3. Озиқ-овқат махсулотларини сертификатлаш. Озиқ-овқат махсулотларини экологик сертификатлаш
Замонавий халқаро бозорни маҳсулот, ишлар ва хизматларни сертификатлаштиришсиз тассавур қилиш мумкин эмас. Сертификатлаштириш маҳсулот ёки хизматларни муайян стандарт ёки техник шартларга мос келишини тасдиқлаш мақсадида ўтказиладиган фаолиятни акс эттиради.
«Сертификатлаштириш» ибораси лотинча сўздан олинган бўлиб, «тўғри қилинган» деган маънони билдиради. Маҳсулот, хизмат ёки жараённинг тўғри қилинганлиги ёки бажарилганлиги, уларнинг меъёрий ҳужжатларда белгиланган талабларга мос келишини ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларга тобе бўлмаган учинчи томон ёрдамида текшириш орқали аниқланади. Шунинг учун ҳам меъёрий ҳужжатлар талабларига тўлиқ мос келадиган маҳсулот, хизмат ёки жараён сертификатлаштиришдан бемалол ўтади. Амалда маҳсулотдан ташқари, шу маҳсулотни ишлаб чиқараётган корхонанинг сифат тизимлари ҳам сертификатлаштиришдан ўтказилади. Сертификатлаштиришдан асосий мақсад – маҳсулот ишлаб чиқараётган корхонанинг меъёрий ҳужжатлар талаблари ёки истеъмолчилар билан тузилган шартномаларда кўрсатилган талабларга мос келадиган маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятига ишонч ҳосил қилишдан иборатдир. Шyнинг учун ҳам корхоналарнинг маҳсулотлари ва сифат тизимларининг сертификатлаштиришдан ўтказилиши миллий маҳсулотимизни, жумладан озиқ-овқат махсулотларини жаҳон бозорида рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 28 декабрдаги “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида” ги қонуни ва ЎзРСТ 5.0:1998 (Ўзбекистон сертификатлаштириш миллий тизими. Асосий қоидалар)да маҳсулот, хизмат, жараён ёки бошқа объектларни сертификатлаштириш бўйича ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асослари ҳамда сертификатлаштиришда қатнашувчи томонларнинг ҳуқуқлари, вазифалари ва жавобгарликлари белгилаб берилган.
Сертификатлаштириш миллий тизими – сертификатлаштириш бўйича ўзининг бошқарув ва ижро идоралари (органлари) ҳамда тартиб-қоидаларига эга бўлган ва давлат миқёсида амал қиладиган тизим ҳисобланади. Республикамизда сертификатлаштириш миллий тизими тўлиқ, шаклланган ва у амалда. Унинг қоида ва тартиблари ИСО/МЭК ва ИСО халқаро стандартлари, EN 45000 Европа стандартлари, сертификатлаштириш билан шуғулланувчи бошқа халқаро меъёрлар ҳамда қоидаларга мувофиқ тузилган. Бундай чоралар, ўз навбатида сертификатлаштириш идоралари томонидан берилган мувофиқлик сертификатлари ва белгиларини чет мамлакатларда ҳам тан олинишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикасининг сертификатлаштириш миллий тизими қоидалари ва «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификалаштириш тўғрисида»ги қонуни биргина республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларгагина эмас, балки четдан келтирилган маҳсулотлар учун ҳам тааллуқлидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |