I- Жаҳон уруши арафасида халқаро муносабат. Империализм давридаги халқаро муносабатлар капиталистик давлатларнинг ташқи сиёсатида капиталистик монополиялар ва молия олигархиясининг манфаатлари ҳукмронлик қилиши билан, дунёни қайтадан бўлиб олиш учун бу давлатлар ўртасида кураш бориши билан характерланади. Айни бир вақтда капиталистларнинг иттифоқчилари, яъни йирик монополистик бирлашмалар ўртасида дунёни бўлиб олиш, мол сотиш бозорларини, хом-ашё манбаларини тақсимлаш учун кураш олиб борилди.
Империализм даврида капиталистик мамлакатларнинг иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан нотекис ривожланишининг кескин равишда кучайиши империалистик давлатлар ўртасидаги мувозанатнинг тез-тез издан чиқиб туришига олиб келади. Айрим империалистик мамлакатлар иқтисодий ва сиёсий қудратининг нисбати ўзгариб туриши натижасида уларнинг амалдаги кучи мустамлакалар, бозорлар учун етмас эди. Тезроқ ўсаётган давлатлар ўз монополистларига бозор ва хом ашё манбаларини тўла эгаллаш, мустамлакаларни эксплуатация қилиш йўли билан жуда катта устама фойда олишларини таъминлаш учун бошқа давлатлар ҳисобига ўз мустамлакаларини кенгайтиришга интилдилар. «Бўш» яъни хеч кайси капиталистик давлат томонидан эгалланмаган территория қолмагандан сўнг, бу интилиш мустамлакалар ва таъсир доираларини қайта бўлиш учун уриниб кўришга олиб келдики, бунда қуролли куч ишлатишдан ҳам тап тортилмайди. Шундай қилиб, империализм муқаррар суратда капиталистик давлатлар ўртасида зиддиятларнинг кескинлашишига ва урушларни келтириб чиқарадиган иқтисодий заминнинг яратилишга олиб келади. Бунда зўр бериб қуролланиш ва урушларнинг ўзи капиталистлар учун устама фойда олиш манбаи бўлиб қолди. Империализмга қарши кучлар ва аввало бутун дунё ишчилар синфи, шунингдек эзилган миллатларнинг озодлик ҳаракати етарли даражада кучли ва уюшган бўлмаган бир даврда, империалистик урушларнинг бўлиши муқаррар эди.
XIX- асрнинг кейинги ўн йиллиги АҚШнинг актив равишда мустамлакачилик сиёсати майдонига чиқиши билан характерланади. Америка экспансияси икки асосий томонга Узоқ Шарққа ва Лотин Америкасига томон ривожланиб борди ва АҚШ 1893- йилида Гавай оролларини босиб олди. АҚШнинг ғарбий қирғоғидан Хитой қирғоқларигача бўлган йўлнинг қоқ ярмида жойлашган бу ороллар АҚШнинг Тинч океан марказидаги муҳим таянч пунктига айланди.
1898-йилда АҚШ Испанияга қарши уруш бошлаб, унинг устидан осонгина ғалаба қозонди. Испания Филиппин оролларини, Пуэрто-Рико ва Кубани АҚШга беришга мажбур бўлди. Испания Америка уруши бир капиталистик давлат (АҚШ)нинг иккинчи импералистик давлат (Испания)га қарши, Испания давлатининг мустамлакаларини эгаллаш учун олиб борилган уруш бўлди. Бу дунёни қайта тақсим қилиш учун олиб борилган биринчи уруш, биринчи империалистик уруш эди.
АҚШнинг Узоқ Шарқдаги экспансиячилик сиёсатининг марказий объекти Хитой бўлиб қолди. АҚШнинг ҳукмрон доиралари Хитойга Америка капиталининг келажакдаги муҳим бозор сифатида қарардилар. Аммо Хитой бошқа йирик давлатлар таъсирига аллақачон тушиб қолган эди. Шунинг учун АҚШ 1899 йилда давлат секретари Хей орқали Хитойда «Очиқ эшик» докторинаси деб атилган докторинани, яъни Хитойга иқтисодий соҳада эркин кириб бориш ва барча миллатининг капитали фаолияти учун тенг шароит туғдиришни эълон қилди. Ўзининг иқтисодий куч-қудратига ишонган Америка капитали Хитойдаги барча конкурентларини енга олишга умид боғлади. АҚШ ҳукумати Россияни ўзининг Хитойдаги асосий рақиби деб ҳисоблаб, шунинг учун АҚШ ҳукумати, инглиз ҳукумати каби Россияга қарши Японияни қўллаб —қувватлади.
Илгаридан мавжуд бўлган халқаро зиддиятлар империализм даврига ҳам ўтиб келди. Монополистик капиталнинг давлатлар ташқи сиёсатига таъсири бўлган шароитда бу зиддиятлар янада кескинлашиб борди. Масалан, Эльзас ва Лотарингия масаласи бўйича Франция билан Германия ўртасидаги зиддиятларни Лотарингия темир рудаси учун герман капиталига қарашли қудратли Рейн-Рур монополияларининг француз оғир саноат монополистларига қарши олиб борган кураши янада кескинлаштириб юборди. Бунда француз империализми Эльзас ва Лотарингиянинг 1871 йилда Германия босиб олган қисмини қайтариб олмоқчи бўлса, герман империализми Франция қўлида қолган Брие ва Лонгви ҳавзаларини босиб олмоқчи бўлди. Герман империалистларининг Францияга қарши кураши шу билан бирга Германиянинг Европада гегемонлик қилиш учун кураши бўлди.
1873 йилги иқтисодий инқироздан кейин Германиянинг савдо соҳасидаги конкуренцияси Англиянинг таъбини хира қила бошлади. Шу билан бирга, герман империясининг юксалиши китъада Германиянинг гегемонлиги ўрнатилишидан қўрққан Англияни хавфга солиб қўйди.
Кейинги ўн йилликда Англия билан Германия ўртасидаги муносабатларни янада кескинлаштирган факторларга мустамлакалар учун кураш қўшилди. 90-йилларнинг ўрталарида жуда катта мустамлакаси империяни тузиш Германия ташқи сиёсатининг асосий вазифаси бўлиб қолди. Шу даврдан бошлаб, инглиз-герман зиддиятлари ғоят кескинлашиб кетди ва халқаро сиёсатдаги аҳамияти жуда катта бўлди. Бу зилдиятларнинг кескинлашувига шу нарса сабаб бўлдики, улар Европадаги саноати энг кучли бўлган давлатлар эди, бунинг устига бу даврда гап «бўш» ерларни бўлиб олиш ҳақида эмас, олган ҳудудни қайта тақсимлаш устида борарди. Ёш герман империализми жуда қатъий туриб дунёни бутунлай янгидан қайта бўлиш масаласини қўя бошлади. Англия билан Германия ўртасидаги зиддиятларнинг ўсиб бориши муносабати билан, дўстона муносабатлар 90-йилларнинг ўрталарига келиб тез кескинлашиб кетди. Германия имкони бор жойда Англиянинг мустамлакачилик сиёсатига қарши ҳаракат қила бошлади. Рақобат қилиш ҳудудларидан бири Жанубий Америка бўлиб қолди, у ерда Германия Англияга ва унинг Бур республикаларидаги таъсирига қарши кураш бошлади. Женсоннинг Трансваалга қилган (1895) муваффақиятсиз ҳужумидан сўнг, 1896 йил январида Вилгелм II намойишкорона президент Крюгерга табрик телеграммаси юборди. Трансваални ўз мулки деб ҳисоблаган Англияда Кайзернинг бу телеграммаси иғвогарликдан иборат қадам деб кутиб олинди. Яқин ва ўрта Шарқ ҳам ўша даврдаги икки империалистик йиртқичнинг рақобат доирасидан четда қолмаган эди.
ХIХ-асрнинг охири ва ХХ-асрнинг бошида капиталистик дунё мустамлакачилик зулмига қарши қаратилган кучли халқ ҳаракатига дуч келди. 1900-йили Хитойда халқ кўзғолани бошланди. Қўзғолончилар Пекинни босиб олиб, «элчихоналар» кварталини қамал қила бошладилар. Қўзғолонни бостириш учун халқаро жазо корпуси юборилиб, унинг составида барча йирик капиталистик давлатлар бор эди. 1900- йил 15-августда халқаро «жазоловчилар» Пекинни ишғол қилдилар. Қўзғолон мисли кўрилмаган шавфқатсизлик билан бостирилди. Пекиндаги саройлар ва ибодатхоналар чет эл офицерлари томонидан таланди. Хитойнинг император ҳукумати империалистик давлатларнинг ҳукуматлари билан музокара бошлашга ва якунловчи протокол деб аталган шартномага қўл қўйишига мажбур бўлди. Хитой ҳукумати Хитойнинг миллий ифтихорини оёқ ости қилган турли хил шартларни қабул қилишдан ташқари, империалистик давлатларга «кўзғолон натижасида чет элликларнинг кўрган зарари эвазига» анчагина контрибутция тўлашга, шунингдек Хитойга қурол олиб киришни ман қилишга розилик берди. Қўзғолон пайтида чор Россияси ўз қўшинлари билан Манъчжуриянинг бир қисмини босиб олди. Англия Хитойни асоратга солишда чет эл капиталининг актив иш кўраётган асосий маркази бўлган Шанхайни босиб олди. Инглиз империализми Шанхайни эгаллаб туриши ва Янцзи дарёси водийсида кучли таъсирга эга бўлишга қониқмай, чор Россияни Маньчжуриядан сиқиб чиқармоқчи бўлди. Инглиз ҳукумати шу мақсадда Германиядан фойдаланишга уриниб кўрди, лекин бундан ҳеч нима чиқмади. Россияга қарши иттифоқ тўғрисида Германия билан олиб борилган музокаралар мутаффақиятсиз тугади. Бироқ инглиз империалистлари Россияга қарши чиқишга тайёр турган иттифоқчи сифатида Японияни тайёрладилар. Япония Корея билан Маньчжурияни бўйсундириб, экспансиясини яна давом эттириш учун плацдарм тайёрламоқчи эди.
1902-йилда тузилган иттифоқчилик шартномасига мувофиқ, бу давлатларнинг биронтаси учинчи давлат билан уруш ҳолатига тушиб қолса, икки томон ҳам катъий бетарафликка риоя қилишга ваъда бердилар. Агар иттифоқдаги бир томонга иккита давлат билан уришишга тўғри келиб қолса, иккинчи томон бетараф туриши эмас, балки қурол билан ёрдам беришни ваъда қилган эди. Шартномадаги бу қарорлар, амалда, агар Россия билан Япония ўртасида уруш чиқиб қолса, Англия бошқа давлатларни масалан, Францияни бу урушга аралаштирмаслик учун Японияни кафолатлайди, деган гап эди. Иттифоқ ҳақидаги шартномадан ташқари, Япония Англиянинг молиявий ёрдами билан таъминландики, бусиз Япония Россияга қарши Японияни қўллаб, АҚШ ҳам актив дипломатик ва молиявий ёрдам бериб турди. Инглиз-япон иттифоқи тузилиши билан инглиз империалистлари Хитойда инглиз манфаатларини бошқалар орқали таъминлаб туриш имкониятига эга бўлиб қолди. Бундан, ташқари худди шу, 1902-йили инглиз империализмининг кучини банд қилиб турган инглиз-бур уруши томом бўлган эди. Шу вақтга келиб, мустамлакачилик сохасидаги жанжалли муаммоларни ҳал қилиш юзасидан инглиз-француз музокаралари бошланган эди, мустамлакачилик соҳасидаги бу жалжаллар Фашод кризиси кунларида (1898 йилнинг кузи) инглиз- француз урушини чиқаришга олиб келган эди. XX асрнинг дастлабки йилларидаги стратегик вазият ҳам Франция ҳукмрон доираларини Англия билан яқинлашишга ундади. Франциянинг иттифоқчиси бўлган Россиянинг қуролли кучлари ва маблағларининг анчагина қисми 90-йилларнинг охиридан бошлаб, Узоқ Шарққа жалб қилинган эди. Бу ердаги рус экспансиясини Германия атайин рағбатлаштириб Япония билан уруш олиб боришга ундамоқда эди. Кучларнинг Узоқ Шарқда жалб килиниши Россияни Европада заифлаштирар, Франция эса Германия билан уруш бошланган тақдирда етарли кучга эга бўлмай қоларди.
Тўғри, Франция Учлар иттифоқини заифлаштириб, ўз мавқеини бир мунча мустаҳкамлаб олишга муваффақ бўлган эди. Бу мақсадда у Италия билан яқинлашиш йўли билан эришди. Италия эса ўз навбатида Франция билан олиб борилган савдо урушида жуда катта зарар кўрди. Иқтисодий жиҳатдан яқинлашгандан сўнг Франция билан Италия ўртасида яна иккита битим тузилди. 1900 йилги битимга мувофиқ Франция Триполитанияда манфаатдор эмаслигини, Италия эса Марокашда манфаатдор эмаслигини баён қилдилар. Бироқ Италиянинг бетарафлиги таьминланган бўлса хам, бу бетарафлик Франция учун кураш бўлган тақдирда Россия билан ҳарбий иттифоқнинг вақтинча бўлса ҳам ўрнини боса олмас эди. Бу вазият инглиз-француз музокаралари учун қулай шароит яратди.
Кейинги воқеалар Франциянинг герман агрессиясидан қўрқиши бежиз эмаслигини кўрсатди. 1904-йил охирида герман ҳукумати чоризмнинг Узоқ Шарқда мағлубиятга учраганлигидан фойдаланиб, фақат Германиянинг ўзи учун қулай бўлган савдо шартномасини тузишга рус ҳукуматини мажбур қилди, Вильгельм II бу билан чекланмай Николай II билан Россия ва Германия ўртасида иттифоқ тузиш ҳақида шахсий музокаралар бошлаб юборди. Германия ҳукумати мавжуд аҳволни ҳисобга олиб, инглиз-француз Антантасига қарши чиқди. Канцлер Бюлов Францияни қўрқитишга ва уни Англия билан ҳамкорлик қилишдан воз кечдиришга ҳамда Франциянинг Марокашда мустаҳкамланиб олишга йўл қўймасликка уриниб кўрди. Бюлов Марокашнинг мустақиллигини ҳимоя қилиш ниқоби остида уни Германия таъсиридаги давлатга айлантириб қўймоқчи бўлди. Германия ҳукумати иғво ва қўрқитиш йўли билан иш кўрди. 1905- йил 31-мартда Вилгельм II намойишкорона равишда Марокашнинг Танжер портига борди ва у ерда нутқ сўзлади. У ўз нутқида Марокашнинг «мустақил» эканлигини кўрсатиш билан, Германия бу мамлакатда бошқа давлатлар билан бир қаторда тенг «хукуққа» эга бўлишни талаб қилаётганлигини таъкидлади.
Бунинг кетидан Германия ҳукумати халқаро конференция чақиришни талаб қилди. Ушбу конференциядан Марокаш ҳақидаги инглиз-француз битимини бекор қилиш учун фойдаланишни назарда тутарди. Агар Франция Германиянинг талабларини қабул қилмаса, у билан урушиш хавфи остида қоларди. Марокаш масаласи бўйича халқаро конференция 1906- йил бошида Испаниянинг Альхесирас шахрида бўлиб ўтади. Марокашнинг инглиз ва француз мустамлакачилари келишиб аллақачон белгилаб қўйган тақдирини халқаро конференцияда кўришга, Франциянинг рози бўлиши Германиянинг ютуғи бўлди. Бу конференциянинг натижалари унинг мағлубиятга учраганлигини кўрсатди. Конференцияда Германия якка бўлиб қолди. Англия, Россия ва хатто Германиянинг расман иттифоқчиси бўлиб қолган Италия ҳам конференцияда Францияни актив қувватлади. АҚШ ҳам Францияни қўллаб-қувватлади.
Марокаш криизисининг оқибатларидан бири шу бўлдики, инглиз ҳукумати фақат мустамлакачилик экспедицияларида эмас, балки катта Европа урушида ҳам иштирок этиш мақсадида Франция ва Бельгияга жўнатиш мумкин бўлган қуруқлик қуролли кучлари ташкил қилишга қарор қилганлиги бўлди. 1905-йили Англияда янги типдаги броненосец кемаси қурила бошладики, у кучи ва сузиш тезлиги билан бундан олдинги кемалардан анча устун турарди.
Шу хилдаги биринчи кеманинг номи билан янги типдаги кемалар дретноут (инглизча dreadnouht — қўрқмас дегани) деб атала бошлади. Дредноутлар пайдо бўлгандан сўнг бир линкорни қуришга кетадиган харажатлар икки марта кўпайди ва зўр бериб қуролланишнинг оғирлиги борган сари кўпроқ халқ зиммасига туша борди. 1908-йилдан 1912-йилгача Германияда хар йили тўрттадан дредноут қуриш мўлжалланган эди.
Инглиз ҳукумати Германия ҳукуматига янги харбий кемалар қуришни чеклашни бир неча марта таклиф қилди. Бироқ шу тарзда битимга келиш фақат Англиягагина фойдали эди. Агар кемалар қуриш чеклаб қўйиладиган бўлса, Англия, ўзининг денгиздаги мавжуд устунлигини сақлаб қолган бўларди. Германия бу таклифни рад этди. У шартнома асосида икки томон флоти кучлари нисбатини тенглаштиришни таклиф қилди. Бунда Германия ўша вақтдаги икки томон ўртасида амалда мавжуд бўлган нисбат бўйича эмас, балки ўзи учун фойдали бўлган нисбатда келишмоқчи бўлди. Икки томон келиша олмади ва шундан сўнг инглиз ҳукумати Германияда қурилаётган хар бир дредноут учун иккита дредноут қуриш билан жавоб беришга қарор қилди. Қуролланишга кетаётган сарфларнинг миқдори мисли кўрилмаган даражада ошиб кетди.
1910- йилда кескин халқаро кризис юз бермади. Бироқ бу йил бир қадар тинч ўтган энг сўнгги йил бўлди. 1911-йилнинг май ойида француз қўшинлари ғалаёнларни бостириш ва француз фуқароларини ҳимоя қилиш баҳонаси билан Марокашнинг пойтахти Фец шаҳрини босиб олди. Француз империализми амалда Марокашни босиб олмоқда эди.
Германия ҳукумати бунга тўскинлик қилишга қодир бўлмай, ҳеч бўлмаса моддий жиҳатдан манфаатдор бўлиб қолишга қарор қилди.1-июлда Марокашнинг Атлантик қирғоғидаги Агадир шаҳри ёнидаги кўрфазда «Пантера» номли герман ҳарбий кемаси якорь ташлади. Агадир географик жиҳатдан жуда қулай жойлашганлиги Гибралтар бўрозига яқин бўлганлиги учун муҳим стартегик аҳамиятга эга эди. Агадир ўзига хос бир гаров бўлиб, Германия бу шахарни эгаллаш билан Францияни жиддий ён беришларга мажбур қилиш ниятида эди. Агар Германия ҳукумати Марокашнинг бир бўлагини қўлга кирита олмаса, бунинг эвазига Франциянинг экваториал Африкадаги ерларига эга бўлмоқчи эди. Дастлаб у бутун француз конгосини беришни талаб қилди. Француз ҳукумати бу даъвони рад қилди. Натижада уруш кўланкаси пайдо бўлди.
Франция-Германия жанжалига Англия аралашди. 1911-йил 12-июлда кабинетнинг топшириғи билан жамоатчилик олдида сўзлаган нутқида Лойд Жорж Англия Марокаш масаласида Германияга қарши урушдан ҳам тап тортмаслигини очиқ айтди. Британия министрининг айтган сўзлари Вилгельм II ва унинг ҳукуматини ўз даъволарини камайтиришга мажбур этди. 1911-йил кузида Франция Марокашдаги француз протекторатини тан олди. Франция эса бунинг эвазига Конгодаги ўз ерининг унча катта бўлмаган қисмини Германияга берди.
Агадир кризиси тугамасданоқ Италия-Туркия уруши бошланиб кетди. Италия Усмонийлар империясининг бир вилояти бўлган Триполитанияни босиб олишга кўпдан ҳаракат қилиб келарди. 1900- йили Франция-Италия шартномасига биноан, Италия мустамлака эгаллашга қаратилган бу урушга Франциянинг розилигини таъминлаб қўйган эди.
Италия қўшинлари Триполитанияда жойлашган заиф турк гарнизонлари устидан осонлик билан ғалаба қозондилар. Лекин, Триполитанияни босиб олишини узоқ вақтгача тан олишга кўнмаган эди. Бироқ Болқонда бошланиб кетган уруш Туркияни сулҳ шартномасига имзо чекишга ва Триполитанияда итальян империалистларга беришга 1912 йилда мажбур қилди.
1912-йилда Болгария билан Сербия чор Росиясининг, шунинглек Антантага кирган бошқа давлатларнинг воситачилиги билан ўзаро иттифоқ бўлиш ҳақида шартнома туздилар, холбуки бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар шу давргача кўпинча душманлик руҳида бўлиб келган эди. Кўп ўтмай Сербия билан Болгарияга Греция билан Черногория қўшилиб, Болкон иттифоқини ташкил этдилар. Буларнинг ҳаммасини Усмонийлар империясига қарши курашиш учун бирлаштирган эди, чунки ҳали кўпгина славянлар ва греклар бу империя зулми остида яшардилар.
Болқон иттифоқи давлатлари Туркияга қарши урушни 1912 йил октябр ойида бошладилар. Россия буларнинг уруш бошланганликларини маъқулламади, чунки Россияга Болқон блоки Туркияга қарши уруш учун эмас, балки Германия ва Австрия-Венгрияга қарши курашиш учун зарур эди. Лекин Россия ўзини катта Европа урушига тайёр эмас, деб ҳисобларди.
Туркия тез фурсатда тор-мор қилинди. Болгар қўшинлари Константинополь томон йўл олдилар, грек қўшинлари Салоникини ишғол қилдилар, серблар эса Македониянинг катта қисмини яъни Шимолий Албанияни ва Новипадар ҳудудини босиб олдилар.
1912-йилда Туркия сулҳ тузишни сўради. Бўлажак сулҳ, шартлари ҳақида музокаралар бошланиб кетди. Музокаралар узок давом этди, бир неча бор келишмовчиликлар чиқиб мураккаблашди ва натижада Болқонда янги уруш, ёки хатто Европа уруши бошланиб кетиш хавфи туғилди. Сербия денгизга чиқадиган йўлга эга бўлиш учун Шимолий Албанияни талаб қилди. Бироқ у Австрия-Венгрия Сербиядан ўз даъвосидан воз кечишни талаб қилди. Австрия-Венгрия ҳукумати Сербияга қарши урушиш билан таҳдид солди ва ҳатто ўз армиясини қисман сафарбар қилди. Чор ҳукумати урушга тайёргарлиги бўлмаганлиги учун, Босния кризиси кунларидагидёқ, Австрия-Венгрия билан бўлган жанжалда Сербияни қувватлаган бўлса ҳам уруш чиқармасликка ҳаракат қилди.
Сербия яна ён берди. Сербиянинг денгизга чиқиш йўлини қўлга киритмоқчи бўлиб, келгуси 1913-йил кузида қилган яна бир уриниши бир томондан Австрия -Венгрия ва Германия, иккинчи томондан, Сербия ва уни қувватлаган Россия ўртасида янада кескинроқ, жанжал чиқишига олиб келди.
1913-йил январида ҳарбий ҳаракатлар яна бошланиб кетди, лекин турк қўшинлари янгидан-янги мағлубиятга учрайвердилар. Туркия яна сулҳ, тузишни сўради.
Ўша даврдаги нотинч вазиятда ҳар бир халқаро жанжал жаҳон урушига олиб келиши жуда осон эди. 1911, 1912, 1913 йиллардаги сиёсий кризислар умумий урушга олиб келмади, лекин ҳар гал ҳам тинчлик қил устида турарди. 1914-йилги кризис ана шу қилнинг узилишига олиб келди.
28-июнда Серб миллатчилик ташкилотининг агентлари Сараевода Австрия тахт вориси Франц-Фердинантни ўлдирдилар. Австриядаги ҳарбий партия улуғ сербчилик ҳаракатининг бу янги кўринишидан Сербияни тор-мор қилиш учун баҳона сифатида фойдаланишни талаб қилиб чиқдилар. Бироқ аввал герман ҳукуматининг бу хақдаги фикрини билишга қарор қилинди, чунки Сербия билан уруш бошлаш Россиянинг аралашувига олиб келиши осон эканлигини Австрия - Венгрияда яхши тушунардилар.
25 июлда Сербия бош министри Пашич Австрия элчисига жавоб қайтариб унда серб ҳукумати ультиматумининг Сербия учун жуда ҳақоратли бўлган битта шартидан ташқари ҳамма шартларини қабул қилишга рози эканлиги айтилган эди. Сербиянинг ён беришига қарамай, Австрия-Венгрия элчиси дипломатик алоқаларни узиб, дарҳол шу шартни бажаришни талаб қилди. Герман ҳарбийлари томонидан қўллаб-қувватланаётган Австрия-Венгрия ҳукумати воситачилик таклифларининг ҳаммасини рад қилди. Австрия-Венгрия ўз қуролли кучларининг кўпчилик қисмини сафарбар қилиб, 28- июлда Сербияга уруш эълон қилди. 29- июлда чор ҳукумати қисман сафарбарлик ўтказишга, Австрия-Венгрияга қарши ҳаракат қилиши мўлжалланган қисмлар тўпланадиган ҳарбий кругларнигина, шунингдек Қора денгиз ва Болтиқ денгизи флотларини сафарбар килишга қарор қилди.
29- июлгача Берлинда Англиянинг бетараф қолишига умидвор эдилар. Бироқ 29-июлда Англия ташқи ишлар министри Грей Германия элчисига, агар қитъадаги урушга Германия билан Франция ҳам тортилса, Англия Франция томонида туриб уришади, деб тўғридан - туғри айтди.
Агар шу кунга қадар Германия уруш чиқариш учун ҳар томонлама ҳаракат қилиб келган бўлса, энди герман канцлери, кечикиб бўлса ҳам австралияликларни бирон-бир йўл топиб, келишишга рози қилиш учун уриниб кўрди. Аммо Бетман -Гольвегнинг қўрқа —писа қилаётган ҳаракати ҳам герман бош штаби томонидан бўғиб қўйилган эди.
Бу штабнинг бошлиғи кичик Мольтке ҳарбий ҳаракатларни тезроқ бошлашни талаб қилиб чиқди. У бундай музокаралар ҳеч қандай натижа бермайди ва
фойдасиздир, бу музокараларнинг чўзилиб кетиши Германияни урушнинг дастлабки ҳафталарида имтиёзлардан, яъни руслар сафарбарлиги чўзилиб кетганлиги орқасида қўлга киритиладиган имтиёзлардан маҳрум қилади, деб ҳисоблади.
29-июлда герман ҳукумати, Россия бошлаган харбий тайёргарлик тўхтатилмаса, Германия сафарбарликка киришади, деб дўқ урди. Лекин, рус ҳукумати 30-июлда умумий сафарбарлик эълон қилди. Ўша куниёқ Австрия-Венгрия ҳукумати ҳам, Россияда сафарбарлик бошланганлигидан бехабар умумий сафарбарлик эълон қилди. 31-июлда герман ҳукумати ҳарбий тайёргарликни тўхтатишни талаб қилиб Россияга ультиматум топширди. Рус ҳукумати бунга рад жавоби қайтарди ва шундан сўнг 1- августда Германия Россияга уруш эълон қилди. 3- августда герман ҳукумати сохта баённомаларга асосланиб, Францияга уруш эълон қилди. Германия армияси Шлиффен режасига мувофиқ Бельгиянинг бетарафлигини бузиб, Бельгия ҳудуди орқали Францияга йўл олди.
4-августда Грей Берлинга ультиматум юбориб, Бельгиянинг бетарафлигини ҳурмат қилишга қатъий ваъда беришни талаб қилди. Бельгиянинг бетарафлиги масаласи фақат баҳона бўлди, инглиз империалистлари урушда қатнашаётганликларини оқлаш ва жамоатчилик фикрини алдаш учун бу баҳонадан фойдаланишни лозим кўрдилар. Англия ўз ультиматумига жавоб олмагач, 4-августдан 5-августга ўтар кечаси Германияга қарши урушга қўшилди. Биринчи жахон уруши ана шу йўсинда бошланиб кетди. Бу уруш икки империалистик гуруҳ: ўртасидаги рақобат натижаси бўлди.