қорахонийлар кўчманчи қарлуқ қабилалари билан жанг олиб боришаётган
эди. Эларслон қарлуқларга Бухоро ва Самарқанд учун олиб борган жангларда
ёрдам берди. Лекин қорахитойлар қўшинлари ёрдамга етиб келиши билан
Эларслон Хоразмга қайтишга мажбур бўлди. У бир неча марта Хуросонга
юриш қилган бўлса-да, муваффақиятга эриша олмади. 1171-1172 йилларда
қорахитойларнинг катта қўшини Хоразмшоҳнинг ўлпонини ўз вақтида
тўламаётганлигини баҳона қилиб Хоразм устига юриш қилди. Эларслоннинг
буйруғи билан Сирдарёдаги катта тўғон бузиб
ташланди ва катта майдон
сувга бостирилади. Бу қорахонийлар қўшини юришини қийинлаштирди ва
Хоразмнинг пойтахти Гурганч (Урганч) ни талон-тарож қилишдан сақлаб
қолди.
Лекин қорахонийларнинг бу босқини даврида Эларслон вафот этди.
Ундан кейин Хоразм тахтини унинг кичик ўғли Султоншоҳ эгаллайди.
Арслоннинг катта ўғли Алоуддин Такаш қорахитойлар ёрдами билан укаси
Султоншоҳдан тахтни тортиб олишга эришди. Султоншоҳ Хуросонга
қочишга мажбур бўлди. Шундан сўнг Алоуддин Такаш (1172-1201) Хоразмда
маҳкам ўрнашиб, қорахитойларга ваъда берган ўлпонни тўлашдан бош
тортади. Унга жавобан қорахитойлар Хоразмга яна юриш қиладилар, лекин
муваффақиятсизликка учраб, Султоншоҳ ихтиёрига бир кичик қўшин
қолдириб ўзлари орқага қайтадилар. Султоншоҳ эса қўшин
билан Марв
шаҳрини, Серахс ва Тусни эгаллади.
Лекин Такашнинг катта хатоси шунда эдики, у ўзининг хотини Туркон
хотун мансуб бўлган қипчоқлар қабиласига катта эркинликлар берди. Уларни
доимо қўллаб-қувватлади. Туркон хотуннинг давлат ишларига аралашуви
Хоразмдаги ички низоларини кучайишига олиб келди. Такашнинг ўлимидан
кейин Хоразм тахтига унинг ўғли Алоуддин Муҳаммад ўтирди (1200-1220).
1203 йилда Муҳаммад қорахитойларнинг ёрдами билан Хуросонни бутунлай
босиб олди. Ҳиротни ва яқин атрофларини эгаллади, 1207 йилда у ўз
пойтахтига қайтиб, Мовароуннаҳрни босиб олиш учун тайёргарлик кўра
бошлади. Шу йилнинг ўзидаёқ Муҳаммад Мовароуннаҳрга катта куч билан
ҳарбий юриш бошлади. Бунинг сабаби Бухорода кўтарилган халқ қўзғолони
эди. Бу қўзғолон 1206 йилда Бухоро садри (ҳокими) Муҳаммад ибн
Абдулазизга қарши қаратилган эди. Бухоро садрларига хос барча ёмон
хислатлар бу одамда мужассам эди. У халқдан катта солиқлар
олиб уларни
шафқатсизларча эзар эди. У диний раҳбар бўлишига қарамасдан айш-
ишратга, овга муккасидан кетган эди.
Бухорода унинг зулмига қарши халқ ҳаракатининг асосий кучлари
шаҳар ҳунармандлари эди, қишлоқ аҳолиси-деҳқонлар бу ҳаракатни қўллаб-
қувватлади. Бу қўзғолоннинг бошлиғи қалқон ясовчи устанинг ўғли Малик
Санжар исмли шахс эди. Қўзғолончилар садр Муҳаммадни қувиб
чиқардилар. У қорахитойлардан ёрдам сўради. Лекин Хоразмшоҳ Муҳаммад
қорахитойлардан олдинроқ ҳаракат қилиб, Бухорони босиб олди ва шу
тариқа Мовароуннаҳрни Хоразм таркибига қўшиб олиш бошланди.
Қўзғолончиларнинг бошлиғи Малик Санжар Урганчга олиб кетилди.
Мовароуннаҳр халқи Хоразмшоҳни қорахитойлар зулмидан қутқарувчи куч
сифатида қарши олди. Муҳаммад Хоразмшоҳ Қорахитойларнинг вассали
бўлган Самарқанд ҳокими (қорахонийлар сулоласидан) Усмон билан дўстона
муносабат ўрнатди. Бу эса қорахитойларнинг Самарқандга юриш қилишига
олиб келди ва улар шаҳарни босиб олдилар. Бу вақтда мўғул қабилаларидан
бири бўлган найманлар қорахитойларнинг Еттисувдаги
ерларига бостириб
кирдилар. Шунинг учун қорахитойлар шошилинч равишда орқага қайтишга
мажбур бўлдилар. Қорахитойларнинг қийин аҳволга тушиб қолганидан
фойдаланган Хоразмшоҳ Самарқандни эгаллаб (Усмон унинг вассалига
айланди) қорахитойлар устига юриш қилди ва Талас водийсида 1210 йилда
қорахитойлар қўшини устидан ғалаба қозонди. Бу ғалаба туфайли Муҳаммад
Хоразмшоҳнинг аҳволи анча мустаҳкамланди. Самарқанд ҳокими Усмон
Хоразмшоҳнинг тўлиқ вассалига айланди ва унинг куёви бўлди.
Солиқларнинг ҳаддан ташқари ошиб кетганлигидан норози бўлган
Самарқанд халқи 1212 йилда қўзғолон кўтарди. Катта қўшин билан
Хоразмшоҳнинг ўзи Самарқандга кириб бориб қўзғолончилардан
шафқатсизларча ўч олди ва куёви Усмонни ҳам ўлдирди. Шундан сўнг у
Мовароуннаҳрдаги вазиятни ўз фойдасига ҳал этиш учун Фарғонани
Усмоннинг укаси Қодирдан тортиб олди. Ўзган шаҳрини ҳам эгаллади ва шу
тариқа қорахонийлар сулоласи бутунлай тугатилди. Қорахитойлар
сулоласини эса кўчманчи найманлар Қучлуқ раҳбарлигида тугатдилар.
Хоразмшоҳ Ўрта Осиёни бутунлай эгаллагандан сўнг Ғарбга юриш қилди ва
тез орада Эрон ва Афғонистонни босиб олди. Ҳаттоки Бағдод халифасини
ағдаришга уриниб кўрди.
Do'stlaringiz bilan baham: