1-мавзу. Кейс-стади (Казуслар)
1-масала
Республика реклама агентлиги жисмоний ва юридик шахслардан реклама буюртмаларини қабул қилиш учун оммавий оферта эълон қилди. Бу эълонга асосан “Иқбол” МЧЖ ва хусусий тадбиркор Икромов агентликка ўзларининг турдош маҳсулотларини реклама қилиш учун мурожаат қилди. Агентлик “Иқбол” МЧЖдан кўп фойда келишини ҳисобга олиб, хусусий тадбиркор Икромов билан шартнома тузишни рад этди.
Савол: Агентликнинг ҳаракатлари қонуний асосга эгами? Фуқаролик ҳуқуқида тарафларнинг тенглиги деганда нимани тушунасиз?
2-масала
Фуқаро Алиев ўзиниг ер участкасида етиштирган қўзиқорин маҳсулотини сотиш учун “Ерқўрғон” бозорига олиб келади. Шу ҳудудда аҳоли ўртасида қўзиқориндан заҳарланиш ҳодисаси рўй берганлиги сабабли СЕС ходимлари инсонларни ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида бу маҳсулотни сотишни таъқиқлади . Фуқаро Алиев ўз маҳсулотларини республика ҳудудида эркин сотиш ҳуқуқи борлигини важ қилиб судга мурожаат қилди.
Савол: Фуқаро Алиевнинг эътирози қонуний асосга эгами? Товарларнинг эркин ҳаракатда бўлиши тамойилининг моҳияти нима?
3-масала
“Амир Темур” фермер хўжалиги “Ғаллакор” фермер хўжалиги билан ишлар бажариш бўйича ўзаро шартнома тузишди. “Амир Темур” фермер хўжалиги ишлар ҳажмининг ортганлиги туфайли шартномада кўрсатилган ишларни вақтида бажармади ва бунинг натижасида “Ғаллакор” фермер хўжалигига кўп миқдорда зарар етди, шунингдек кутилган фойда олинмай қолди. “Ғаллакор” фермер хўжалиги зарарни ундириш тўғрисида судга мурожаат қилди. Суд “Амир Темур” фермер хўжалигини айбдор деб топса-да, зарарни қисман ундириш тўғрисида қарор чиқарди. Бунга сабаб қилиб, “Амир Темур” фермер хўжалигининг молиявий имкониятини яхши эмаслигини келтирди.
Савол: Ушбу сабаб зарарни тўлиқ қопланмаслигига асос бўла оладими?
4-масала
Шартнома бўйича фуқаро Маҳмудов ва Тоҳиров тўрт ойлик муддатга, муайян ҳақ эвазига 1000 АҚШ (бир минг) доллари миқдорида шартнома тузишади. Айни вақтда шартномада қарзни ва унинг фоизларини ўзбек сўмларида қайтаришини ҳам қайд этадилар.Қарзни қайтариш мажбурияти келганида, қарздор Маҳмудов пулни ўзбек сўмида тегишли курс бўйича кредитор Тоҳировга олиб борганида, у пулни фақат АҚШ долларида олиши мумкинлигини айтади.
Савол: Тоҳировнинг ҳаракати тўғрими? Фуқаролик ҳуқуқида диспозитив ва императив норма нима?
Адабиётлар рўйхати:
Асосий адабиётлар
Зокиров И.Б. Фуқаролик ҳуқуқи. –Т.: ТДЮИ, 2009. –Б.5-62, 89-114, 115-135.
Муаллифлар жамоаси. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига шарҳ. 1-жилд. –Т.: Vektor-press, 2010. –Б.6-51.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси. –Т.: Адолат, 2011.
Қўшимча адабиётлар
Исхаков С.А. Ислом фуқаролик ҳуқуқи асослари. –Т.: Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, 2005. –Б.18-29 б.
Раҳмонқулов Ҳ.Р. Фуқаролик ҳуқуқининг предмети, методи ва тамойиллари. –Т.: ТДЮИ, 2003. –Б. 8-9.
Мухаммадиев А.А. Фуқаролик ҳуқуқи тамойилларининг назарий ва амалий муаммолари. –Т.: ТДЮИ, 2011.
Do'stlaringiz bilan baham: |