланадиган ҳодисалар бўйича тартибга солади ва ташкил этади. Социологни танҳолиги ёки ноёблиги эмас, қонунийлиги ёки типиклиги қизиқтиради.
Социология – бу ижтимоий тизимлар, уларнинг вазифалари, ижтимоий тизим ва жамоаларнинг (дунё, жамият, институт, гуруҳ, ташкилот, оила, шахс) ҳаракатланиш ва ривожланиш (фаолияти ва ўзаро таъсири) қонуниятлари (қонуниятлар, тенденциялар), ҳақидаги фандир. Социология табиий ва техник фанлар билан кўпгина умумийликка эга. Мазкур ўзаро муносабатларнинг сабаби шундаки, социологик билишнинг объекти жамият ҳисобланади. Бироқ «жамият» тушунчасини социологиянинг предмети сифатида дастлабки аниқлаш учун белгилаш етарли эмас. Жамият барча гуманитар фанлар тадқиқотининг обьекти ҳисобланади. Тадқиқ этувчининг фаолияти йўналтирилган барча нарсалар билиш объекти ҳисобланади. Бунга мувофиқ равишда социология объекти деганда жамиятнинг яхлит социал воқелиги тушунилади, унда объектив ижтимоий ҳодисаларни ажратишимиз мумкин (яъни ижтимоий муносабатлар, ижтимоий ташкилотлар, ижтимоий жамоалар, ижтимоий жараёнлар, ижтимоий институтлар, ижтимоий субъектлар).
Социология предметларига шахс, ижтимоий гуруҳлар, жамоа ва бутун жамият фаолияти ва ривожланиши қонун ва қонуниятлари, шунингдек, жамиятнинг ижтимоий ҳаёти (социал субъектларнинг ижтимоий мавқелар, роллар, ижтимоийлашув муаммолари бўйича ўзаро таъсири) киради. Замонавий социология предмети – узоқ вақт давом этган тарихий ривожланиш натижаси бўлиб, кўплаб олимлар авлодларининг меҳнатлари маҳсулидир, улардан ҳар бири янги билим тамойилларини қўшиб борган, юзага келган вазиятни кўриб чиққан, танқид қилган, баҳс-мунозара олиб борган, янгилик киритган, текширган ва шу йўл билан бугун социология предмети соҳасига киритилганларни барчасини элакдан ўтказган. Социология предметининг бош сабабчиси иккита тушунча ҳисобланади - «статус» ва «рол». Биринчиси жамиятнинг статистик, иккинчиси эса динамик тасвирини очиб беради. Инсоннинг гуруҳдаги ёки жамиятдаги ўрни, ҳолати статус (мавқе) деб аталади. Тўлдирилмаган мавқеларнинг мажмуи бизга жамиятнинг ижтимоий тузилмасини беради. Ижтимоий мавқелар ижтимоий муносабатлар билан, шахсий мавқелар эса шахслараро муносабатлар билан боғлиқ. Социология учун инсонлар қандай шахсий муносабатларга киришишлари эмас, балки улар орасидан қандайдир асосийроқ бўлган қарашлар, яъни социал муносабатлар муҳимдир.
Жамият ҳақидаги фанлар умумий тизимида социология фани хусусиятиниятини юқорида зикр этилгандек тушунтириш, ҳозирги замон социологиясининг предметини шундай таърифлашнинг имконини беради: Социология жамиятни мураккаб ижтимоий организм сифатида ўрганади. Социология жамиятни мавжуд таркибий тузилмалари моҳияти, уларнинг ҳаракат тенденциялари ва тараққиёт қонуниятларини социал ташкил этилган тизимда тадқиқ этади. Шунингдек, социология асосий эътиборни жамиятни хар хил ижтимоий ва ҳудудий тузум босқичларида вужудга келадиган кенг маънодаги инсонлараро муносабатлари ва жамоатчилик фикрини ўрганишга қаратувчи фандир. Социология фани жамиятнинг турли соҳалари иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маънавий-ахлоқий ва бошқа тармоқларида тадқиқотлар ўтказади. Мамлакатимизда социологиянинг роли ортиб бормоқда, бу фанга умумий қизиқиш кучаймоқда. Буни тушуниш мумкин, чунки Ўзбекистонда ҳозир янги ижтимоий-сиёсий ва маънавий иқлим шаклланди. Ижтимоий ҳаётнинг барча жабхаларида ўзгаришлар кузатилмоқда, социал таркибда ўзгаришлар қайд қилинмоқда, янги ижтимоий институтлар ва муносабатлар пайдо бўлмоқда. Ватанимизда социология ҳеч қандай тўсиқсиз ривожланиш ва мустақил ижтимоий фан сифатида ўзини англаш имконияти туғилди. Жамиятимизда кузатилаётган ижтимоий ўзгаришлар ва жараёнлар социология фанининг диққат марказида турибди. Социологик фикрлашнинг энг муҳим жиҳати жамият ҳаётида инсон шахсини тушунишдан иборатдир. Шахсга бўлган социологик нуқтаи назарнинг ўзига ҳослиги шундан иборатки, бу фан унга ижтимоий воқеиликни ўзгартирувчи фаол мавжудот сифатида қарайди. Ижтимоий институтлар кўп жихатдан инсон аҳлоқини ифодалайди, аммо айни шу вақтнинг ўзида улар инсон фаолиятининг ифодаси ва индивидларнинг ўзаро ижтимоий таъсири хосиласидир. Жамият тўғрисидаги хозирги билимларнинг ўзига ҳос ҳусусияти шундан иборатки, улар социологик фикрлашнинг кучли таъсири остидадир. Жамиятимизда кузатилаётган мураккаб жараёнларни социологик таҳлилсиз тўғри тушуниш мумкин эмас. Мамлакатимизда социологиянинг кейинги ривожланиши ва такомиллаштирилиши жамиятни чуқур ўрганиш ва англаш, жамият олдида турган ўтиш даврининг мураккаб муаммоларини анча самаралироқ ечишга имкон беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |