2-маъруза машғулоти
1.Тайёр маҳсулот ва товарлар билан боғлиқ муомалаларни бухгалтерия ҳисобида тўғри акс эттирилганлигини текшириш.
Корхонада сотиш учун мўлжалланган маҳсулот (иш, хизмат) товар маҳсулоти деб номланади. Товар маҳсулоти (иш, хизмат) таркибига қуйидагиларни киритиш мумкин:
буюртмачи ва харидорларга сотилган тайёр махсулот (иш, хизмат) ва корхонанинг ўзида ишлаб чиқарилган ярим тайёр маҳсулотлар;
халқ истеъмоли товарлари, чиқиндилардан тайёрланган ишлаб чиқариш техника максадларига мўлжалланган буюмлар, ярим тайёр маҳсулотлар ҳамда маҳаллий хом-ашёдан халқ истеъмоли учун тайёрланган ноозиқ-овқат товарлари;
ташкилотда тайёрланган тайёр маҳсулот (ишлаб чиқариш циклнинг пировард натижаси)-сотиш учун мўлжалланган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳолларда шартномада ёки бошқа ҳужжатларнинг талабларида назарда тутилган техник ва сифат тавсифларига мувофиқ келадиган ишлов берилиши (бутланиши) тугалланган актив;
бошқа юридик ёки жисмоний шахслардан харид қилинган (олинган) ва ташкилотнинг одатдаги фаолияти давомида қўшимча ишлов беришсиз сотиш ёки қайта сотиш учун мўлжалланган товарлар. Бунда узоқ муддатли активлар объектлари (бинолар, иншоотлар, транспорт воситалари ва бошқалар) кейинчалик сотиш ёки қайта сотиш мақсадида харид қилинган ҳолларда товар бўлиб ҳисобланиши мумкин.
Таннархни аниқлашнинг босқичли усули бошланғич хом - ашё ва материаллар ишлаб чиқариш жараёнида бир қатор босқич, фаза, поғоналардан ўтадиган ташкилотларда қўлланади. Ушбу усулда аввал барча маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)нинг таннархи, сўнгра унинг бирлиги таннархи аниқланади.
Босқичли усул ташкилотниниг тармоққа муносиблигига боғлиқ ҳолда икки вариантда амалга оширилиши мумкин: ярим тайёр маҳсулотли ва ярим тайёр маҳсулотсиз вариантларда.
Ярим тайёр маҳсулотли вариантда ҳар бир босқич бўйича маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархи ҳисоблаб чиқарилади камида у аввалги босқичлар маҳсулоти (ишлар, хизматлар)нинг таннархи ва мазкур босқич бўйича харажатлардан иборат бўлади. Охирги босқич маҳсулотнинг таннархи барча тайёр маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархи ҳамдир.
Ярим тайёр маҳсулотсиз вариантда фақат охирги босқич маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархигина ҳисоблаб чиқарилади. Бунда харажатлар аввалги босқичлар маҳсулот (ишлар, хизматлар)нинг таннархини ҳисобга олмасдан, ҳар бир босқич бўйича алоҳида ҳисобга олинади. Тайёр маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархига барча алоҳида босқичлар бўйича уни ишлаб чиқариш харажатлари киритилади.
Асосий маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш жараёнида юзага келадиган маҳсулот (ишлар, хизматлар), сотиш қиймати асосий маҳсулот (ишлар, хизматлар)га қараганда жуда паст бўлган маҳсулот (ишлар, хизматлар) қўшимча маҳсулот (ишлар, хизматлар) деб аталади.
Қўшимча маҳсулот (ишлар, хизматлар)дан биргаликда ишлаб чиқариладиган маҳсулот (ишлар, хизматлар)нинг фарқи шундан иборатки, уларни тақсимлаш нуқтасига етгунга қадар турли хилдаги маҳсулот (ишлар, хизматлар) сифатида идентификациялаш мумкин эмас.
Биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулот (ишлар, хизматлар)нинг сотиш қийматини бўлиниш нуқтасида аниқлаш мумкин бўлган ҳолларда биргаликда ишлаб чиқариладиган маҳсулот (ишлар, хизматлар)нинг ишлаб чиқариш таннархини аниқлаш мақсадида ишлаб чиқариш харажатларни бўлиниш нуқтасида тақсимлаш қуйидаги усуллардан бири билан амалга оширилади:
а) натура кўрсаткичлардан фойдаланиш усули. Ушбу усулда бўлиниш нуқтасига қадар қилинган харажатлар асосий маҳсулот (ишлар, хизматлар)нинг ҳар бир турига унинг натура кўрсаткичларида ифодаланган ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмидаги улушига мутаносиб равишда тақсимланади;
б) бўлиниш нуқтасидаги сотиш қиймати асосидаги усул. Ушбу усулда бўлиниш нуқтасига қадар қилинган харажатлар асосий маҳсулот (ишлар, хизматлар)нинг ҳар бир турига уни сотишдан тахмин қилинган тушум умумий суммасидаги улушига мутаносиб равишда тақсимланади.
Маҳсулот (иш, хизмат) сотилиши ҳисобини ташкил қилишда сотилган маҳсулот, товарлар, иш ва хизматларнинг ҳар бирининг алоҳида тури бўйича юритилиб, сотилаётган маҳсулот, бажарилган иш ва хизматларнинг таркибий тузилиши ҳамда уларнинг ҳар бирининг умумий сотилиш суммасидаги ҳиссаси, ҳар қайсининг рентабеллик даражаси ва бошқа маълумотлар акс эттирилиши лозим.
Сотилган маҳсулот 9010-"Масулот сотишдан олинган даромадлар", 9020-"Товарларни сотишдан олинган даромадлар", 9030-"Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматлардан олинган даромадлар" счетларида ҳисобга олинади. 9040-"Сотилган товарларнинг қайтарилиши" ва 9050-"Харидор ва буюртмачиларга берилган чегирмалар" счетларида сотилган товарларнинг қайтарилиши ҳамда харидор ва буюртмачиларга берилган чегирмалар акс эттирилади.
9010, 9020, 9030 - счетларнинг кредитида 4010 - "Харидор ва буюртмачилардан олинадиган счётлар" счет билан корреспонденцияланган ҳолда маҳсулот (иш, хизмат) лар сотишдан олинадиган соф тушум акс эттирилади. Бу счетларда харидорларга жўнатилган маҳсулот (иш, хизмат) лар бўйича ҳисобланган акциз солиғи ва ҚҚС суммалари акс эттирилмайди.
4010-"Харидор ва буюртмачилардан олинадиган счётлар" счет актив бўлиб, унинг сальдоси харидор ва буюртмачиларнинг корхонадан сотилган маҳсулот (иш, хизмат) лар бўйича қарзини кўрсатади, дебет обороти ҳисобот ойида топширилган маҳсулот, бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг сотиш қийматини, қредит обороти эса ҳисобот ойида харидорлар томонидан тўланган суммани кўрсатади.
Харидорларга юклаб жўнатилган маҳсулотлар ҳаракатининг ҳисоби 16-кайдноманинг 2-бўлимида юритилади. Юклаб жўнатилган ва сотилган маҳсулотларнинг счетлари бўйича синтетик ҳисоб 11-журнал-ордерда юритилади. Бу журнал-ордер 2810 “Омбордаги тайёр маҳсулотлар”; 9410 “Сотиш харажатлари”; 9010 “Тайёр маҳсулотларни сотишдан дароматлар”; 9020 “ Товарларни сотишдан даромадлар”; 9030 “Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишда даромадалр”; 9210 “Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши”; 9220 “Бошқа активларнинг чиқиб кетиши”; 4010 "Харидор ва буюртмачилардан олинадиган счётлар" - счетларнинг қредит оборотларини ва 9010, 9020, 9030-счетларнинг аналитик маълумотларини ёзиш учун мўлжалланган. 11 -журнал-ордер 15 ва 16-қайдномаларнинг аналитик маълумотларига асосан тўлдирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |