3. Мамлакатни модернизациялаш шароитида Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субектлари фаолиятини ривожлантиришнннг мамлакатимиз ва хориж тажрибасини таҳлил этиб, фақат уларга хос бўлган қуйидаги устувор хусусиятларни кўрсатиш мумкин. Яъни: мулкдорлар сонини ортириш имкониятининг мавжудлиги; аҳоли даромадларини ошириш мумкинлиги; нисбатан камроқ ҳажмда капитал харажатларни амалга ошириш орқали янги иш ўринларининг ташкил этиш мумкинлиги; расмий равншда мутахассисликка эга бўлмаган ходимларни иш жойларида касбий йўналтириш орқали, янги иш ўринларининг ташкил этиш мумкинлиги: рақобат муҳитини шакллантириш мумкинлиги; нисбатан қисқа муддатларда сарфланган капитал кўйилмалар ўзини оқлаши ва шу кабилардир.
Мазкур ҳолатлар ва хусусиятлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги аҳамиятини ҳамда республикамизда уни ривожлантириш заруриятини белгилаб беради. Бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга таъсир этувчи муҳим омиллардан бири бу соҳада тузилмавий шаклланишни кучайтириш ва улар фаолиятини молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳисобланади.
Тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш масаласи мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан биридир. Кейинги йилларда ушбу соҳа жадал суръатлар билан равнақ топиб, аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини таъминлашда етакчи кучга айланди.
Замонавий бозор иқтисодиёти асосида ривожланаётган бир қатор мамлакатларда йирик корхоналарнинг ички бўлинмалари бажарган аввалги кўп функсиялардан воз кечиш ва бу функсияларни кичик корхоналарга бериш жараёни кузатилмоқда. Айнан шу сабабларга кўра, йирик саноат корхоналари сони қисқариб, кичик корхоналар сони ўсиб бормоқда. Бу жараён бозор иқтисодиётининг динамик, ҳаракатчан, янгиликларга ҳозиржавоб тарзда ўсиши, бозордаги талаб ва унинг ўзгаришига тез мослашувчан бўлишини таъминлайди. Шунга мувофиқ, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар корхоналари билан риқобатдошлик даражаси ортишига имкон берадиган энг муҳим омиллардан бири кичик корхоналарнинг бутун бир тармоғини вужудга келтиришга имкон берадиган қулай шарт-шароитларни яратишдан иборат бўлиб, бундай корхоналар йиғиндиси рақобатли бозор муҳитини яратишга имкон беради.
Демак, мамлакатимиз минтақаларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланадиган корхоналарга алоҳида эътибор қаратиш, бу жараён янги инновациялар, ташаббускорликни талаб этишини англаб, айни шу асосда иқтисодий ривожланишни таъминлаш мумкин. Шундай экан, минтақалардаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган корхоналар раҳбарлари фан ва техника соҳасидаги энг сўнгги инновацияларни ишлаб чиқаришга жорий этишга алоҳида эътибор қаратишлари лозим4.
Кичик бизнесни ривожлантириш билан боғлиқ тадбирлар, тизимли равишда олиб борилаётган иқтисодий сиёсат натижасида мазкур соҳанинг ялпи ички маҳсулотни яратишдаги улуши йилдан-йилга ошиб бормоқда. Яратилаётган янги иш ўринларининг катта қисми ҳам айнан шу соҳага тўғри келмоқда. Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида хўжалик юритувчи субектлар фаолиятини тубдан ўзгартириш ва улар томонидан ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантиришни шиддатли рақобат шароитидаги ўз иқтисодий эчимини кутаётган долзарб масалалардан бири сифатида эътироф этиш мумкин.
Бугунги кунга келиб, мамлакатимизда турли мулкчилик муносабатларининг шаклланиши, шу билан бирга хўжалик юритувчи субектлар ўртасида мулкдорларнинг ўрта синфи шаклланиши, аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш учун ички бозорни рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш вазифаларининг мавжудлиги, аҳоли бандлигини ошириш мақсадида янги иш ўринларини яратиш ва шу асосда аҳоли даромадларини кўпайтириш ҳамда фаровонлигини оширишнинг муҳим омили сифатида юртимиз тараққиёти йўлидаги фаол ҳаракатлантирувчи куч сифатида хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш асосий мақсадлардан бири бўлиб ҳисобланади.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти соҳасида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар қуйидагилардан иборат:
* тадбиркорлик субектларига ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш учун зарур бўладиган ер ажратиш соҳасидаги камчиликлар;
* тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги мутахассислар этишмовчилиги;
* тадбиркорлик фаолияти ривожидаги маркетинг муаммолари;
* тадбиркорлик фаолияти маҳсулотларини аккредитация қилиш ва сертификатлаштириш масалаларини такомиллаштириш.
Тадбиркорлик фаолиятида юзага келаётган муаммоларнинг асосий қисми фаолиятни бошқарув жараёнида мотивациявий омиллардан фойдаланмаслик ва уни кенг қўлламаслик ҳамда тадбиркорнинг керакли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмунига тушунмаслиги, ўз вақтида давлат бошқарув органларига мурожаат қилмаслиги сабабли салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда.
Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришнинг ташкилий, иқтисодий ва ҳуқуқий мотивацион омилларидан ташкилий мотивацион омилларини кўрадиган бўлсак, у қуйидагилардан иборат:
* тадбиркорлик фаолиятини бошқаришда мотивацион омилларга таянган ҳолда қарорлар қабул қилиш;
* самарали бошқариш усулларини ишлаб чиқиш;
* ходимлардан интизомлиликни талаб этиш;
* ўз қобилиятини ишга солиш;
* инновацион фаолиятни такомиллаштириш;
* тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашувчи ташқи ҳамкорлар билан муносабатларни яхшилаш;
* яратилган маҳсулот ва хизматларнинг экспорт даражасини ошириш йўлларини ишлаб чиқиш;
* тадбиркорлик фаолияти натижалари бўйича давлат органларига ҳисоботлар топшириш механизмини тубдан такомиллаштириш.
Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришнинг иқтисодий мотивацион омиллари қуйидагилардан ташкил топган:
* рағбатлантириш механизмини такомиллаштириш;
* ўринсиз текширувларни бартараф қилиш чораларини ишлаб чиқиш;
* молиявий қўллаб-қувватлашда молиявий институтларнинг ролини ошириш;
* солиққа тортиш ва солиқ юкини янада камайтириш ва рағбатлантириш;
* иқтисодий маслаҳат хизматлари фаолиятини ривожлантириш;
* ишлаб чиқаришда хом ашё ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш;
* ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини янада такомиллаштириш.
Ҳуқуқий-мотивацион омилларга:
* тадбиркорлик фаолиятига оид қонунчилик базасини такомиллаштириш;
* ходимларга белгиланган мажбуриятлар бажаралишини назорат қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқиш;
* раҳбарнинг жамоа барча аъзоларига адолатли бўлишини таъминлаш;
* вазифаларни ходимларнинг ҳуқуқий бурчларидан келиб чиқиб аниқ режалаштириш;
* ходимларга мажбурий жазо-чораларни қўллаш;
* ходимлар ўртасида ошкораликни таъминлаш;
* тадбиркорлик фаолиятига доир ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар билан таништириш ва улардан фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларини амалга ошириш кабилар киради.