Қайси тармоққа қарашлилигига кўра корхоналар ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш (машинасозлик, кўмир қазиб чиқариш, суғурта ва ҳоказо) соҳаларига мансуб бўлиши мумкин.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тури ва кўринишига кўра, корхоналар саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, молия-кредит ва бошқаларга бўлинади.
Технологик умумийлигига кўра, корхоналар ишлаб чиқариш жараёнини узлуксиз ва дискрет равишда, кимёвий ёки механик жараёнларнинг устунлиги асосида юритувчиларга бўлинади.
Тайёр маҳсулотнинг мақсадларига кўра, барча корхоналар иккита катта гуруҳга бўлинади: ишлаб чиқариш воситаларини ишлаб чиқарувчилар ва истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар.
Фойдаланилувчи хом ашё турига кўра, саноат корхоналари қазиб чиқарувчи ва қайта ишловчи корхоналарга тақсимланади.
Йил давомида ишлаш муддатига кўра, корхоналар мавсумий ва йил бўйи фаолият юритувчиларга бўлинади.
Хажмига кўра, корхоналар йирик, микрофирма ва кичик корхоналарга тақсимланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 30 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 9 апрелъдаги «Хусусий тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Фармонига асосан ишлаб чиқариш тармоининг ўртача йиллик ходимлари сони 20 кишигача бўлган ҳамда хизмат кўрсатиш ва бошқа ноишлаб чиқариш соҳасидаги ўртача йиллик ходимлари сони 10 кишигача бўлган; улгуржи, чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасида 5 кишидан ошмаган корхоналар микрофирмалар қаторига киритилади.
Кичик корхона ҳисобланади:
енгил ва озиқ-овқат саноати, металлга ишлов бериш ва асбобсозлик, ёғочни қайта ишлаш, мебел саноати ва қурилиш материаллари саноатида 100 кишигача ишлайдиган;
машинасозлик, металлургия, ёқилғи-энергетика ва кимё саноати, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ишлаб чиқариш тармоқларида 50 кишигача ишлайдиган;
фан, илмий хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа, хизмат кўрсатиш соҳаси (суғурта компанияларидан ташқари), савдо ва умумий овқатланиш хамда бошқа ноишлаб чиқариш соҳаларида 25 кишигача ишлайдиган корхоналар.
Ихтисослашув даражасига кўра, корхоналар ихтисослашган, универсал ва аралаш корхоналарга бўлинади. Ихтисослашган корхоналар қаторига номенклатураси чекланган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар, универсал корхоналар қаторига турли хил маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар, аралаш корхоналар таркибига эса ихтисослашган ва универсал корхоналар ўртасидаги оралиқ гуруҳни ташкил қилувчи корхоналар киритилади.
Ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этиш усулларига кўра, корхоналар ишлаб чиқаришнинг оқим, партияли ва доналаб ишлаб чиқариш усуллари устувор турувчи корхоналарга бўлиниши мумкин.
Ишлаб чиқаришни механизациялаштириш ва автоматлаштириш даражасига кўра, корхоналар тўлиқ ва қисман автоматлаштирилган ёки механизасиялаштирилган, қўл-машина ва фақат қўл меҳнатига асосланган корхоналарга бўлинади.
Хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш жараёнларини кенгайтириш ва чуқурлаштириш мамлакатимизда янги ташкилий-ҳуқуқий турдаги - қўшма, ижара, ҳиссадорлик, хусусий, оилавий, кооператив ва бошқа корхоналарнинг пайдо бўлишига олиб келди.
Интеграция жараёнларини амалга оширувчи корхоналар қуйидаги мақсадларни кўзлайди:
ресурслардан янада самаралироқ фойдаланишга эришиш;
кооперация асосидаги алоқаларини янгилаш ва мустаҳкамлаш;
мамлакатдаги корхоналарнинг ташқи бозорга чиқиши;
ишлаб чиқаришга инвестицияларнинг янги шаклларини жалб этиш;
ички ва ташқи бозордаги рақобатда муваффақият қозониш мақсадида нарх ва сотиш бўйича ягона сиёсат юритиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |