Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси томонидан амалга оширилади.
Лицензиялар бериш, улар юзасидан хулосалар тайёрлаш учун лицензияловчи органда эксперт комиссия ташкил этилади. Эксперт комиссияси тўғрисидаги низом ва унинг таркиби лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади. Эксперт комиссияси мажлиси бир ойда камида бир марта ўтказилади.
Баҳолаш фаолиятини лицензиялашни амалга оширувчи орган (лицензияловчи орган) баҳоловчи ташкилотнинг қонун ҳужжатларида белгиланган лицензия талабларига ва шартларига риоя этиши устидан назоратни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган давлат унитар корхоналари ва муассасалари баҳолаш фаолиятини, агар баҳолаш фаолиятини амалга ошириш уларни ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатларда назарда тутилган бўлса, тегишли лицензия олмасдан амалга оширишга ҳақлидир. Ушбу қоида кўрсатиб ўтилган корхоналар ва муассасаларни лицензия талаблари ва шартларини, шунингдек фаолиятнинг лицензияланаётган турларини лицензиялаш билан боғлиқ бўлган, қонун ҳужжатларига мувофиқ қўйиладиган бошқа талабларни бажаришдан озод қилмайди.
Баҳолаш жараёни қандай ҳолатларда амалга оширилади?
Баҳолаш фаолияти фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади. Бизнес (ташкилот)нинг миқдорий баҳоси – бу жараён. Эксперт-баҳоловчи бу жараёнда натижага эришиш учун баҳонинг мақсади билан боғлиқ бўлган мазмун ва кетма-кетлилик, объектнинг параметрлари ва танланган методи билан боғлиқ бир қатор операциялар амалга оширилади.
Бизнесни баҳолаш жараёни қуйидаги ҳолатларда амалга оширилиши мумкин:
- ташкилот ёки фирмани бошқариш самарадорлигини ошириш;
- ташкилот облигациялари ва акцияларининг бозор фондида сотиш;
- асосланган инновацион қарорлар қабул қилиш;
- ташкилотни яхлит ёки унинг айрим қисмларини сотиш;
- шартнома бекор қилиниши ёки шериклардан бирининг вафоти муносабати билан ҳамкорларнинг улушини белгилаш;
-ташкилотнинг қайта тузилиши. Ташкилотни йўқотилиши, бирини-бири ютиб юбориши, уларнинг бирлаштирилиши ёки холдинг таркибидан айрим ташкилотларнинг ажраб чиқиши унинг бозор нархини белгилашни тақозо этади. Шундай ҳолатларда акцияларни сотиш ёки сотиб олиш нархи, конверсия нархи ёки бирлаштирилган ташкилот акционерларига бериладиган мукофот қийматини аниқлаш;
- ташкилотни такомиллаштириш режасини ишлаб чиқиш. Стратегик режалаштириш жараёнида фирманинг назарда тутилаётган даромадини, унинг қатъийлиги даражаси ва имижининг қийматини баҳолаш;
- ташкилотнинг кредитга қодирлиги ва унинг кредит олишдаги гаров қийматини аниқлаш. Бундай вазиятларни баҳолашда бухгалтер ҳисоби бўйича активлар қийматининг баҳоси унинг бозор баҳосидан кескин фарқ қилиши мумкин;
- йўқотиш ҳолатига келиб қолиб, активларнинг қийматини белгилаш зарурати пайдо бўлганда суғурта қилиш;
- солиққа тортилиш. Солиққа тортилиши лозим бўлган база аниқланган ҳолатларда ташкилотнинг даромади ва унинг имижини объектив баҳолашни ташкил этиш;
- асосли бошқариш учун зарур бўлган қарорлар қабул қилиш. Инфляция ташкилотнинг молиявий ҳолатини бузади. Шунинг учун мулкни мустақил баҳоловчилар ёрдамида мунтазам равишда қайта баҳолаб туриш молиявий қарорлар қабул қилиш учун база ҳисобланган молиявий ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини ошириш имконини беради;
- бизнесни ривожлантиришни инвестицион лойиҳалаштириш. Бундай ҳолатларда уни асослаш учун корхонанинг дастлабки баҳосини, унинг хусусий капитали, активини билиш зарур.
Ташкилотнинг алоҳида мулк элементлари қийматини баҳолаш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
- кўчмас мулкнинг бирор қисми сотилганда, масалан, фойдаланилмай ётган ер мулки, бино, иншоотдан қутулиш зарурати пайдо бўлганда;
- кредиторлар билан ҳисоблашиш керак бўлганда;
- суд қарори билан ҳамкорлардан бирига етказилган моддий зарарни қоплаш керак бўлганда ва бошқалар;
- кўчмас мулкнинг бир қисмини гаровга қўйиб кредит олишда;
- кўчмас мулкни суғурта қилишда шу билан боғлиқ суғурта қилинадиган мулкнинг суғурта нархини белгилашда;
- кўчмас мулкни ижарага берилганда;
- мулкни солиққа тортиш учун солиқ миқдорини аниқлашда;
- кўчмас мулкнинг бир қисмларини янги ташкил этилган бошқа ташкилотга мулк сифатида расмийлаштиришда;
- бирорта инвестицион лойиҳанинг бизнес-планини ишлаб чиқиш ва баҳолашда;
кўчмас мулкни баҳолашда оралиқ босқич сифатида ташкилот қийматининг умумий баҳосидан фойдаланишга харажат сифатида ёндашувда.
Баҳонинг асослилиги ва ишончлилиги кўпинча нимани баҳолашга ва унинг қанчалик тўғри белгиланганлигига боғлиқ бўлади: олди-сотди, кредит олиш, суғурта, солиқ тўлаш, қайта тузиш ва бошқалар.
“Баҳолаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида”ги Низом қайси ташкилот томонидан ишлаб чиқилган ва унинг моҳияти нимадан иборат?
«Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига ҳамда «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан 08.05.2003 йилда “Баҳолаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида”ги 210-сонли Низом ишлаб чиқилган.
Мазкур Низом баҳолаш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди. Унда лицензия талаблари ва шартлари, лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар, аризаларни кўриб чиқиш ва лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш, лицензияни қайта расмийлаштириш, дубликат бериш, лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш, лицензиялар реестри, давлат божи тўлаш тартиби ва баҳолаш фаолиятини лицензиялаш тартибининг схемаси белгилаб қўйилган.
Давлат рақобат қўмитаси томонидан илгари сурилган баҳолаш жараёнини амалга оширишда лицензия нимани тасдиқлайди?
Давлат рақобат қўмитаси томонидан илгари сурилган баҳолаш жараёнини амалга оширишда лицензия баҳолаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқлайди.
Баҳоловчининг мутахассислик аттестати малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс эканлигини тасдиқлайди. Баҳоловчи белгиланган тартибда лицензияловчи орган томонидан берилган баҳоловчининг малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахсдир.
Баҳоловчи баҳолаш ишларини ўтказишга, агар у баҳоловчи ташкилотнинг штатида турган бўлса ёки баҳоловчи ташкилот у билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузган бўлса, баҳоловчи ташкилот томонидан жалб этилиши мумкин.
Баҳоловчи назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўтказадиган текширишларда ва бошқа тадбирларда баҳоловчи ташкилот ҳамда ушбу органлар ўртасида тузилган шартнома асосидагина мутахассис сифатида иштирок этиши мумкин. Яъни мутахассислик аттестати агар баҳоловчи баҳоловчи ташкилотнинг штатида турса ёки баҳоловчи ташкилот у билан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузган бўлса, у баҳоловчи ташкилот томонидан баҳолашни ўтказишга жалб этилиши мумкинлигини тасдиқлайди.
Жисмоний шахсга баҳолаш жараёнини амалга ошириш учун нима зарур бўлади?
Албатта малака сертификати зарур бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 24 апрелдаги ПҚ-843-сон қарорига илова бўлган Баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчилар тўғрисида
Низоми 4-моддасига асосан Баҳоловчининг малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс баҳоловчи ҳисобланади.
Қандай ҳолатларда баҳолаш ишлари мажбурий ҳисобланади?
Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 19 августда қабул қилинган «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги 811-I-сонли Қонуни 11-моддасига асосан баҳолашни ўтказишни давлатга тўла ёки умумий мулк ҳуқуқида қисман қарашли баҳолаш объектлари битим тузишга жалб этилган тақдирда, шу жумладан:
баҳолаш объектларини давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштириш, ишончли бошқарувга топшириш ёки ижарага бериш мақсадида уларнинг қиймати аниқланаётганда;
баҳолаш объектларидан гаров нарсаси сифатида фойдаланаётганда;
баҳолаш объектлари сотилаётганда ёки ўзга шахсга бошқача тарзда ўтказилаётганда;
баҳолаш объектлари билан боғлиқ қарз мажбуриятларидан бошқанинг фойдасига воз кечилаётганда;
мол-мулк мулкдорларидан давлат эҳтиёжлари учун сотиб олинаётган ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқача тарзда олиб қўйилаётганда;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўғри тўланиши устидан назорат ўтказилаётганда мажбурийдир.
Ушбу модданинг амал қилиши давлат унитар корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ўртасида уларга хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи билан беркитиб қўйилган мол-мулкни тасарруф этишда келиб чиқадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Баҳолаш учун нима асос бўлади?
Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 19 августда қабул қилинган «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги 811-I-сонли Қонуни 12-моддасига асосан баҳоловчи ташкилот ва буюртмачи ўртасида тузиладиган шартнома ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда суд ажрими баҳолаш объектини баҳолашдан ўтказиш учун асослардир.