6-МАВЗУ
ТАЙМ-МЕНЕЖМЕНТ: ЎҚИШ ВА ИШДА ВАҚТНИ САМАРАЛИ БОШҚАРИШ УСУЛЛАРИ
Мавзунинг асосий масалалари
1. Вақтнинг ҳуқуқшунос ҳаёти ва меҳнат фаолиятидаги аҳамияти.
2. Вақтни бошқариш кўникмаси ва ундан фойдаланишнинг афзалликлари.
3. Вақтдан унумли фойдаланишнинг амалий усуллари.
4. Тайм-менежмент бўйича муҳим тавсиялар.
Зарурий адабиётлар:
Mualliflar jamoasi. Shaxsiy rivojlanish. Darslik. – Т.: ТДЮУ, 2019. 105-119 b.
Полли Берд. Тайм менежмент. Гранд Файр пресс. Москва, 2004.
Анна Лакейн. Исскуства успевать. Перевод Ю. Емельянов, Н. Емельянова. «ФАИР», Москва, 1996.
Successful time-management. MTD Training. 1-st edition, London, 2010.
Юсупова Н. Тайм менежмент. Вақтни бошқариш санъати. – Т.: «Янги аср авлоди», 2009. 42-55 б.
Архангельский Г. Тайм-драйв. Как успевать жить и работать. – М.: «Манн, Иванов и Фербер», 2019. 45-78 с.
1. Вақтнинг ҳуқуқшунос ҳаёти ва меҳнат фаолиятидаги аҳамияти
Япониядан келган ўқитувчи ўзбекларнинг вақтга муносабати хусусида шундай дейди: “Сизларда ёшлар ҳам, катта ёшлилар ҳам автобус ёки поездда кетаётганда деразадан ташқарига беҳуда қараб, вақтни бекор ўтказар экансиз. Японияда шундай вазиятларда аксарият одамлар доимий мутолаа қиладилар”. Ўйлаб кўрсак, балки Япониянинг тараққиёти сирларидан бири айнан вақтни қадрига етишганидадир. Бизнинг жамиятда эса бу масалага унчалик ҳам эътибор берилмаслиги ривожланган давлатлардан орқада эканимизнинг сабабларидан бири бўлса керак, деган фикр уйғониши ҳам табиий.
Вақт бу – пул. Бу ибора ҳеч ким учун янгилик эмас ва ҳаммага болаликдан таниш. Тўғриси, вақт пулдан қимматлироқ ва муҳимроқдир.
Яқин йиллардан бери ривожланган мамлакатлар ўз тасарруфидаги корхона, ташкилот ва уюшмаларнинг ҳисоб-китоблари ва шахсий ташкилотчилик муаммолари учун алоҳида вақт ажратмоқдалар.
Тан олиш керакки, биз бу борада ҳам ривожланган мамлакатлардан анча ортдамиз. Муаммомиз – ишга жиддий ёндашмаслигимиздадир. Масалан, ҳатто замонамизнинг тадбиркори ҳисобланган кишиларда ҳам ишга, тадбирга, учрашувга улгура олмаслик оддий ҳол ҳисобланади.
Ҳозирги даврга келиб вақтни бошқариш ёки вақтдан унумли фойдаланишга эътибор кучайди. Замонавий ҳуқуқшунос тимсолида унинг олий маълумоти, компьютер ва Интернет сайтларидан фойдалана олиши, кенг қамровли билими етарли эмас. Буларга қўшимча равишда ҳуқуқшунос теран фикрли, узоқни кўра оладиган ва қимматли вақтини тежай биладиган бўлиши зарур.
Аввало шуни таъкидлаш керакки, вақтни тўғри бошқариш бўйича шу соҳа мутахассислари томонидан ягона тўхтамга келган ечим мавжуд эмас. Лекин умумий тавсия ва қоидалар тизими ишлаб чиқилганки, уларни қўллаш орқали юристлар вақтдан унумли фойдаланиш бўйича сезиларли муваффақиятга эришиш мумкин.
Вақтни унумли бошқариш жараёни аксар ҳолларда қуйидаги қисмлардан иборат бўлади:
· Ишлаш қобилияти ва ҳис-туйғуни бошқариш;
· Мақсадни тўғри режалаштириш;
· Вазифаларни белгилаш ва амалга ошириш;
· Олдиндан қўйилган мақсадга эришиш;
· Хулоса чиқариш.
Замонавий дунёда вақтнинг қадрига етиш, ўз мақсади йўлида уни тўғри тақсимлаш ва асосийси – вақти бўйича белгиланган ишлар режасини амалга ошириш долзарб масала ҳисобланади. Жамиятда ҳамма кишилар ҳам вақтни бошқариш кўникмасини ўзлаштириша олмайди. Шундай кўникмага эга бўлиб, ундан фойдаланганлар эса муваффақиятга эришадилар. Бошқача қилиб айтганда, вақтни унумли бошқариш учун аниқ бир мақсад ва ўз устида ишлаш лозим бўлади.
Кўпгина кишиларда режалаштирилган ишларга улгурмаслик ишларни кейинга суриш билан изоҳланади. Керакли ишни орқага суриб, яъни ҳамма учун зарур бўлган ишни бажармасдан Telegram, WhatsApp, Facebook ёки бошқа ижтимоий тармоқларда беҳуда ишлаш, телевизор кўриш ва ҳоказо кишини чалғитадиган нарсаларга ўз вақтини сарфлаш одатий ҳолга айланиб улгурмоқда.
Ҳолбуки, вақт – инсонга, хусусан, ҳуқуқшуносларга муайян бир мақсадларга эришиш, ўз шахсий карьерасини яратиш учун тақдим этилган энг катта ресурс. Шахсий муваффақиятларга эришишнинг энг асосий омили вақтни тўғри тақсимлашдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |