4. Электр юритманинг турлари.
Ҳозирги вақтда ва яқин келажак учун электр юритмаларнинг қуйидаги асосий ривожланиш йўналиши белгиланган:
-деҳқончилик ва чорвачилик хўжаликларида ҳамда транспортда электр юритмадан фойдаланишни кенгайтириш;
-замонавий электротехника материаллари ва воситаларини қўллаш асосида мавжуд электр юритмаларнинг такомиллаштириш ва уларнинг янги турларини яратиш.
Бошланғич даврда битта электр юритгич бир неча машиналарни узатиш тасмалари ёрдамида ҳаракатга келтирилган. Узатиш тасмаларининг кўплиги ва цехлардаги ёритгичларнинг камлиги, ишлаш жараёнида хавф туғдириш имкониятини оширади, натижада бир юритгичли ва кўп юритгичли юритмалар пайдо бўлади.
Иш механизми, механик узатма, электр двигатель ҳамда унинг бошқариш аппаратлари биргаликда электр юритма деб аталади. Электр двигатель узатиш системаси орқали иш механизмининг ижрочи қисмини ҳаракатга келтиради. Бошқариш аппаратлари ёрдамида двигатель, ишчи механизмининг баъзи элементлари ва ёрдамчи қурилмалари бошқарилади. Замонавий электр юритмаларни якка ва кўп двигатели электр юритмага ажратиш мумкин. Битта электр двигатель ёрдамида ҳаракатга келувчи машина якка двигателли электр юритма деб аталади. Бунга бир шпендилли пармалаш дастгоҳи, металлга оддий ишлов берувчи дасгоҳлар, винтилияторлар ва бошқалар мисол бўлади. Мураккаб ишлаб чиқариш жараёнида айрим ишчи организмларни ҳаракатга келтирувчи бир нечта якка электр юритмалар мажмуи кўп двигателли электр юритма деб аталади. Бунга мисол тариқасида металлга мураккаб ишлов берувчи дастгоҳлар, шенклар, тўқимачилик машиналари, прокатлаш дастгоҳлари ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.
Электр юритмаларни бошқаришдаги автоматлаштирилганлик ҳажмига қараб автоматлаштирилмаган, автоматлаштирилган ва автоматик хилларга бўлинади.
5. Электр юритмани бошқариш.
Aгар электр юритмани ишга тушириш, тўхтатиш ва у ёрдамида техналогик жараённи бошқаришни одам бажарса, бундай юритма автоматлаштирилмаган электр юритма деб аталади. Агар одам фақат бошланғич бошқариш таъсирини ҳосил қилишдагина иштирок этса, бундай юритма автоматлаштирилган электр юритма деб аталади. Бунда мураккаб ишлаб чиқариш жараёнлари автоматик бажарилади. Масалан, операцияларни маълум кетма- кетликда бажариш, андоза бўйича ишлаш, катта қувватли ва мураккаб электр юритмаларнинг тезлигини бошқариш, ҳаракат йўналишини ўзгартириш ва бошқалар мисол бўлади. Автоматлаштирилган электр юритмага турли прокатлаш дастгоҳлари, лифтлар, минорали кранлари киради. Автоматлаштирилган электр юритма асосан кўп двигателли бўлади. Агар одам фақат автоматик бошқариш ва электромеханик системаларнинг ҳолатини кузатишдагина иштирок этса, бундай юритма ёки машиналарнинг линиялари автоматик деб аталади. Автомат линиялар саноат корхоналарни автоматлаштиришда янги босқич бўлиб, унда бир қанча машиналар гуруҳи ишлайди. Машиналар деталга ёки буюмга ишлов беришдаги бир қанча операцияларни бирин-кетин бажаради ҳамда мазкур деталь ёки буюмлар бир машинадан иккинчисига автоматик равишда узатилади.
Янада юқори такомиллашган юритма кўп юритгичли электр юритмадир. Бундай юритмаларнинг машина кинематикалари содда, бошқариш ва ростлаш эса енгил бўлгани учун кон корхоналарида кўп қўлланилади. Мисол сифатида эксковаторларни, транспорт ташув машиналарини, кон машиналарини ва бурғулаш машиналарини кўрсатиш мумкин.
Кон корхоналарида электр юритмани қўллаш, ХIХ аср охирларига тўғри келади. 1890 йилда Зарянов кумуш-қўрғошин конида, Қизил тош кўмир конида, электр юритма ўрнатилган сув кўтариш қурилмалари, сўрилувчи насослар ва лебедкалар пайдо бўлди.
Электр юритгичларнинг корхоналарда кенг қўлланилиши, электр юритмаларни назарий асосларини яратишга олиб келди. Биринчи бўлиб электр юритмалар назарияси проф. С.А.Ринкеевичнинг «Механик энергияни электр энергия ёрдамида тақсимлаш» китобида келтирилган ва кейинчалик проф. В.К.Попов, А.Г.Голован ва бошқалар томонидан кенгайтирилган ва ривожлантирилган.
Электр юритмалар назарияси ҳақида яна Ўзбекистон ФА «Энергетика» институти олимларининг, ТДТД олимларининг ва «оқсоқол» олим профессор М.З.Хомудхоновнинг илмий ишларида кенг тўхталиб ўтилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |