Банк бухгалтерия аппарати деганда - пул ҳисоб-китоб ҳужжатларини расмийлаштириш, банк операцияларини бажариш ва уларни ички назоратдан ўтказиш ҳамда ҳисоб регистрларида қайд этиш ва бухгалтерия ҳисоботларини тайёрлаш билан шуғулланувчи ходимлар гуруҳи тушунилади.
Бухгалтерия аппарати бир бутун яхлит бўлган банкларда бухгалтерия аппарати ичида, Фронт-офис ва Бэк-офисга бўлинган банкларда эса Бэк-офиси таркибида алоҳида бўлим сифатида ташкил қилинади. Таркибий тузилмаси Фронт-офис ва Бэк-офис сифатида ташкил этилган йирик банкларнинг бухгалтерия аппарати шу таркибий тузилмаларга мос равишда ташкил этилади. Фронт-офис ва Бэк-офис ходимларининг аниқ вазифалари мос равишда Фронт-офис ва Бэк-офис бошлиқлари томонидан юқоридаги ҳолатлар бўйича белгилаб берилиб, банк раҳбари томонидан тасдиқланади.
Фронт-офис - қонун ҳужжатларида назарда тутилган банк операцияларини амалга оширишда банк мижозлари билан бевосита мулоқотда бўлган ҳолда уларга барча банк хизматлари кўрсатувчи ходимлар гуруҳидир. Ушбу гуруҳга Фронт-офис бошлиғи раҳбарлик қилади.
Фронт-офиснинг асосий вазифаси мижозлар топшириғи ҳамда банк ички фаолияти бўйича амалга оширилиши лозим бўлган операцияларнинг қонунчиликка мос эканлигини аниқлаш ва уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттиришга тайёрлашдан иборат.
Фронт-офис қуйидаги бўлимлардан иборат бўлади: юридик шахсларга хизмат кўрсатувчи корпоратив бўлим; жисмоний шахсларга чакана банк хизматлари кўрсатувчи бўлим; банкнинг ички операциялари (амалга оширувчи бўлим. Фронт-офис таркибида банк учун ўта муҳим мижозлар (VIP) га хизмат кўрсатувчи алоҳида бўлим ташкил этилиши мумкин.
Бэк-офис - Фронт-офис томонидан дастлабки назоратдан ўтган ва ижро учун тақдим қилинган операцияларни жорий назоратдан ўтказиш ва банк операцияларини амалга оширувчи бухгалтерлар гуруҳидир.
Бэк-офиснинг асосий вазифаси Фронт-офис томонидан дастлабки назоратдан ўтказилиб, маъқулланган барча банк операцияларни қайтадан жорий назоратдан ўтказиб, уларни иккиёқлама ёзув ёрдамида бухгалтерия регистрларида қайд этиш ва тегишли ҳисоботлар тайёрлашдан иборат.
Бэк-офис мижозлар билан бевосита мулоқотда бўлмайди. У, мижозлар операцияларини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш бўйича Фронт-офис билан, банкнинг ички молиявий-хўжалик операцияларини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш бўйича банк маъмурияти билан алоқада бўлади. Бэк-офисга Бэк-офис бошлиғи раҳбарлик қилади ва у ўз навбатида банк раҳбарига бўйсунади.
Бэк-офис қуйидаги бўлимлардан иборат бўлиши мумкин: ҳисоб ва ҳисоб-китоб операциялари бўлими; клиринг ва пластик карточкалар эмиссияси бўлими; ссуда-депозит битимлар бўлими (гуруҳи); статистик маълумотлар бўлими; ички хўжалик операциялари бўлими; якуний назорат бўлимидан иборат бўлади.
Бухгалтерия аппаратини Фронт-офис ва Бэк-офисга ажратишнинг зарурияти қуйидагилар билан изоҳланади:
таркибий бўлинмаларнинг асосий вазифалари;
мижозларга хизмат кўрсатиш;
назоратни амалга ошириш.
Таркибий бўлинмаларнинг асосий вазифалари Банк таркибий тузилмасининг масъулиятини белгилаш учун, улар бажарадиган операциялари тавсифидан келиб чиққан ҳолда, бўлимлар бўйича вазифалар тақсимлашнинг тахминий доираси аниқланади. Шуни қайд этиш зарурки, бўлинмага юклатиладиган вазифалар доираси қатъий бўлиши шарт эмас. Банк бўлинмаларида кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва банк операцияларининг автоматлаштирилган даражасига боғлиқ равишда, Бэк-офис ёки Фронт-офис таркибида айрим бўлим/сектор бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолларда, бир бўлим/сектор вазифаларини бошқа бўлим/сектор бажариши кўзда тутилади. Вазифалар, банк таркибий тузилмасининг ҳар бир бўлими учун алоҳида тақсимланади.