6-мавзу: Ижтимоий ҳодисаларни тушунишда герменевтик ёндашувнинг ўрни
Маъруза саволлари:
Ижтимоий ҳодисалар – фалсафий герменевтиканинг тадқиқот объекти
Ижтимоий прогнозлаштиришда герменевтик методологиянинг аҳамияти.
Миллий ғоя ва мафкурани тарғиб қилишда тасвирий ойналарнинг аҳамияти
Юртимизда кечаётган маънавий-маданий, ижтимоий-сиёсий соҳадаги ўзгаришлар жамиятнинг ҳар бир аъзосини ижодий тафаккурга эга бўлиши, муаммоли вазиятлардан интеллектуал салоҳияти ва юксак мулоҳаза қобилияти билан чиқиб кета олиши, ижтимоий жараёнларнинг марказий ҳаракатлантирувчи кучи бўлишини тақозо этади.
Сунъий интеллект таъсири тобора ортиб бораётган XXI асрда инсон ўз билимларини матнларда ифодаланган илмий ахборотлар билан бойитиб бориши зарур. Тўғри, билимларнинг бойишида сунъий интеллект таъсири ҳам аҳамиятли, лекин асосий масала шундаки, инсон, фақатгина янги ахборотни қабул қилувчи ва қайд этувчи эмас, балки фикрловчи, таҳлил ва танқид қила олувчи бўлиши керак.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, тадбирларнинг бош мақсади бўлган - озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаётни қуриш ҳам айнан шундай мулоҳазакор, таҳлилий тафаккури кучли бўлган фуқароларнинг фаолияти билан боғлиқ. Бундай чуқур ва кенг тафаккур эса, ўзига хос илмий салоҳият талаб этади. Шундай экан, ҳозирги кунда юртимизнинг бош ғояси бўлган - миллий ғояни халқ ишонч-эътиқодига айлантиришда герменевтик методологиянинг ўзига хос жиҳатларидан фойдаланиб дунёқарашни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Бу эса, халқимизнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мафкуравий таъсирлар жадал ривожланиб бораётган бугунги даврда фуқароларимизнинг соғлом дунёқарашга эга бўлиши учун герменевтик мулоҳаза қобилиятини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Аввало, герменевтик тафаккур тушунчасига тўхталиб ўтсак. Герменевтик тафаккур эркин ихтиёрий ҳаракат қилади, яъни у қатъий қонун-қоидаларга бўйсунмай, балки тадқиқот объектининг ўзига хос хусусияти ва тадқиқотнинг мақсадига кўра методларни танлайди. Мазкур фикрлаш тарзи объектнинг ички мазмунини ўрганишга йўналтирилган бўлиб, бунда объект вазият ва заруратга қараб индуктив ва дедуктив ёндашувлар, яъни бутун ва қисм диалектикаси воситасида ҳам тадқиқ этиш имконини беради. Герменевтик тадқиқотлар объектини шартли равишда онгли ва онгсиз (яъни, инсон ва у яратган борлиқ) турларга бўлиб, уларнинг мазмунини тушунишга алоҳида ёндашиш зарурлигини таъкидлаш лозим. Чунки, тадқиқот объекти инсон (ёки ижтимоий гуруҳ, ҳалқ, миллат ва ҳоказо) бўлганда, кўпроқ ички хусусият ва ҳолатларни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Бунда ҳар доим тадқиқотчида объект ўрнига ўзини қўйиб кўриш, унинг кечинмаларини ҳис қилиш имкони бўлади. Бунда тушунишнинг гносеологик, онтологик, экзистенциал-психологик, аксиологик, праксиологик ва бошқа жиҳатларини эътиборга олиш зарур.
Умуман олганда, герменевтик тафаккур бу – диалектик тафаккурдаги тўғри чизиқли ёки синергетик тафаккурдаги ночизиқли хаотик тизим эмас, балки ташқи (яъни, белги, код, рамз каби) ифодалар билан бирга, ички мазмунни аниқлашга йўналтирилган эгилувчан ва кўпқиррали тафаккур тарзидир. Эгилувчан дейилишига сабаб, герменевтик тафаккур объектнинг хусусиятига кўра, ёндашув ва методларини осон ўзгартиради. Унинг кўпқирралилиги эса, бир ҳодисанинг бир неча аспектда таҳлил қилиш имконини беришидадир.
Биз юқоридаги таҳлилларнинг давоми сифатида герменевтик тафаккурнинг Ўзбекистон фуқароси учун зарурий бўлган жиҳатларига эътибор қаратмоқчимиз.
Сўз – яратади, фикр – ҳаракатга ундайди, буларнинг барчаси аниқ мақсад учун хизмат қилганда оқилона баҳоланади. Бугунги кунда Ўзбекистон айнан шундай тамойилга, мақсадли фаолиятга эга фуқароларга эҳтиёж сезмоқда. 19 йил тарихан қисқа давр, лекин 1991 йил туғилган гўдак бугун 19 ёшга тўлди, у қалбида орзулар билан эртанги порлоқ келажаги учун яшамоқда. Унинг тафаккури, дунёқараши фақат мустақиллик йилларини идрок эта олади, холос. Юрт қайғуси, Ватанга садоқат, фидойилик, миллий ғурур ва ифтихор кабилар ҳақидаги тасаввур унда 19 йилдан буён кўрган-билганлари таъсирида шаклланган. Савол туғилади – у ўтган давр мобайнида шу туйғу ва кечинмаларни қай даражада ҳис қила олди?, унинг тафаккурига нималар ижобий, нималар салбий таъсир қилди?, яна қандай усул ва воситалар билан унда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш мумкин? ва ҳоказо. Тўғри, бу саволлар биз учун янгилик эмас, бир гуруҳ олимлар, мутахассислар бу борада ўз таклиф ва мулоҳазаларини, ҳатто лойиҳаларни ишлаб чиққан. Уларга қўшимча равишда биз ҳам юқоридаги саволларга ўзига хос жавоб топишга ҳаракат қилиб кўрамиз.
Герменевтик таҳлил тадқиқотчига бир нуқтани кўп нуқталардан туриб ўрганиш имконини беради. Биз ушбу тадқиқотда миллий мустақиллик моҳиятини англаш, уни мустаҳкамлаш учун аниқ ёндашувга эга бўлиш заруратини герменевтик тушунтиришнинг сабабий – детерминистик услуби орқали таҳлил этамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |