Хато ҳаракатлар таҳлили.
Хато ҳаракат – бу фаолият эламенти бўлиб, ҳаракатдаги шахсни ўзи
хоҳламаган натижага олиб келувчи, мақсадга йўналган ишни бузувчи
ҳолатдир. Бошқача айтганда, қўйилган мақсадга олиб келмайдиган, беихтиёр
ҳаракатдир. Диққат чалғиши, зўриқиши, паришонлик, ўзини йўқотиб қўйиш
ёки хато ҳукм хато ҳаракатнинг ўзига хос шаклидир. Демак, хато – нотўғри
ёки ўз вақтида қилинмаган тез ё секин ҳаракатдир.
Хато ҳаракатнинг бир ёки бир нечта сабаблари бўлади. Асосий сабаб
хато ҳаракатни юзага келтириб, бу ўта оғир юк, мураккаб операция,
ҳаракатларни мутаносиблаштира олмаслик, тезлик ва аниқликка ўта юқори
талаб, бажарилган ҳаракат натижасини ҳисобга олмаслик (тескари алоқа
йўқлиги) ва б. ишчининг шахсий хусусиятларидан келиб чиқади.
Хато ҳаракаталарни юзага келтирувчи сабабларга кўра, хатолар тасодифий,
вақтинчалик, даврий (вақт-вақти билан), барқарор ва одатий турларга
бўлинади.
Тасодифий хато кўпинча ишдаги бирор халақит берувчи омиллар
туфайли диққатнинг чалғишидан келиб чиқади. (Масалан, ташқаридан
келувчи шовқин, бақириқ, бехосдан уйғонган хавотирли фикр, ускунанинг
кутилмаганда бузилиши). Бирор ёқимсиз ҳиссиёт ёки астеник эмоция ҳам
тасодифий хатони келтириб чиқаради. Тез-тез тасодифий хатони юзага
келиши – диққат беқарорлиги ёки машқ ё ишга қизиқишнинг йўқлиги
кўрсатгичидир. Тасодифий хатолар машқ ёки ишлаб чиқариш вазифасини
сифатли бажаришда масъулиятни ошириш, барқарор диққат талаб қилувчи
мураккаб вазиятларда машқ қилиш, иш муваффақиятидан илҳомланиш,
ҳаракат натижасига қизиқишни рағбатлантириш йўли билан бартараф
этилади. Вақтинчалик хатолар бирор ҳаракатни эгаллашнинг бошланғич
босқичида юз беради. Улар ҳаракатни бажариш қоидаси ва техникасини
билмасликдан, кўникма етишмаслигидан, машқ қилмаслик, саломатлик
ёмонлашуви ёки чарчашдан рўй беради. Бу хатоларнинг асосий қисми машқ
қилиш ёрдамида йўқ қилинади. Баъзилари эса нуқсонли кўникма сифатида
барқарор тураверади. Ўз-ўзини назорат қилиш, ҳаракатлар тахмини,
такрорлаш йўли билан ҳам хато бартараф этилмаган ҳолда бошқа турдаги
ҳаракатларга кўчиш тавсия қилинади.
Даврий хатолар вақт-вақти билан юзага келиб, улар ўрганиш жараёнида
ҳам қийинчилик билан эгалланган бўлади. Унинг сабаблари бир марта йўл
қўйилган хатони такрорлашдан қўрқиш туфайли ҳосил бўлган эмоционал
жароҳат, идеомотор ҳаракат, чарчоқ, ёмон кайфият, саломатлик ёмонлашуви,
ортиқча ўзига ишонч, эътиборсизлик бўлиши мумкин. Бу хатоларнинг
ҳусусиятига қараб, ўзига мос бартараф этиш йўлларини тутиш лозим.
Барқарор хатолар ҳар доим айнан бир жойда бир хил хато ҳаракат
сифатида юзага келиб, ишлаб чиқариш фаолиятини эгаллашни тормозлайди.
Барқарор хато ҳаракатни амалга ошираётган ўқувчини мураккаброқ ҳаракатга
ўргатиш мумкин бўлмайди. Унинг сабаблари –берилган ҳаракатни бажаришга
қобилятсизлик, жисмоний ёки психик уқувсизлик, шаклланган зарарли
кўникма ёки уларнинг комплекси; ҳаракатни тўғри бажариш имконини
пасайтирувчи норационал усул, ҳаракатлар назоратининг ёмонлиги; барқарор
зўриқиш.
Барқарор хатолар ўқувчи ва мураббийнинг узоқ меҳнати натижасида,
ҳар бир хато сабабларини аниқлаб, махсус усулларни қўллаб бартараф
қилинади. Ҳаракат биринчи марта амалга оширилаётганда ўқувчи
эҳтиёткорлик, қўрқув ёки ошиқча масъулят ҳис этган бўлса ва ҳаракат хато
амалга ошса, эмоционал таъсирланиш ҳаракатнинг хато кўникмаси ҳосил
бўлишига сабаб бўлади.
Одатий хатолар бирор ҳаракатни бошқача усул билан бажариш тарзида
юз беради. У ички, онгсиз ҳаракат бўлиб, баъзи ҳоллардаги тўғри ҳаракат
бошқа ҳолда нотўғри, нокерак бўлади. Масалан: боксчи учун мускулларни
таранг ҳолда тутиш тўғри ҳаракат, баъзи вазиятларда эса боксчидан
мускулларни сокин ва эластик тутиш талаб қилинганда нотўғри ҳаракат бўлиб
ҳисобланади. Иродавий зўр бериш ва доимий ўз-ўзини назорат қилиш бу
хатоларни тузатиш йўлидир. Хато доимо ёқимсиз ҳислар туғдиради. Уни
вақтинча бўлса ҳам бартараф этиш қониқиш ва шодлик ҳиссини олиб келади.
Ўқувчи фаолиятидаги хатолар уларнинг қўполлиги, хавфлилиги,
такрорийлиги ва барқарорлиги, унинг меҳнатга ўрганиши даражасини
кўрсатади. У мураббий қўллаётган касбий таълим методлари ва педагогик
фаолият самарадорлигини белгилайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |