7-МАВЗУ : Омма олдидаги нутқ ва уни ривожлантириш усуллари.
Мавзунинг асосий масалалари
1. Омма олдидаги нутқ ва унинг таъсирчанлигини таъминловчи омиллар.
2. Нотиқлик услублари ва юридик нутқ турлари.
3. Ҳуқуқшунос нутқини тайёрлаш ва уни сўзлаш талаблари. Аудитория диққатини жалб этиш усуллари.
4. Юрист нутқи сифатига ижобий ва салбий таъсир этувчи омиллар.
Зарурий адабиётлар:
Mualliflar jamoasi. Shaxsiy rivojlanish. Darslik. – Т.: ТДЮУ, 2019. 120-136 b.
С. Усмонов, Ш. Зиямухамедова. Юрист нутқи амалиёти. Дарслик. – Т.: 2018. 177-201 б.
Ивакина Н. «Основы судебного красноречия» (Риторика для юристов). Учебное пособие, 3-е издание. – М.: Норма: ИНФРА-М, 2011. 14-67 с.
Андерсон К. «TED TALKS. Слова меняют мир: первое официальное руководство по публичным выступлениям». – М.: Идеолог и куратор TED, 2016. 34-78 с.
Anderson J. (2017). Secrets To Planning The Perfect Speech For Lawyers: How To Plan To Give The Best Speech Of Your Life! Create Space Independent Publishing Platform, USA. 9-53 р.
1. Омма олдидаги нутқ ва унинг таъсирчанлигини таъминловчи омиллар
Аввало, шуни таъкидлаш керакки, омма олдидаги нутқ мазкур нутқни ирод этаётган нотиқларга хос бўлган ранг-баранглик сони қанча бўлса, шунча турга эга ҳодисадир. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир нотиқнинг миллати (менталитети), ёши, билими, тажрибаси, интеллектуал даражаси, характер жиҳатлари, ҳатто жинсидаги ранг-баранглик бўлажак нутқнинг сифати ва самарасига жиддий таъсир кўрсатади. Биргина илм-фан ёхуд касб кишиларини оладиган бўлсак, масалан, файласуфнинг нутқи журналистникидан, сиёсатчининг маърузаси шифокорникидан, психологнинг нутқи прокурорникидан кескин фарқ қилади.
Кишилик жамияти пайдо бўлибдики, сўз ва нутқдан фойдаланиш, унинг имкониятлари доирасида фикр етказиш ва қабул қилишнинг турли усуллари шаклланган. Нотиқлик, воизлик ана шундай санъатдир. "Риторика", "ораторлик", "хатоба" номлари билан ҳам юритилувчи ушбу санъат ҳар бир даврда ўша замоннинг мафкурасига хизмат қилиб келган. Шу маънода, нотиқликни дудама ханжарга ўхшатишади. Яъни, у икки томони ҳам кесувчи қуролдир. Бир томонида адолат турса, иккинчи томонида адоват. Ким ундан қандай фойдаланишига боғлиқ. Бу санъатдан буюк бобокалонларимиз – Амир Темур, ҳазрат Навоий, Мирзо Бобурлар ҳам, Чингизхон, Гитлер, Геббельслар ҳам мақсадли фойдаланган.
Замон ривожи, инсонлар дунёқараши жадал ривожланган ва юксак тараққий этган технологиялар даврида ҳам нотиқликнинг ўрни беқиёс. Жаҳон миқёсида халқ қалби ва онги учун кескин ва шафқатсиз кураш кетаётган бир пайтда бу жараёнга қарши чуқур билим ва маърифат билан жавоб бера олиш, воизлик маҳорати орқали фикр етказиш санъатини эгаллашни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.
Нотиқлик, яъни мазмунли ва чиройли сўзлаш санъатининг келиб чиқиши қадимги Юнонистон билан боғлиқ. Қадимги юнонлар чиройли нутқ сўзлашни санъат деб баҳолаб, унинг моҳиятини изоҳлаб берганлар. Улар нотиқнинг учта вазифаси бор, деб ҳисоблашган:
бирор нарсани тушунтириш;
маълум бир тафаккурга, хулосага, айниқса, ҳаракатга ундаш;
тингловчиларда қониқиш ҳосил қилиш.
Тингловчиларда муайян фикр, ҳиссиёт (масалан, адолатпарварлик, қонунга итоаткорлик, жиноятчилик ва порахўрликка нафрат) уйғотиш ҳуқуқшунос нотиқнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Инсон ҳаёти давомида жуда кўп нутқ ва маърузалар тинглайди. Улардан ўзи учун зарур билим ва ахборот олади. Бу, албатта, нотиқ ва унинг нутқи сифатига боғлиқ.
Юристлар нутқи ҳам ўзига хос малака, оғзаки нутқ шаклларини эгаллашни талаб қилади. Рус нотиғи А.Ф.Кониннинг фикрига кўра, “сўзамоллик” ва нотиқлик бир хил тушунча эмас. Оддий “сўзамоллик”дан фарқ қилароқ, нотиқлик санъати саводли, ишонарли, мантиқан фикрлашда намоён бўлиб, бу даражага инсон кўп изланишлар, билим ва тажрибалар асосида эришади.
Do'stlaringiz bilan baham: |