1-МАВЗУ. “ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ИҚТИСОДИЁТИ”ФАНИНИНГ ПРЕДМЕТИ, ЎРГАНИШ УСЛУБЛАРИ, МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ 1.1.Фаннинг предмети, мақсади ва вазифалари
1.2. Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти фанининг тадқиқот усуллари
1.3.Қишлоқ хўжалигини ривожланишининг ўзига хос хусусиятлари
«Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти» фанининг предметихўжалик юритишда амал қиладиган объектив иқтисодий қонуниятлар ва ишлаб чиқариш муносабатларини ўрганишдан иборат
«Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти» фани ишлаб чиқариш муносабатларининг шаклланиш турларини иқтисодий қонунларнинг ҳаракат қилиш механизмини, уларнинг намоён бўлиш шаклларини ва шу тармоқда аниқ шароитда улардан фойдаланишни очиб беради.
«Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти»фани иқтисодий фан бўлиб, бошқа иқтисодий фанлар сингари у ҳам чекланган ресурслар шароитида моддий неъматлар ишлаб чиқариш, тақсимлаш айирбошлаш ва истеъмол қилиш жараёнида инсонларнинг хатти-ҳаракатини тадқиқ этади. Унинг асосида иккита муҳим омил ётади:
- жамиятнинг моддий эҳтиёжлари чексиз; - иқтисодий ресурслар, яъни товарлар ва хизматлар ишлаб чиқариш учун зарур бўладиган воситалар чегаралангандир. «Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти» фани моддий ресурслар чекланган шароитида бозор иқтисодиёти хусусиятларига мос бўлган 5 та фундаментал саволларга жавоб бериши лозим бўлади: 1.Қандай товар ва хизматларни ишлаб чиқариш истеъмолчиларнинг моддий эҳтиёжларини тўлароқ қондиришга имкон беради?
2.Мавжуд ресурслардан қанча қисмини жалб этган ҳолда, қандай ҳажмда маҳсулот ишлаб чиқарган маъқул?
3.Бу маҳсулотларни яратишда қандай ишлаб чиқариш тизими ва технологиясидан фойдаланилади?
4.Маҳсулот ким учун ишлаб чиқарилади, унинг истеъмолчилар ким?
5.Хўжалик истеъмолчилар талаби, ресурслар бозори ва ишлаб чиқариш технологиясида юз берадиган доимий ўзгаришларга мослашиб борадими?
Фаннинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
-бозор иқтисодиёти табиатига мос келувчи ишлаб чиқариш ва мулкчилик муносабатларининг хўжаликда амал қилиши хусусиятларини аниқлаш;
-қишлоқ хўжалигининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда хўжалик юритиш шаклларининг мақсадга мувофиқ ишлаб чиқариш ҳажми, ихтисослашуви ва тармоқ таркибини асослаш;
- қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этиш ва унинг технологиясини такомиллаштиришга йўналтирилган тадбирлар самарадорлигини техник-иқтисодий баҳолаш усулларини ўрганиш;
-ишлаб чиқаришнинг чекланган ресурсларидан фойдаланиш тизимини оптималлаштириш;
-ишлаб чиқариш харажатлари, таннарх ва баҳонинг шаклланиш тамойилларини тадқиқ этиш ва жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида уларни такомиллаштириш йўлларини ишлаб чиқиш;
-моддий-техник ресурслар таъминоти ва маҳсулотларни сотишнинг энг самарали тизимларини аниқлаш;
-қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорида талаб ва таклиф функцияларининг амал қилиш механизмларини ўрганиш ва бошқалар.