Моноаммонийфосфат ва диаммонийфосфат ишлаб чиқариш. Термик фосфат кислотадан олинадиган аммоний фосфатлари юқори тозаликка эга ва асосан, озиқ-овқат, фармацевтика саноатларида ва бошқа мақсадлар учун ишлатилади. Термик кислотада 77% дан ортиқ Н3РО4 бўлмайди. Бошланғич кислотага кристаллантириш босқичида қоладиган эритма аралаштирилади ва уни NH3:H3PO4 моляр нисбати ~1 га тенг бўлгунча нейтралланади, ҳосил бўлган моноаммонийфосфат суспензияси қўшимча кристалланиши учун совутилади. Сўнгра кристаллар фильтрланади, қуритилади, эритма эса реакторга қайтарилади.
Кристалл тарзидаги диаммонийфосфат олиш икки босқичда ўтказилади, чунки барча аммиакни бирданига берилиши ҳисобига масса кучли даражада қизийди ва жуда қуюқ суспензия ҳосил бўлади, бу эса аммиакнинг йўқотилишига олиб келади. Термик кислота (47-48% Р2О5) NH3:H3PO4 0,7 нисбатгача нейтралланади, суспензия кристалланиш циклидан қайтган эритма билан аралаштирилади ва вакуум кристаллизаторга юборилади, у ерда етарли даражагача аммонийланади. Совутилган суспензия қуюлтирилади, центрифугада диаммонийфосфат кристаллари ажратилади ва тўғри оқимли барабанли қуритгичда қуритилади.
Жараённи битта босқичда ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда 75-85% ли термик фосфат кислота ва аммиак гази ичида кристалланиш циклидан қайтарилган эритма бўлган сатураторга мунтазам бериб турилади. Реакцион масса орқали ҳаво пуркалиши натижасида сувнинг буғланиши ҳисобига ҳароратни 60-70ОС да ушлаб турилади. Сатураторда ҳосил бўладиган диаммонийфосфат кристаллари центрифугага суспензия тарзида чиқарилади, унда ажратиладиган эритма сатураторга қайтарилади. Бу жараённинг ва сатураторнинг схемаси худди аммоний сульфат олишдаги каби бўлади.
Экстракцион фосфат кислотани нейтраллашда чўкмага ажраладиган қўшимчалар тайёр маҳсулот таркибида қолади, уни ифлослантиради ва асосий компонентлар миқдорини камайтиради. Экстракцион фосфат кислотадан нисбатан тоза маҳсулот олиш учун нейтралланиш жараёнини икки босқичда ўтказиш мумкин. Биринчи босқичда буғлатилмаган кислота рН 44,5 гача нейтралланади, бунда қўшимчаларнинг кўп қисми чўкмага ажралади, сўнгра уларни асосий эритмадан ажратилади. Фильтрланган чўкма 5-6% намликкача қуритилади ва у антипирен сифатида ишлатилиши мумкин. Чўкма таркибида 5% NH3 ва 30-35% ўзлашадиган шаклдаги Р2О5 бўлади. Агар экстракцион фосфат кислотада магний ионлари (масалан, уни Қоратоғ ёки Қизилқум фосфоритидан олинган) бўлса, унда биринчи босқич нейтраллашдан магнийаммонийфосфат NH4MgPO4 чўкмага тушади, уни ажратиб олиш ва қуритиш натижасида азотнинг цитратли эрувчан шаклдаги азотли-магнийли ўғити сифатида истеъмолга чиқарилиши мумкин.
Таркибида, асосан, моноаммонийфосфат бўлган эритма вакуум остида 34-36% Р2О5 бўлгунча буғлатилади. Тозаланган ва қисман нейтралланган эритмани буғлатиш, олдиндан фосфат кислотани буғлатилишга нисбатан анчагина содда ва коррозияланиш кам бўлади. Чунки фосфат кислота буғлатилганда буғлатиш жиҳозларининг қиздириш элементларига қуйқа ёпишиб қолади, кучли кислотали муҳитда ва юқори ҳароратда коррозияланиш тезлашади. Буғлатилган тозаланган эритма 18-20ОС гача совутилиб, моноаммонийфосфат олинади. Чўкмага тушган кристаллар центрифугада ажратилади ва қуритилади. Эритма эса буғлатиш циклига қайтарилади.
Диаммонийфосфат олиш учун буғлатилган моноаммонийфосфат эритмаси иккинчи босқичда рН 8 гача қўшимча аммиак билан тўйинтирилади. Аммиак йўқотилишининг олдини олиш учун тўйинтириш 80ОС дан паст ҳароратда ўтказилади. Сўнгра диаммонийфосфат эритмаси кристаллантиришга юборилади, центрифугаланади ва ажратилган диаммонийфосфат қуритилади. Диаммонийфосфатдан аммиакни йўқотилишини ва моноаммонийфосфатга айланишини олдини олиш учун уни 60ОС да қуритилади. Моноаммонийфосфатнинг қуритилиши эса 100-110ОС гача ўтказилиши мумкин. тасвирланган қурилмада термик фосфат кислотадан ҳам, экстракцион фосфат кислотадан ҳам моно- ёки диаммонийфосфат ишлаб чиқарилиши мумкин.
.
Do'stlaringiz bilan baham: |