Социал гуруҳ тушунчаси ва унинг турлари.
Социал бирликларнинг асосий шакли социал гуруҳлар ҳисобланади. Жамият ҳаётий воқеликда кўплпб социал гуруҳларнинг мажмуаси сифатида намоён бўлади. Инсон ҳаёти туғилганидан то ўлимига қадар социал гуруҳ аъзоси сифатида ўтади: оила, мактаб, ишлаб чиқариш, спорт командаси, дўстлар давраси ва ҳ.к. Социал гуруҳ жамият ва инсон ўртасида боғловчи бўғин бўлиб хизмат қилади. Ушбу муҳитда социал жараёнлар пайдо бўлади ва ривожланади. Инсон маълум бир гуруҳ аъзоси сифатида жамият ҳаётида иштирок этади ва шу жамият аъзоси эканлигини англайди. Инсоннинг турли гуруҳларга аъзолиги унинг жамиятдаги мақоми ва авторитетини белгилаб беради.
Кишилар ўз ҳаёт фаолиятлари давомида бирлашадиган гуруҳлар масаласи нафақат социал психология фанининг, балки социологиянинг ҳам муҳим масаласи ҳисобланади. Ижтимоий муносабатлар, асосан социал гуруҳлар ўртасидаги муносабатларда намоён бўлади. Кишилик жамиятида ниҳоятда кўп турли-туман жамоалар, уюшмалар, бирликлар, ташкилотлар мавжуд. Инсон бутун ҳаёти давомида гоҳ эҳтиёждан, гоҳ манфаат юзасидан, гаҳо мажбурийликдан, баъзан ўзи хоҳламаган ҳолатда юқорида таъкидланган гуруҳларга аъзо бўлади ва уларнинг вакили бўлиб қолади. Мана шу кишилик жамоаларини қандайдир мезон (белги,хусусият) билан нисбатан маълум гуруҳларга ажратиш – социологик таҳлилнинг ғоят муҳим ва жиддий масаласидир. Олдиндан шуни қайд қилиб ўтиш лозимки, гарчи «социал гуруҳ» атамаси социал тадқиқотларда кенг кўламда қўлланилса ҳам, лекин социологик тушунчалар категориясига мувофиқ келадиган мақомига ва назарий асосига эга эмас. Бу тушунча ижтимоий фанлар доирасида яққол категорияли хусусиятга эга ва ижтимоий муносабатлардаги ўзига хос субъектни аниқлаш учун ишлатилади. «Гуруҳ» тушунчаси ижтимоий фанлар орасида иккита маънога эга. Бир томондан, у бирор умумий белгига қараб кишиларни маълум тоифаларга ажратилганда қўлланилади (кўпинча статистикада, демографияда) Баъзан бу маънода «гуруҳ» атамаси психология фанида ҳам ишлатилади. Масалан, тест синовлари натижаларига қараб, кишиларни у ёки бу гуруҳларга ажратиш мумкин.
Иккинчи томондан, ҳамма ижтимоий фанлар доирасида гуруҳ деганда, реал мавжуд кишилар бирлиги тушунилади. Бу ҳолатда одамлар умумий белгилар, фаолиятларининг хилма-хиллиги ёки бирор шарт, ҳолатлар билан бирлашадилар ва маълум маънода ўзларини мавжуд бирлик вакили эканликларини ҳис қиладилар. Масалан, талаба ўзини талабалар гуруҳининг аъзоси сифатида ҳис қилади.
Илмий адабиёт билан танишиш «социал гуруҳ» атамасини, биринчидан, жуда кенг қўлланилаётганлигини, иккинчидан турли ҳодисаларга нисбатан ишлатилаётганлигини кўрсатаяпти, қайси нуқтаи назар қарашларидан қатъий назар, конкрет ижтимоий фан вакиллари гуруҳларни социал-иқтисодий, социал-демографик, социал-психологик ва бошқа гуруҳларга ажратадилар.
Гуруҳ – бу, хатти-ҳаракатлари расмий ва норасмий институтлар томонидан бошқариладиган, маълум норма ва қадриятларга эга бўлган, бошқа бирликлардан ўз хусусиятлари билан фарқ қиладиган, бир-бирлари билан ижтимоий муносабатлар тизими билан боғланган кишилар йиғиндисидан иборат бўлган социал бирликдир.
Гуруҳга хос характерли хусусиятлар қуйидагилар: гуруҳ сони; ички ташкилот, яъни институтлар, назорат шакллари; фаолият намуналари; норма ва қадриятлар; фарқ қиладиган хусусиятлари.
Гуруҳ сони дейилганда, мавжуд бирликни ҳажм жиҳатдан ташкил этадиган аъзолар йиғиндиси тушунилади, ҳозирги кунгача социалогияда аъзолар сони қанча бўлиши кераклиги ҳақида аниқ бир тўхтамга келингани йўқ. Бу тўғрисида гуруҳ турлари ҳақида сўз кетганда гапириб ўтилади.
Гуруҳ ўз сони ва аъзолари сонини чегаралаши ёки чегарамаслиги мумкин. Мана шу асосга кўра, гуруҳларни «берк» гуруҳлар, яьни янги аъзоларни қабул қилишда аниқ мезон қўядиган гуруҳлар; чегараланган гуруҳлар, яъни гуруҳ аъзолигига қабул қилиш мезони кам талабчанлик билан қабул қилинадиган гуруҳлар. Шунингдек, ниҳоят хоҳлаган киши кириши мумкин бўлган очиқ гуруҳлар ва бу гуруҳларда аъзоларга нисбатан аниқ талаблар кўйилмайди, кўпинча гуруҳлар аъзо қабул қилиш ва аъзоларнинг гуруҳдан чиқиши учун аниқ талаб қўяди. Бунинг натижасида гуруҳнинг бир хиллиги ва унинг таъсир доираси таьминланади.
Гуруҳнинг пайдо бўлиши учун ички ташкилот, яъни институтлар, назорат шакллари, фаолият намуналари бўлиши керак. Шунинг учун ҳам ўз шахсий ташкилотига эга бўлмаган, фақатгина контактлар (алоқаларга) асосланган эркин социал бирликлар гуруҳ деб аталмайди.
Гуруҳ ўзининг шахсий норма ва қадриятларига, яъни бирлашиш марказига эга бўлиши керак. Буларга ғоялар, рамзлар, шиорлар, мақсадлар, моддий предметлар ва бошқаларни киритиш мумкин. Булар гуруҳда кишиларни гуруҳга мансублик ва бирлашиш ҳиссини уйғотиш ва ривожлантириш учун зарур.
Бу қадриятлар асосида гуруҳда «биз» сўзи билан ифодаланадиган бирлик ҳисси пайдо бўлади. Бу ҳис кишиларни бирлаштирадиган психик (руҳий) алоқа ҳисобланади.
Ниҳоят, гуруҳ ўзининг шахсий фарқ қиладиган хусусиятларига эга бўлиши керак. Булар ёрдамида гуруҳ бошқа социал бирликлардан фарқ қилади. Бундай хусусиятлар аввало, бир ҳудудда яшаш, алоҳида ритуал ҳаракатлар, тил, мафкура ва бошқалар ҳисобланади.
Бу 4 шарт жуда кўп гуруҳларни таърифлаш учун қўл келади. Бу ҳақда гуруҳларни таснифлаш (классификация қилиш) жараёнида тўхталиб ўтамиз. Чунки бу шартлар нисбий характерга эга. Булар кўпгина гуруҳларни қаноатлантирса ҳам, баъзи гуруҳларни таҳлил қилиш вақтида тўғри келмаслиги мумкин.
Гуруҳлар энг аввало миқдор жиҳатдан катта ва кичик гуруҳларга бўлинади. Социология ва «Социал психология» фанлари катта социал гуруҳлар ўзининг аниқ таърифига эга эмас. Умуман, катта социал гуруҳ деганда, аъзолар сони кўп бўлган кишилар гуруҳлари тушунилади. Катта социал гуруҳларнинг ўзига хос хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
аъзолар сонининг кўплиги;
ягона ҳудуднинг мавжуд эмаслиги;
аъзолар ўртасидаги алоқаларнинг асосан оммавий алоқа воситалари орқали ўрнатилиши;
гуруҳ тузилишининг мураккаблиги, аниқроқ қилиб айтганда, бу гуруҳлар кўп расмий ва норасмий, уюшган ва уюшмаган гуруҳларни ўз ичига олади.
Катта гуруҳлар икки турга бўлинади.
1. Тасодифий, стихияли пайдо бўладиган ва қисқа вақт мавжуд бўладиган гуруҳлар. Буларга оломон, халойиқ (публика), аудитория ва бошқаларни киритиш мумкин.
2. Тарихий ривожланиш натижасида вужудга келган ва жамият ижтимоий муносабатлари тизимида маълум ўринга эга бўлган бирликлар. Бу турдаги гуруҳларга социал синфлар, турли этник гуруҳлар (эллат, халқ, миллат), касбий гуруҳлар, жинсий ва ёшга оид гуруҳлар (ёшлар, аёллар, кексалар) ва бошқа гуруҳларни киритиш мумкин.
Катта социал гуруҳларда кичик гуруҳларда йўқ бўлган хатти-ҳаракатни бошқариб турадиган ўзига хос куч мавжуд. Бу ҳуқуқлар, урф-одатлар ва анъаналардир.
Катта гуруҳ билан кичик гуруҳ ўртасида ўрта гуруҳ ҳам бор. Аммо гуруҳ муаммоси билан шуғулланаётган социологлар фикрича, ўрта гуруҳлар, уларнинг структураси, алоқаси, унда бўладиган ҳодиса ва жараёнлар моҳият жиҳатдан каттароқ гуруҳларга хосдир. Кичик ва катта гуруҳлар ўртасидаги фарқни кичик гуруҳнинг йириклашуви ва унинг катта гуруҳга айланиши жараёнида кўриш мумкин. Масалан, бир ёки бир нечта таниқли кишилар атрофида бирлашган 40-45 кишидан иборат партия кичик гуруҳдир, чунки бу гуруҳ вакилларининг шахсан бир-бирларини танишлари (билишлари) кичик гуруҳга хос бўлган хусусиятни беради.
Кичик гуруҳлар деганда, кўпи билан бир неча ўнлаб аъзолардан иборат бўлган кам сонли гуруҳлар тушунилади. Бу гуруҳлар кўпинча самимий дўстона муносабатларда бўлади, гуруҳ аъзолари ўртасидаги бевосита ўзаро алоқалар устун туради, гуруҳ аъзолари ўртасидаги муносабатлар норасмий институтлар ёрдамида тартибга солинади. Бундан ташқари, махсус вазифаларни бажаришга мўлжаллаган, юқори даражада шакллаган кичик мақсадли гуруҳлар ҳам мавжуд. Бу гуруҳларда аъзолар ўртасидаги муносабатлар махсус хизмат кўрсатмалари билан тартибга солинади. Яширин ишлаётган партия ячейкаси бунга мисол бўла олади. Кичик гуруҳларга оилани, дўстларни, қўшниларни, ишлаб чиқариш бригадасини ва бошқа гуруҳларни киритиш мумкин.
Кичик социал гуруҳларнинг турлари жуда кўп. Улар турли мезонларга қараб турларга ажратилади. Гуруҳ муносабатлари тузилмасига қараб кичик социал гуруҳлар расмий ва норасмий гуруҳларга, аъзолар ўртасидаги муносабатларнинг яқинлигига қараб эса бирламчи ва иккиламчи гуруҳларга, гуруҳга аъзо бўлиш ва бўлмаслигига қараб аъзоли ва референт гуруҳларга бўлинади. Санаб ўтилган гуруҳларни бирма-бир кўриб чиқамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |