3-мавзу: Фалсафий герменевтиканинг асосий тушунчалари ва тадқиқот доираси
Маъруза саволлари:
Герменевтик атамалар таснифи
Тушуниш ва тушунтириш – герменевтиканинг асосий категориялари
Герменевтик доира моҳияти
Ҳар қандай фан ва ҳар қандай тадқиқотнинг “тушуниш аппарати”ни асосий тушунчалар ҳосил қилади. Айнан “тушуниш аппарати” ёрдамида сўз нима ҳақда кетаётганлигини аниқлаш осон кечади. Герменевтик тадқиқотларда ушбу атамалар (матн, тушуниш, тушунтириш) ўзлари алоҳида келган ҳолатидан мутлақо фарқ қилади.
Герменевтиканинг шаклланиши билан унинг илмий аппарати ҳам кенгайиб борди. Герменевтик атамаларни таснифлашда, уларни фаолиятли, яъни жараённи ифодаловчи ва тушунчали категориялар туркумига ажратиш мақсадга мувофиқ.
Жараённи ифодаловчи тушунчалар туркумига – тушуниш, тушунтириш, интерпретация, деструкция, деконструкция, реконструкция, герменевтик доира кабиларни, тушунчали категориялар туркумига матн, маъно, тил, семиотика, белги кабиларни киритиш мумкин.
Аввало, герменевтиканинг жараённи ифодаловчи атамаларига эътибор қаратсак. Тушуниш – воқеликни универсал ўзлаштириш шарти сифатида маънонинг англаниши ва яратилиш жараёни бўлиб, у билишнинг субъект-объектли доирасига кирмайди, балки тушунишга бўлган эҳтиёж билишга олиб боради. Тушуниш – билишдан мураккаб жараён бўлиб, унда билиб олинган ахборот тафаккурнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги билан боғланади. Тушуниш қатор ижтимоий фанларнинг (психология, фалсафа, филология, социология, тарих) тадқиқот доирасига киради. Таъкидлаш жоизки, тушуниш герменевтиканинг асосий категориясидир. Зеро, герменевтиканинг “тушуниш санъати”1 дея эътироф этилиши бунинг далилидир. Тушунишнинг категориал мақоми Ф.Шлейермахер қарашлари билан боғлиқ. Шлейермахер фикрича, тушуниш матнда ифодаланган дастлабки маънони қайта тиклайди2. Тушуниш жараёнида маданий, тарихий ва даврий чегаралар таъсири сезилмайди. Герменевтиканинг йирик вакили Х.Г.Гадамер фикрича, тушуниш анъанаси шундай хусусиятга эгаки, бунда инсон шунчаки мавжуд бўлмай, балки ўзи ва оламни тушунгани учун ҳам мавжудлигини белгилаб беради3.
Тушуниш ҳаммага маълум ва тушунарли бўлса-да, герменевтикада у алоҳида аҳамият касб этади. “Тушуниш” айни пайтда “билиш”га синоним бўла олади. Инсон “Мен буни тушундимми?”, деганда нимани назарда тутади? Бу саволга қуйидагича жавоб берамиз: “Янги ахборотни эшитганимизда (ўқиганимизда, кўрганимизда) бу янгиликнинг билимларимиз тизимидаги мавжуд кўникмаларнинг муайян жиҳати билан боғлиқ эканлигини англадик ва уни қабул қилдик”. Гувоҳи бўлиб турганимиздек, тушуниш - бу фақат – билимга эга бўлиш эмас, балки уни ўтмиш ва келажакка боғлиқ ҳолда қабул қилишдир.
Герменевтик тушуниш эса, ижтимоий тушунишдан фарқли равишда, матнга нисбатан муаллифнинг дастлаб назарда тутган мақсадини тушунишга эътибор қаратади. Бизнинг фикримизча, тушуниш бу - бир онг орқали иккинчи онгга ташқи ҳатти – ҳаракатлар (имо, нутқ) орқали берилаётган белгиларни қабул қилиш санъати.
Эпистемологик ёндашув вакиллари тушунишни билимнинг муҳим шакли, тугалланган мақсад ва бир вақтнинг ўзида субъектнинг онгли фаолияти натижаси сифатида эътироф этади.
Тушунишни англаш борлиғи контекстида кўрувчи тадқиқотчилар уни янги билимни ўзлаштириш ва онглиликнинг мавжуд мажмуаси сифатида эътироф этади. Яна шундай таърифлар борки, тушуниш воқеликдаги объект ёки бошқа шахсни кечинма шаклида ифодаловчи интеллектуал – психологик жараён сифатида фаҳмлашдир.
Тушунишнинг тўлиқ таърифини шакллантириш учун бу феноменнинг барча ўзак хусусиятларига тўхталиб ўтиш керак: тушуниш - бу барча интеллектуал жараёнлар асосида ётувчи англашнинг муҳим тури; тушуниш -онг мундарижасига янги билимнинг қўшилиши демакдир; тушуниш - доим предмет ҳақида янги сифатий қарашни келтириб чиқаради ва билимни бойитади. Бу икки жиҳат тушунишнинг онто-гносеологик жиҳати. Тушуниш ўзида аниқ ментал вазиятни намоён қилади (яъни, у аниқ психологик ҳолатда кечади). Тушунишнинг экзистенциал-психологик жиҳати ҳис-туйғулар қуршовида бўлади, бунда тушунувчи субъектнинг кечинмалари катта аҳамиятга эга. Тушунишнинг герменевтик жиҳати матннинг яхлит маъносидан мазмунни суғуриб олиш, изоҳлаш натижасида намоён бўлади. Билиш предметининг моҳиятини фаҳмлаш (табиий ва ижтимоий объектлар ва жараёнлар, илмий назария, концепция, қарашлар) - тушуниш феноменининг гносеологик жиҳати. Тушуниш – бу нафақат англашнинг моҳияти ва мазмунининг ажралиб чиқиши, балки тушуниш предметининг баҳоланиши ҳамдир. Баҳолашсиз тушуниш мумкин эмас1. Бу тушунишнинг аксиологик жиҳати. Тушуниш – бу инсоннинг онгли қарор қабул қилишининг асоси. Инсон ўзининг фаолиятида (ҳатти-ҳаракатларида) борлиқ ҳодисаларини, ўзини, ўзгаларни, дунёни яхлит хусусий тушуниш билан қабул қилиши праксиологик жиҳат.
Шундай қилиб, Тушуниш – бу англаш ҳодисаси бўлиб, ўзида интеграл вазиятни ифодалайди, аниқ руҳий ҳолат ва кечинмалар билан ўтади ҳамда шу асосда онгли қарор қабул қилишга олиб келадиган муайян ҳодисани баҳолаш, моҳиятини ўзлаштириш демакдир.
Юқоридагилар тушунишнинг кўп ўлчамли ва универсаллигини билдирмоқда. Бу икки сифат тушунишнинг нафақат коммуникатив соҳада, балки инсон борлиғининг барча билиш жараёнларига ҳам қўллаш мумкинлигини кўрсатади.
Навбатдаги атама аксарият муаллифлар томонидан тушунишга қарама-қарши қўйиладиган – тушунтиришдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |