Қадимги Оссурия. Милоддан аввалги I минг йилликда Яқин Шарқ харитаси ва ундаги кучларнинг ўзаро нисбати тубдан ўзгарди. Халқаро майдонда етакчилик учун янги даъвогар давлатлар шаклланди. Улар ичида Оссурияни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.
Милоддан аввалги VIII асрнинг биринчи ярми Оссурия учун чуқур инқироз ва тушкунлик даври бўлди. Инқироз ҳолати унинг халқаро мавқеига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Оссурия давлатининг ташқи сиёсий қудрати Тиглатпаласар (мил. авв. 745 - 727 йй.) даврида тикланди. У асосий эътиборни ғарб мамлакатларига қаратди. Жанубда ҳам унга омад кулиб боқди. Халдей қабилалари устидан ғалаба қозонди. Тиглатпаласарнинг ўзи Пулу номи билан Бобилда тож кийган.
Синаххериб (мил. авв. 705 - 681 йй) ўз ҳужумларини асосан икки йўналишда (ғарбий ва жанубий) олиб борди. Ғарбда Оссурияга қарши иттифоқ тузилган бўлиб, Синаххериб уни жангда мағлубиятга учратган. Иттифоқ иштирокчилари бирма-бир жазоланган ва улар ҳудуди Оссурияга қарам бўлиб қолган. Ҳукмронлигининг бутун даври давомида Синаххерибнинг ўй-фикрлари Бобилга қаратилган. Оссурияга қарши Бобил - Элам- Денгиз бўйи (Ўрта ер денгизи) араблар иттифоқи мавжуд эди. Милоддан аввалги 689 йилда Синаххериб Бобилни шафқатсизларча яксон қилиб ташлаган. Синаххерибнинг ўғли подшо Асархаддон (мил.авв. 681 - 669 йй.) ҳам "Бобил масаласи"ни ҳал этишни ташқи сиёсатнинг биринчи галдаги вазифаси деб ҳисоблаган. Шарқий йўналишда ҳам Оссурия учун ҳавфли вазият юзага келган. Милоддан аввалги 674 - 673 йилларда Оссуриянинг Каштарити (Фраорт) бошчилигидаги қўзғолонни бостиришга уриниши муваффақиятсизликка учраган. Натижада мустақил Мидия подшолиги барпо этилган ва Мидияликлар Оссурияга қарши тузган иттифоқ тузганлар. Бу иттифоққа маннейлар, киммерийлар, скифлар ва бошқалар кирган. Бироқ Оссурия дипломатияси иттифоқ аъзоларини бир-биридан ажратиб, уларни енгишга муваффақ бўлган. Милоддан аввалги 674 ва 671 йилларда Миср забт этилган аммо Оссуриянинг Миср устидан ҳукмронлиги мустаҳкам эмасди ва узоққа чўзилмаган.
Асархаддон ўғли Ашшурбанапал даврида қаршилик кўрсатувчилар ва қўзғолончилар устидан шафқатсиз жазолар эвазига ҳамда жосуслик фаолиятининг моҳирона тарзда йўлга қўйилганлиги ва тажрибали дипломатик ҳаракатлар туфайли Оссурия гегемон мақомини вақтинчалик сақлаб қолган. Бунга киммерийлар ва скифлар билан тузилган иттифоқ ҳам ёрдам берди. Милоддан аввалги VII аср ўрталарида мамлакатда сиёсий инқироз авж олган. Оссурияга қарши янги иттифоқ шаклланиб, эламликлар, халдей-арамей князликлари ва Ўрта ер денгизи бўйи қабилалари, Сурия, Финикия ва Оссуриянинг вилоятларида кенг кўламли қўзғоланлар авж олган. Оссурия, иттифоқчиларнинг ўзаро зиддиятларидан фойдаланиб, бу сафар ҳам қўзғолонни шафқатсизларча бостиришга еришган.
Бироқ, ич-ичидан емирилган Оссурия Бобил ва Мидиядан иборат қудратли иттифоққа қарши дош беролмади ва парчаланиб кетди.
Оссурия дипломатияси тарихига оид манбаларда талайгина ва ранг-баранг маълумотлар мавжуд. Манбалар ичида энг йириги қадимги Ниневия ҳаробаларидан топилган Ашшурбанипалнинг улкан кутубхонаси ҳисобланади.
Оссурия ва унга қарам бўлган давлатлар ўртасида шартномаларнинг дан қатъий назорат ўрнатилган. Шартномани тузиш маросими сехр-жоду ва турли амаллар, худоларни ўртага қўйиб қасам ичишлар билан амалга оширилган. Шартномани бузиш энг табаррук қоидаларидан хатлаб ўтишни англатган ва шафқатсизларча жазоланган. Лекин шартномалар оссурияликларнинг ўзлари томонидан тез-тез бузилиши оддий ҳол ҳисобланган.
Турли давлатлар билан дўстона муносабатларни қадрлаган Оссурия подшолари сулолавий никоҳ ва ҳукмрон хонадонлар билан қариндошлик алоқаларини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратганлар. Оссурия давлати ҳукмронлиги даврида гаровга олиш амалиёти тинчлик муносабатларини кафолатлаш, имзоланган шартномаларга риоя қилиш, Оссурия ҳокимиятига бўйсуниш элементларидан бири сифатида кўп бора қўлланган. Тобе подшолар ўз ўғилларини, яқин қариндошларини содиқлик кафолати сифатида Оссурия ҳукмдорлари саройига юборишга мажбур бўлганлар. Бошқа давлатлардан келган шоҳ наслига оид қочоқлар ҳукмдор томонидан жуда яхши қабул қилинган ва саройда ушлаб турилган. Улардан сиёсий ўйинлар вақтида фойдаланганлар.
Иш юритиш Оссурия давлатида икки тилда - аккад тилининг оссурия шевасида ва арамей тилида олиб борилган. Давлат номидан музокараларни подшолар, шаҳзодалар, тахт ворислари, подшо амалдорлари олиб борганлар. Олий табақага мансуб элчилар “абаракку”, “рабшаку”, оддий чопарлар "мар шипри" деб номланган. Оссурияда жосуслик хизмати йўлга қўйилган бўлиб, бу иш билан тахтга вориси шуғулланган.