Таълим социал институт сифатида – бу улкан тизим бўлиб, ходимлар, бошқарув аппарати ва алоҳида жараёнларга суянадиган мавқе ва роллар, ижтимоий меъёрлар ва мавқелар, ижтимоий ташкилотларнинг (муассаса, корхона, университет, академия, фирма ва бошқалар) жамулжамлигини қамраб олади. Таълим тизими институт сифатида қуйидагиларни ўз ичига олади:
таълимни бошқариш ташкилотлари ва уларга қарашли муассаса ва ташкилотлар;
таълим муассасалари тармоғи (мактаблар, коллежлар, лицейлар, институт, университетлар, академиялар ва бошқалар), шунингдек малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтлари.
ижодий уюшмалар, профессионал ассоциациялар, жамиятлар, илмий ва услубий кенгашлар ва бошқа бирлашмалар;
фан ва таълим инфратузилмасига қарашли муассасалар: лойиҳалаш, ишлаб чиқариш, клиник, тиббий-профилактик, фармацевтик, маданий-маърифий муассасалар, босмахоналар ва бошқалар;
таълим дастурлари ва турли даража ва йўналишдаги давлат таълим стандартлари;
ўқувчи-талабалар ва ўқитувчилар учун дарсликлар ҳамда ўқув-услубий қўлланмалар;
илмий тафаккурнинг энг сўнгги ютуқларини ўзида намоён қилувчи вақтли нашрлар (булар сирасига журналлар ва йиллик нашрлар киради)
Таълим борасида инсонларнинг ўзаро муносабатини белгилаб берувчи ва ташкиллаштирувчи меъёрлар мажмуи таълимнинг ижтимоий институт эканини кўрсатмоқда. Фан ва таълимга биргаликда «ижтимоий макроинститут» сифатида қаралади (шу жумладан давлат, ҳуқуқ, оила, иқтисод, соғлиқни сақлаш ва шу сингари макроинституционал таълимлар) ҳамда у иккита асосий функционал ўзаро боғланган гуруҳдан, яъни илмий ҳамжамият ва илмий расмиятчиликдан иборат. Ушбу гуруҳлар тузилиши жиҳатидан маълум мавқе ва ўрнига эга. Таълим вазифасига қуйидагилар киради:
билимни авлоддан-авлодга етказиб бериш (трансляция қилиш) ҳамда маданиятни тарқатиш;
жамият маданиятини вужудга келтириш ва асраб-авайлаш;
шахснинг ижтимоийлашуви, айниқса ёшларга эътибор ва уларнинг жамиятга кириб боришини назорат қилиш;
шахснинг мавқейини белгилаш;
ижтимоий саралаш (селекция), жамият аъзоларини, биринчи навбатда, ёшларни табақалаш, бунинг натижасида, жамиятнинг ижтимоий тузилмасини ўзгартириш ва қайта ишлаб чиқариш амалга ошади, индивидуал мобиллик таъминланади;
ёшларнинг касбий сараланишини ва касбий йўналтирилишини таъминлаш;
навбатдаги узлуксиз таълим учун билим базасини яратиш (лицей-коллеж, олий ўқув юртлари, аспирантура, турли ўқув курслари ва бошқалар);
ижтимоий маданий инновациялар, янги ғоя ва назариялар, янгилик ва ихтироларни ишлаб чиқиш ҳамда яратиш;
ижтимоий назорат.
Таълим даражаси бевосита меҳнат заҳираларини тайёрлаш сифатига, шу жумладан, тўлалигича иқтисодиёт ҳолатига боғлиқ. Япония айнан таълим тизимини модернизация қилар экан, иқтисодий муҳитда сифатли илгарилашга мувваффақ бўлди.
Сифатли таълим нафақат алоҳида бир инсон учун, балки умуман жамият учун фойдалидир. Унинг шарофати билан ҳар бир шахс бизнесда яхши фаолият олиб бориш, сиёсий ва маданий соҳада анча яхши мавқени эгаллаши учун умид қилиши мумкин. Таълим тизими туфайли мамлакат юқори малакали ишчи-хизматчиларга эга бўлади. Бу эса ўз ўрнида меҳнат унумдорлигини оширишга, янги технологияларни жалб қилишга, ижтимоий тараққиётда олдинги марраларни эгаллашга олиб келади.
Жаҳон ҳамжамияти барча давлатлар бюджетида таълим юқори ўринда туриши керак деган қарорга келди. Кўпгина ривожланган мамлакатларда таълим тараққиёти учун давлат томонидан ажратилаётган маблағ салмоқли ўринни эгаллайди. Ривожланаётган мамлакатларда эса ушбу маблағ ўн баробар камроқни ташкил этади, ўртадаги номувофиқлик эса йилдан-йилга ортиб бораётир. Таълим шарофати билан ривожланган мамлакатлар ялпи миллий маҳсулотнинг 40% ортишига эришмоқда. Аслини олганда, экспертларнинг тан олишларича, таълим тараққиёти учун ажратиладиган салмоқли сармоялар ўзини оқлай оладиган соҳага пул сарфлашни англатишини таъкидлаш жоиз. АҚШ президентларидан бири бу борада шундай деган эди: «Америкада кучли институтларнинг мавжудлиги Американинг бадавлат эканлигини англатмайди, балки Америка унда кучли университетлар мавжудлиги туфайли бойлигини билдиради». Оқ уйдаги илм-фан бўйича Кенгаш маърузасида таъкидланишича, «Америка жамиятининг фаровонлиги университетлардаги аҳволга бевосита боғлиқдир».
Мутахассисларнинг таъкидлашича, айнан ёшларга қаратилган таълим тизимига сармоя ажратиш ҳар доим ўзини оқлайди. Шунингдек, таълим масаласига эркакларга қараганда кўпроқ ёш аёллар жалб этилиши зарур ҳисобланади. Ушбу фикр биринчи галда унча ҳаққоний эмасдек туюлади. Аммо гап шундаки, агар аёллар уй бекаси бўлиб, ҳеч қачон меҳнат бозорига чиқмаган тақдирда ҳам эркаклар эмас, айнан аёллар бола тарбиясида ҳал қилувчи ролни ўйнайди, бу эса мамлакат ривожланишининг асосий пойдевори ҳисобланади.
Ўқиш маълум бир мутахассисликни эгаллашга олиб келади, таълим эса метаквалификацияга, яъни янги илмларни излаш ва ўзлаштиришни енгиллаштирадиган билимлар тизимини яратишга изн беради. Америка фермерлари ўрта маълумот ҳамда фермада ишлаш тажрибасини берган нафақат юқори малака эгаси бўлишса-да, балки метаквалификацияга ҳам эга кишилар ҳисобланади, бу уларга кимга ва қачон, масалан, юристга, ветеринарга, таъминот бўйича маҳаллий агентга, университетнинг ўсимликлар патологияси факультети хизматчисига, улгуржи харидорга, метеорологга, механикка маслаҳат билан мурожаат қилишлари борасидаги етарли билимларни бера олади. Кўриниб турибдики, метаквалификация гарчи ўзининг шахсий тажрибасидан йироқда бўлса-да, шахснинг керакли маълумотларни қидириб топиши ва татбиқ этиши учун имкониятларни очиб берар экан.
Таълим социал институт сифатида барча даражаларда, жумладан, мактаб ва олий ўқув юрти шароитида ўзини мураккаб кўп тармоқли тизим – ижтимоий ташкилот сифатида намоён қилади. Ўрта таълим даражасида у таълим вазирлиги, жойлардаги ҳудудий ва шаҳар бўлимлари, минглаб мактаблар, коллеж ва олий ўқув юртлари, миллионлаб ўқувчилар, талабалар, ўқитувчилар ва улар билан боғлиқ хизмат кўрсатиш мутахассисларини ўз ичига олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |